Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Канн кинофестивалида ўзбек киноси илк бор қатнашади

Канн кинофестивалида ўзбек киноси илк бор қатнашади

71-Канн халқаро кинофестивалида илк марта «Uzbekistan» павильони ташкил этилади. Бу ҳақда ЎзА ёзмоқда.

Жорий йилнинг 8-19 май кунлари Франциянинг машҳур Круазет соҳили бўйидаги Фестиваллар ва конгресслар саройида биринчи маротаба тақдим этиладиган юртимиз павильони Ўзбекистон ёшлар иттифоқи, Кинематографияни ривожлантириш маркази, «Ўзбеккино» миллий агентлиги ҳамда Ёш киноижодкорлар кенгаши томонидан ташкил этилмоқда.

Кинематографияни ривожлантириш маркази дунёнинг биринчи рақамли халқаро кинофестивали Канн кино бозори дирекцияси билан шартнома имзолаган. Ҳар йили ташкил этиладиган кино бозори дунё киноси саноатидаги асосий маданий воқеалардан бири ҳисобланади. Ўтган йилнинг ўзида мазкур тадбирда жаҳоннинг 118 мамлакатидан 12 мингдан ортиқ киши иштирок этган ва бу кўрсаткич йил сайин ортиб бормоқда.

Павильон қатнашчилари кино бозорида турли мамлакатлардан ташриф буюрган меҳмонларга Ўзбекистон киноижодкорларининг фильмлари ҳамда мамлакатимизнинг бой кино локацияси ҳақида маълумотларни тақдим этиб, республикамизнинг маданий ва маънавий қадриятлари билан уларни яқиндан таништиради. Шунингдек, павильонда 2018 йилнинг октябрь ойида Тошкент шаҳрида бўлиб ўтадиган, шу йилдан бошлаб халқаро кинофестиваль мақомини олган «PROlogue», яқинда республикамизда ташкил этилган Ўзбекистон кинокомиссияси ҳамда Республика кинопрокат маркази тақдимоти ҳам ўтказилади.

Юртимиз павильони халқаро майдонда мамлакат имижини ошириш, келажакда республикамизнинг истеъдодли киноижодкорларини дунё миқёсида танитиш, Ўзбекистон кино санъатига халқаро ҳамжамият эътиборини қаратиш, шу билан бирга «PROlogue – 2018» кинофестивалида кўплаб хорижий мутахассис ва киноижодкорларининг иштирокини таъминлашда катта аҳамият касб этади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг