Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Кулга айланган миллионлар: жиноятчилар қандай санъат асарларини йўқ қилишган?

Кулга айланган миллионлар: жиноятчилар қандай санъат асарларини йўқ қилишган?

Иллюстратив сурат.

Фото: «Shutterstock.com»

Француз газеталари итальян рассоми Жоржо де Кириконинг картинаси муттаҳамларча ўғирлаб кетилганлиги ҳақида анча вақтгача бонг уришди. Сурат Безье шаҳридаги нафис санъат музейидан ўғирланган. Номаълум қароқчи оддий канцеляр пичоқ ёрдамида 1926 йилда чизилган «Автопортретли композиция» номли асарни қирқиб олиб қочган ва яширинган. «Картина бебаҳо», дейди француз нашри «Ouest-France» маҳаллий прокуратурага берган баёнотида. Изланишлар давом этмоқда, аммо музейда бирорта видеокамера бўлмагани сабаб иш олға силжимаяпти.

Дарҳақиқат, музейдан ўғирлаб кетилган юзлаб полотнолардан атиги бир нечтасигина топилади. Кўпчилиги жиноятчилар тарафидан йўқ қилиб ташланади, ҳатто изини ҳам топиб бўлмайди. «АиФ» нашри ана шундай бахтсиз тақдирга учраган санъат асарларининг тарихи ҳақида изланишлар олиб борди.

«Райкерс» орол-қамоқхонасидаги «Чормихга тортилган Исо», 1965 йил. Сальвадор Дали.

Сальвадор Дали шахси ҳамиша диққат марказида бўлган, асарлари ҳам машҳур. Унинг Исо сурати тасвирланган картинаси «Райкерс» номли америка қамоқхонаси учун махсус чизилган. Бу эса шубҳаларимизни тасдиқлайди. Унинг яратилиш тарихи оддий қизиқувчанликка бориб тақалади: 1965 йилда машҳур рассомни нью-йорклик маҳбуслар билан учрашувга таклиф этишади. Аммо сафар олдидан 61 ёшли Дали кутилмаганда касал бўлиб қолган. Ўзини айбдор ҳис қилган рассом маҳбуслар учун аталган асарини яратишга киришди, шу орқали уларнинг олдида айбини ювмоқчи бўлди. Картина остига «Райкерс оролининг сершовқин аҳли учун эсдаликка», деб ёзади. Рассомнинг «Чормихга тортилган Исо» суратини ошхонага осиб қўйишди. Хавфсизлик юзасидан уни фойега жойлаштиришни эса унутишди.

2003 йилда шов-шувли хабар тарқалди: Дали асари (ўша пайтда 200 минг долларга баҳоланганди) ёқиб юборилган. Жиноятни турмадаги қўриқчиларнинг ўзлари ташкиллаштиришган. «Тасодифан» юз берган ёнғиндан сўнг Далининг асарини сохтасига алмаштириб қўйишди. Бир муддатдан сўнг қамоқхона бошқарувчилари сурат ўзига ўхшамай турганини пайқашди ва шовқин кўтаришди. Маълум бўлишича, бу сурат бир тийинга қиммат қалбаки асар бўлиб чиқди.   

Қўриқчилар ўз жиноятларини яширишга уринишди, охирги дақиқаларда эса Далининг картинасини қасддан ёқиб юборишганини тан олишди. Улар жазодан қутилиб қолишолмади, албатта.

Ёқилган сурат. Караваджонинг картинаси ва Сицилия мафияси

Микеланжело Меризи да Караваджонинг «Авлиё Лаврентий ва Авлиё Францис билан Рождество» (1600 йил) номли картинасини кўплаб санъатшунослар машҳур «Мона Лиза»дан кейинги энг юксак санъат асари сифатида баҳолашади. Атоқли барокко рассомининг деярли уч метрли шедеври 1969 йил 18 октябрь куни Палермодаги Сан Лоренцо музейидан ўғирлаб кетилди. «Аср ўғирлиги»ни содир этган асосий гумондорлар сифатида Сицилия мафияси аъзолари тахмин қилинди. Аммо кейинги изланишлар гумонни тасдиқламади.

Бунинг сири орадан қирқ йил ўтиб очилди. 2009 йилда собиқ киллер Гаспаре Спатуцца полицияга ўша жиноятга боғлиқ сирларни очишга қарор қилди. «Асрнинг энг оғир йўқотиши», деб топилган санъат асарининг тақдирини у собиқ хўжайини Филиппо Гравианодан эшитган экан. Маълум бўлишича, ўғирлаган полотнони ўз гуллаган даврларида Пуллара оиласига сақлаб туриш учун беришган. Ўқимаган мафиозлар эса 20 миллион долларлик бу ноёб асарни фермада йўқотиб қўйишган. Кейинчалик эса бу сичқонга тўла чўчқахонани ёқиб юборишган.       

Караваджонинг мухлислари ҳамон мафиозларнинг кўрсатмалари нотўғри чиқишига умид қилишмоқда. Фактларга эътибор берсак, картинадан қолган қолдиқларни полиция фермадан топа олмаган, шу сабабдан ҳам «Авлиё Лаврентий ва Авлиё Францис билан Рождество» ҳалигача қидирилаётган санъат асарлари рўйхатида турибди.

Люцернлик зиёли ўғри

Олти йил давомида Стефан Брайтвайзер санъат аҳлини қўрқувга солиб келган: у фақат Швейцариянинг ўзида элликка яқин музейлар, галерея ва черковлардан 84 та буюмни ўғирлашга улгурган. Бу французнинг шахсий коллекциясидан 239 та санъат асари ва антиквар буюмлар топилган. У бошқа талончилардан фарқли равишда зиёли қароқчи эди: болалигидан санъатга ошуфта бўлган, айниқса, XVI–XVII асрларга тегишли буюмларни севган.

 Қизиғи шундаки, қароқчи коллекционер ҳечам мураккаб вазиятларга дуч келмаган, у ошкоралик ва  безбетлик билан иш кўрган: музейнинг қоқ ўртасида ўзига ёққан буюмни бемалол рюкзагига жойлаштиради. Рюкзакка сиғмаса, қўлтиққа солиб деразадан сакраб қочади. Эртами-кечми, у полиция томонидан қўлга олинарди. Стефан ҳам ниҳоят, қўлга тушди. Бу воқеа 1997 йили баҳорда, Люцерндаги Фишер галереясида содир бўлди.

Аммо Стефан жиноят жойида ўз айбига иқрор бўлганида, унинг онаси Мирей Штенгель ўғлини қамоқдан сақлаб қололмаган бўларди. У ўз уйида ўғирланган санъат асарларини барини йўқ қилди: қимматбаҳо буюмларни синдирди, қирқди, йиртди ва Рейн дарёсига чўктириб юборди.

Маълум бўлишича, бундай жасоратдан ҳаммадан ҳам Стефан қайғурган. У бу ҳақда ҳатто «Санъат асарлари ўғрисининг иқрорлари» номли китобида ўз тажрибаларини ўртоқлашган ва музей қўриқлаш тизимига керакли тавсиялар берган. Китоб муаллифини қамоқдан муддатидан аввал озод этишди, аммо у эркинликка чиққач заҳоти эски ишини бошлаб юборди. Аммо бу сафар Стефан эҳтиёткорроқ бўлди, шунга қарамай ўғирликлар «имзо»сига қараб уни яна қўлга туширишди.

Ҳа, санъат асарлари ҳамиша бебаҳо дурдоналар саналган. Хоҳ мафиоз бўлсин, хоҳ зиёли, инсон бебаҳо буюмнинг эгаси бўлишни орзу қилади. Аммо қароқчиликнинг оқибати, нодир буюмнинг чилпарчин бўлиши ўғрининг турмага тушиши билан якунланади. Санъат асарлари – умум халқники. Ундан завқланиш учун музейлар ва галереяларда кўргазмалар ташкил этилади. Унга кўз олайтириш оқибатларини эса кўриб турибсиз...

Нодирабегим Иброҳимова таржимаси

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг