Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Лез-Арк»: 2017 йилнинг энг сара филмлари намойиши

«Лез-Арк»: 2017 йилнинг энг сара филмлари намойиши

Фестивалнинг очилиш маросими.

Фото: «Lesarcs-filmfest.com»

Европадаги «Лез-Арк» фестивали кинематографиядаги янги иқтидорларни кашф этиш учун ўтказилади. Фестивалга Франциянинг машҳур тоғолди ҳудудида жойлашган дам олиш маскани мезбонлик қиляпти. 

Турли мамлакатлардан мухлислар 2017 йили намойиш этилган 120 та филмни томоша қилиш учун ташриф буюрадилар. Бундан ташқари, бўлажак лойиҳалар учун ҳамкорлар ҳам излашади. Масалан, фестивалга қўйилган «Озодлик» филмининг продюсери германиялик Ямила Венскега галдаги лойиҳаси учун молиявий ҳамкор керак: «Фестивал кутилаётган лойиҳаларни сифатли амалга оширишга ёрдам беради. Продюсер ва режиссёрларга филмни Европа даражасида суратга олишга кўмаклашиб, янги молиячилар, телеканал вакиллари билан танишишга имкон яратади. Бу ерда худди бир қозонда қайнаётгандекмиз».

Бу йил ҳакамлар ҳайъати қаторида венгер режиссёри Ласло Немеш ҳам бор. Унинг дебют филми «Сауланинг ўғли» айнан шу фестивал асносида дунё юзини кўрган ва кейинчалик кўплаб мукофотлар, жумладан, Оскарни ҳам қўлга киритган эди.

Ҳакамлар танлов учун сараланган ўнлаб филмлар ичидан ғолибни аниқлашлари керак. Улар орасида италиялик режиссёр Сюзанна Никкяреллининг «Нико 1988» картинаси ҳам иштирок этяпти.

«Никони дунёдаги энг гўзал аёл деб таърифлашган, у модел ва қўшиқчи эди, — дейди Сюзанна. — Сўнгра адибалик ва бастакорликка қўл уриб, кўплаб ютуқларга эришди. 1970-80 йилларда ажойиб пластинкалар чиқарди: готик-рок, янги тўлқин. У жуда иқтидорли мусиқачи бўлган».

Британиялик актриса Жемма Артертон фестивалда охирги ишланган «Қочиш» филми билан қатнашяпти. У ўз картинасининг Европа андозаларига мос тушишига умид қиляпти:

«Биласизми, Буюк Британияда агар филмда машҳур актёрлар суратга тушмаётганини билишса, уни молиявий тарафдан ҳеч ким қўллаб-қувватлашни истамайди. Шу сабабдан ҳам кам маблағ сарфланадиган картина суратга олишга тўғри келади. Ўйлашимча, молиявий ҳамкорлар агар бош ролда Женнифер Лоуренс суратга тушмаса, филм яхши даромад келтирмайди, деб ҳисоблашади».

Лез-Арк фестивали 23 декабрга қадар давом этади.  

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг