Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Иноят Садикова

Онамнинг «Бундан баттари бўлиши мумкин эди; ўлимдан бошқанинг имкони бор», деган гапларини доим ёдимда сақлайман.

«Назира» — 1944—2007-йилларда яшаб ўтган қашқадарёлик биринчи тадбиркор аёл ҳақидаги таъсирли филм

«Назира» — 1944—2007-йилларда яшаб ўтган қашқадарёлик биринчи тадбиркор аёл ҳақидаги таъсирли филм

«Назира» филмининг премераси

Фото: «Xabar.uz»

Шу йилнинг 19 декабр куни режиссёр Жаҳонгир Қосимов суратга олган «Назира» филмининг премерасига бориш насиб қилди. Филмни раҳматли Назира Шодмонованинг ўғли молиялаштирган.

Филм 1944—2007-йилларда яшаб ўтган қашқадарёлик биринчи тадбиркор аёл Назира Шодмонованинг ҳаёт йўлига бағишланган. У шўролар даври, Иккинчи жаҳон уруши йилларида дунёга келади. Ўсмирлиги эса пахта далаларида ўтади. Ҳаётнинг аччиқ зарбаларига дош берган, қийинчиликларни ўзгача матонат билан шахдам босиб ўтган ўн фарзанднинг онаси мустақил Ўзбекистоннинг илк тадбиркор аёлларидан бирига айланди.

Аёлларнинг оиладаги қадр(сизлиг)и, жамият иллатлари, давлат органларидаги «каламушлар» айнан Назира опа ҳаётлик вақтини тасвирласа-да, гўёки буларнинг барчаси бугун ҳам долзарбдай.

Назира опа, сўзсиз, ёш аёл-қизлар учун шижоат тимсоли бўлишга лойиқ инсон бўлган эканлар. Филм мазмуни томошабинни, айниқса, аёлларни «шундай йўл тутса бўларкан-ку!» – дейишга мажбурлайди.

Филмни кўриб йиғладим. Бир эмас, беш-олти маротаба. Филм бошидан охиригача унинг яратилишига сабабчи бўлган Назира опанинг ўғли хаёлимдан кетмади. Залдагилар премера олдидан ҳам олқишлаб, унга ўз миннатдорчиликларини билдиришди. Филм тугаганидан сўнг шахсан бориб унга раҳмат айтгим келди. Бутун томошабинлар, айниқса, аёл-томошабинлар номидан.

Бизнинг заминда шундай тадбиркор аёл-раҳбарлар яшаб, шунчаки яшаб эмас, курашиб яшаб ўтганларидан биз фахрланишимиз керак. Ва бундай аёлларнинг биографик ҳикоялари кўплаб яратилишидан умидворман.

Филмда ўзим илғаган айрим камчиликларни айтиб ўтмасам бўлмайди. Титрдаги баъзи ёзувлар лотин алифбосида кетган; кадрда у вақтда ишлаб чиқаришда бўлмаган автомобиллар кўринади; терговчи хонасида у вақтда бундай форматда мавжуд бўлмаган харита ва шу каби майда деталлар. Бир гап билан «буларни бартараф қилиш эвазига филм чиқарилмаслиги хавфи бўлган бўлса», — розиман деб қўявердим.

Ижро маҳорати:

Беш баҳо! Назира опанинг ёшлигини ўйнаган актрисадан бундай образни қойилмақом ижро эта олишини кутмагандим. Йиғлатди. Бошқа актёр ва актрисалар ҳам шундай таассурот қолдирдики, уларнинг ўрнида бошқаларни тасаввур қила олмайсиз. Айниқса тадбиркор Назира опани!

Премерадан сўнг
Фото: «Xabar.uz»

Томошабин маданияти:

Ўзбек киносига 13 йил аввал тушган эканман. Ўша-ўша — қарсакка зиқнамиз; лекин филм пайтида баланд овозда лаққиллашиб ўтиришлар, телефонда бемалол суҳбат қуриб ўтиришлар бу даражада, деб ўйламаган эдим. Уларга раҳмим келди. Бу филм икки хил аср, бир неча эпохани айтиб, тасвирлаб бераётган дурдона бўлса-ю, унга қулоқ солишмаса!

Тарихсиз келажак йўқ. Албатта бориб кўринглар, айниқса, ёшлар!

Қаерда: Алишер Навоий номидаги кино саройи

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг