Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Бухорода ҳам бахшичилик ривожига йўл очилмоқда (фото)

Бухорода ҳам бахшичилик ривожига йўл очилмоқда (фото)

Фото:«Xabar.uz»

Сурхондарёда бўлиб ўтаётган I Халқаро бахшичилик санъати фестивали Бухорода ҳам қадимий бахшичилик ва достончилик санъатига асос солиб, уни янги босқичда юксалтириб, вилоятда бахши-шоирлар ижодий мактабини яратишда дастуриламал бўлди. Бу ҳақда Бухоро вилояти ҳокимлиги Маданият бошқармаси бошлиғи Йўлдош Кенжаев маълум қилди.

—Бухоройи шарифда санъатнинг турли йўналишларида эътирофга сазовор бетакрор ишлар амалга оширилган бўлишига қарамай, бахшичилик санъати энди-энди кўз очмоқда. Ушбу йирик анжуман Бухорода ҳам бахшилар мактабини яратишимиз учун жуда катта туртки бўлди. Миллий қадриятларимизни тиклаб, юксак бадиий ижод асосида яратилган номоддий мерос дурдоналарининг қадимий анъаналарини ривожлантириш учун бор имкониятимизни ишга соламиз,—деди вилоят Маданият бошқармаси бошлиғи Йўлдош Кенжаев.

Биринчи халқаро бахшичилик санъати фестивали муносабати билан ташкил этилган Бухоро павильони Анжуманга турли вилоятлар ҳамда хорижий давлатлардан ташриф буюрган меҳмонлар эътиборида бўлди. «Мавжи Бухоро» фольклор жамоаси, «Бухоро гўзаллари» рақс дастаси, театрлаштирилган тарихий шахслар сиймолар, ҳавода муаллақ турувчи дарвешлар чиқишлари кўпчиликда қизиқиш уйғотди.

Халқ амалий безак санъати тури—зардўзликда шуҳрат қозонган уста ҳунарманд Нодир Расулов, патдўз Феруз Жўраев, мис-кандакор Жасур Қосимов, ипак-гилам тўқиш ҳамда каштачилик чеварлари Сурайё Ҳалимова, Вазирабону Атоева ва бошқа ҳунармандларнинг кўргазмалари воҳанинг ўзига хослиги намоён этди.

Фестивалда бухоролик иштирокчилар томонидан «Нодир китоблар» кутубхонаси ташкил этилиб, нодир китоб ҳамда қўлланмалар билан бойитилди. Нодир халқ достонлари ва термалари аудио, видео шаклларда ёзилиб, ташриф буюрганларга тарқатилди.

Лайло Ҳайитова

 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг