Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Катта сиёсатчи Шарл Перро. Афсонавий эртакчи аслида ким бўлган?

Катта сиёсатчи Шарл Перро. Афсонавий эртакчи аслида ким бўлган?

Шарл Перронинг 66 ёшдаги портрети

Фото: Гравюра, 1694 йил / репродукция

Бундан 390 йил олдин «Қизил қалпоқча», «Золушка», «Кўксоқол» каби машҳур эртаклар дунёга келди. Ёзувчи уларни умрининг сўнгги йилларида ёзган. Унгача эса Шарл Перро Франциянинг нуфузли амалдорларидан бири эди.

«Мен 1628 йил 12 январда эгизаклардан бири бўлиб дунёга келганман. Мендан бир неча соат аввал туғилган эгизагим олти ойдан сўнг вафот этган», — деб ёзганди Шарл Перро ўз хотираларида. Бу оиладаги барча ака-укалар Людовик XIV давридаги ижтимоий ҳаётда муҳим рол ўйнашган.

Ўн еттинчи асрда Франция ҳар томонлама: санъат, илм, саноат, ҳарбий тизим жиҳатдан юксак даражада эди. Француз қироли Европадаги энг нуфузли инсонлардан бири ҳисобланарди. Людовик XIVнинг «ўнг қўли» бўлган Жан Батист Колбер давлат бошқарувини нолдан бошлаб шакллангантирган шахсдир. Колбернинг «ўнг қўли» эса Шарл Перро эди.

Перро ҳам ўз ўрнида катта кучга эга бўлган. Унинг вазифалари қуйидагилардан иборат эди:

• Қироллик қурилиши интендантлигининг бош котиби. Бу жуда муҳим лавозим бўлиб, ўша даврларда Лувр музейи, Версал саройи бунёд этилган. Унинг қурилишига Шарл Перро бош бўлган.

• «Қироллик шон-шуҳрати бюроси»нинг амалдаги бошқарувчиси. Кейинчалик бюро кичик академияга айлантирилган. Уни ташкил қилиш учун Людовик XIVнинг шахсан ўзи 1664 йили Перро билан учрашган.

• Маданият бўйича котиб. Перро адабиёт оламини ҳам кузатиб борарди.

• Гобелен усталари назоратчиси. Гарчи оддий лавозимдек кўринса-да, ўн еттинчи асрда бу муҳим аҳамиятга эга бўлган. Гобелен тайёрлашда французларнинг олдига тушадиган йўқ эди, глобал бренд сифатида бу маҳсулот чет элга экспорт қилиниб давлатга катта фойда келтирган.

• Колбернинг шахсий котиби. Бу Перронинг асосий юмуши эди. У бошлиғининг барча буйруқларини адо этарди. 1666 йили Колбер адабиёт аҳли учун 100 минг ливрлик фонд ташкил қилди, уни Перро бошқарди. Фонд пуллари нафақат французлар, балки хорижий ёзувчилар учун ҳам ажратилган. Шунингдек, дунё олимлари ҳам Парижда ишлашга жалб этилган.

Перро масъулиятли ва шарафли лавозимлардан бўшаб, нафақага чиққанидан сўнг эртаклар ёзишни бошлаган. Илк эртаги 1691 йили чиққан, энг машҳур тўплами — «Она ғоз эртаклари» эса 1697 йили нашр қилинган. Академик Шарл Перро буларни ҳақиқий адабиёт деб ҳисобламас, ҳатто муаллиф сифатида исмини ҳам кўрсатмас эди. Барчасини ўғли Пьер де Арманкур-Перро тахаллуси остида эълон қиларди. Унинг китоблари қиролнинг азиз жияни — малика Орлеанскийнинг севимли асарлари эди. Афсуски, Шарлнинг ўғли армияда ҳалок бўлади. Унинг исми билан чиқарилган китобларнинг асл нусхаси ҳалигача сақланиб келинади.

Шарл Перронинг исми билан ёзилган китоблар эса 1724 йилда, ёзувчининг ўлимидан 21 йил ўтгачгина чоп қилинган.

«Қизил қалпоқ»чанинг яширин сири нима эди?

Нима учун кичкина қизалоқ бўри билан гаплашишдан қўрқмайди? Ахир болалар бўрини кўришлари билан қочишлари керак эмасми? Бу савол кўплаб ота-оналарни қизиқтириб келган. Чиндан ҳам ўрмонда ёлғиз кетаётган қизчанинг бўри билан юзлашиб, у билан бемалол суҳбатлашиши табиийликдан узоқдек. Бувисининг қиёфасига кириб олган бўрини ҳам танимаслиги ғалати эмасми? Қизил қалпоқча ғилай ёки овсар эдими?

Бу ғалати эртакни тушуниш учун Шарл Перро яшаган даврларга саёҳат қилишимиз керак. Перронинг «Буви ҳақидаги эртак» ҳикояси шундай бошланади: бир куни аёл нон пишириб қизига дейди: «бувингни кўриб кел, унга иссиқ булочка ва сут элтиб берасан». Қизча йўлга чиқди. Икки йўлга ажралган чорраҳада эса бзуни учратди. У қиздан қаерга кетаётганини сўради. Бзу ким эди? Ўша пайтда маҳаллий аҳолида одам-бўриларни бзу деб аташгани маълум бўлган. Қизча ҳам одам кўринишига кириб олган бўридан шу сабаб чўчимаган, деб тахмин қилинади. Бувисининг қиёфасига кириб олган бўрини ҳам таний олмайди. Фақатгина оғзини очиб йирик тишлари кўрингачгина бўри экани маълум бўлади.

Перро эртакдаги бзу образини нега оддий бўрига алмаштирди? Бунинг сабаби қирол Людовик XIV ўша даврда маҳаллий бидъатлар, фолчилик, ақл бовар қилмас ҳодисалар ҳақдаги ривоятларга қарши кураш очганди. Қора кучларга тегишли бўлган бўри-одам образини ҳам китобларда тарғиб қилиш мумкин эмасди. Шарл Перро, албатта, қиролнинг буйруқларини бекаму кўст адо этарди. У ўз эртакларини ёзишда ҳам қиролга содиқ қолди, махлуқ ва ялмоғизларни қаламга олмай, барчасига реал ёндашишга ҳаракат қилди. Дарҳақиқат, унинг эртаклари Францияда тез оммалашди.

Перро ҳар бир эртагини масал каби ёзарди. Қизча ва бўри ҳақидаги бу эртак ҳам мажозий бўлган. Бўри тимсолида ёзувчи ёмон одамларни назарда тутган. Аммо эртак охири фожиали: бўри қизчани ва унинг бувисини еб қўяди. Лекин эртак халқ орасига киргач, ота-оналар уни фарзандларига ўзгартирган ҳолда сўзлаб берардилар: овчилар қизчани ва бувисини сақлаб қолишган. Ака-ука Гриммлар айнан халқ танлаган вариантни ўз китобларига киритишган. Ўшандан бери барча давлатлардаги нашриётлар Гриммларнинг эртагини чоп этиб келмоқда, бироқ ҳеч ким асл муаллиф сифатида Шарл Перрони эсламайди…

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг