Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Майкл Жексоннинг сирли тақдири: ўз жонига суиқасдми ёки қотиллик?

Майкл Жексоннинг сирли тақдири: ўз жонига суиқасдми ёки қотиллик?

Майкл Жексон

Фото: «aif.ru»

Ҳаммасидан ҳам энг муҳими — ўзингга ва оила аъзоларингга нисбатан ҳалол бўлиш ва кўп ишлаш. Ҳозир бор нарса эртага йўқ бўлиши мумкин. Ушлаб қол. Кураш. Ўз истеъдодингни намоён эт. Қилаётган ишингда энг зўри бўл. Атрофингдаги нарсалардан ўз иқтидоринг учун фойдалан: бу китоб бўлиши мумкин, балки рақс тушадиган полдир ёки сузадиган сувдир. Қаерда бўлсанг-да, улар сеники. Ҳамиша тушунишга уринган бор ҳақиқатим мана шу.

Майкл Жексон

Поп мусиқа қироли Майкл Жексон ҳақида эшитмаган инсон бўлмаса керак. Унинг номи ҳали ҳаётлигидаёқ афсонага айланиб улгурганди. У ҳақда кўплаб миш-мишлар, хабарлар тарқалган, тақдири хусусида турли гап-сўзлар болалаган. Фақат булар тўғрисида энди хонанданинг ўзидан бошқа ҳеч ким аниқ гап айтолмайди. Шунингдек, сирли ўлим ҳақида ҳам.

Майкл Жексон 2009 йилнинг 25 июндан 26 июнга ўтар кечаси Лос-Анжелесда вафот этган. Унинг ўлими нафақат мухлисларнинг, балки бутун дунёдаги одамларнинг ҳайратига сабаб бўлган. Аллақачон тирик афсонага айланган қиролнинг тасодифий ўлимини ҳеч ким кутмаганди.

2009 йил 25 июн куни эрта тонгда Майкл Лос-Анжелесдаги уйида ҳушидан кетади. Жексоннинг шахсий шифокори, кардиолог Конрад Мюррей адвокатга хонанданинг уйида ҳушсиз ҳолда нафас олмай ётганини, лекин артериясида бемажол пульс ураётганини айтади. Врач ўша пайтда юрак-ўпка реанимацияси (ЮЎР) ўтказишни бошлайди. Орадан беш-ўн дақиқа ўтгач, Мюррей қўнғироқ қилиш учун телефон қидиради, аммо уйдан тополмайди. Қўл телефонидан сим қоқай деса, Жексоннинг манзилини билмасди. Шунинг учун у уй қўриқчисини излайди. Бу орада ярим соатча вақт кетади. Маҳаллий вақт билан соат 12:21 да 911 қутқарув хизматига қўнғироқ бўлади. Мюррей эмас, уй хавфсизлик хизмати ходими телефон қилган эди. Мана ўша тарихий суҳбат.

Қўнғироқдан кейин 3 дақиқаю 17 сония ўтиб етиб келган шифокорлар юраги уришдан тўхтаган ва нафас олмаётган Майклни кўришади. 42 дақиқа мобайнида улар ЮЎР ўтказишади. Мюррей адвокатининг сўзларига кўра, Калифорния университети тиббиёт марказидан келган бир шифокор Жексоннинг юрагига тўғридан-тўғри адреналин укол қилишини айтади. Адвокатнинг таъкидлашича, Жексон уйда бўлган вақтда унинг томирида пульс бор эди. Уни ҳаётга қайтариш учун ҳаракатлар йўл-йўлакай ҳам амалга оширилди ва шифохонага боргач, яна бир соатча давом этди. Лекин фойдаси бўлмади. Маҳаллий вақт билан соат 14:26 да ўлим қайд этилди.

«The Jackson 5» гуруҳи
Фото: AiF.ru

Қўшиқчининг минглаб мухлислари шифохона томон оқиб келишди. Улар бинони ўраб олиб, юмшоқ ўйинчоқлар, гуллар, хонанданинг суратлари билан атрофни тўлдириб, Жексоннинг ҳаётга қайтишини кутишарди. Бундан ташқари, минглаб ишқибозлар Майклнинг болалиги ўтган уй (Индиана штати) ва Нью-Йоркдаги Таймс-Сквер майдонида ҳам тўпланишга улгуришганди.

Майклнинг ўлими ҳақида улар ОАВ орқали хабар топишмади, бир-бирига қўнғироқ қилиб, хабарлар юбориб, блогларида ёзиб, оламни ушбу шумхабардан огоҳ этишади. Фожиавийлиги жиҳатидан қамрови бўйича Жексоннинг вафотини малика Диананинг ўлими ёки президент Кеннедининг ўлдирилиши билан тенглаштириш мумкин.

Жексон вафот этган куннинг эртасига ноодатий ва овоза бўлиб улгурган мазкур иш билан Лос-Анжелес полиция департаменти шуғуллана бошлади. Чунки хонанданинг ўлимига янги сабаб ҳақида миш-миш тарқалганди — қотиллик.

2009 йил 1 июл куни мазкур ишга Наркотикларга қарши кураш бошқармаси ҳам қўшилади. Ушбу бошқарма Майкл Жексоннинг қандай дорилар истеъмол қилгани, дозалари, рецептлари ва шифокорлари устидан текширув бошлайди. 9 июл куни Лос-Анжелес полицияси бошлиғи Уилям Браттон Жексоннинг вафоти ҳақида илк баёнотини беради: қотиллик ёки дори миқдорининг ошириб юборилиши ҳақидаги тахминларини айтади ва тўлиқ токсикологик ҳисоботни кутишни тавсия этади.

2009 йил 24 август куни суд тиббий экспертизасининг хулосалари эълон қилинади: кучли таъсир қилувчи анестетик пропофилнинг дозаси оширилганидан ўлим ҳолати қайд этилган. Шунингдек, қонида кучли таъсир этувчи бошқа воситалар ҳам борлиги аниқланади (лоразепам, диазепам, мидазепам).

28 август куни полиция бошлиғи Жексоннинг ўлими қотиллик сифатида кўриб чиқилишида давом этишини билдиради. Унинг ўлимида кардиолог, Майклнинг шахсий шифокори Конрад Мюррей айбдор деб гумон қилинади.

Унинг ўлими ҳозиргача турлича талқин этилади. Охирги тарқалган гап-сўзларга кўра, хонанданинг юраги тўхтаганда Мюррей ноқонуний тарзда Жексонга ичирган препаратларини яшириш мақсадида биринчи реанимацион муолажани қилмаган. Яна баъзи миш-мишларга кўра, уни атайлаб ўлдига чиқаришган ва ўзини музлатиб қўйишган. Ёки исломий руҳдаги тароналари билан бутун дунё мухлисларини ўзига ром этаётгани кимларгадир ёқмаган ва ҳоказо.

Майкл Жексон ўлимини ҳеч ким кутмаганди
Фото: AiF.ru

Марҳумнинг 18 ёшли қизи Пэрис Жексон 2017 йил январ ойида оммавий ахборот воситалари ходимларининг саволларига жавоб берар экан, отаси «ўлдирилгани»ни алоҳида таъкидлайди. «Буни оиламиздагилар ҳам, ҳақиқий мухлислар ҳам жуда яхши билишади. Лекин ким ўлдирганини айтолмайман, ҳозирда ўзим суриштирув олиб боряпман, айтиб қўйсам, менинг ҳам изимга тушишади ва...», дея нималаргадир шама қилиб кетади Пэрис.

Хуллас, энди нима фарқи бор. Бундай миш-мишлар Майкл Жексонни ҳаётга қайтара олмайди. Ундан кўра, келинг, унинг ҳаёт йўлига бироз назар солиб ўтсак.

***

Майкл Жозеф Жексон 1958 йил 29 август куни таваллуд топган. У оилада 9 фарзанддан еттинчиси эди. 4 ёшида Майкл саҳнага чиқишга улгурган. Бироз вақтдан кейин эса акалари Жеки, Тито, Жермэн ва Марлон билан бирга отаси Жозеф тузган «The Jackson 5» гуруҳида кўриниш берган. Уларнинг ичида энг ёши бўлишига қарамай, энг кўп эътибор айнан Майклга қаратилган: ҳаммадан яхши куйлаган, рақс тушган, одамларни ўзига қаратишни қойиллатган ва якунда юлдуз бўла бошлаган.

1978 йилда Майкл ёш актриса Дайана Росс билан «Сеҳргар» бадиий филми ремейкида суратга тушган. Филм мумтоз кинолар қаторидан жой олмаган бўлса-да, Жексон учун катта имкониятлар эшигини очганди: суратга олиш майдончасида у буюк мусиқа продюсери Куинси Жонсон билан танишиб қолган.

1979 йили айнан Куинси қора танли оддийгина бола Майкл Жексонга «Off The Wall» албомини чиқаришга ёрдам берган ва шу орқали қўшиқчи поп мусиқа йўналишида суперюлдузга айланган. Албом эса 10 миллион нусхада сотувга чиққан.

Ана шундан кейин бутун дунё уни таний бошлаган. 1982 йилда Майкл нафақат ўз рекордини янгилаган, балки кейинги авлод хонандалари эришиши умуман имконсиз натижани қайд этган. Унинг «Thriller» номли албоми қайта чиқиб улгурмасдан, дунё бўйича 50 миллиондан ортиқ нусхада сотиб тугатилган. Шунингдек, ушбу албом кетма-кет 37 ҳафта хит-парадларда биринчиликни ҳеч кимга бермаган, мазкур натижани ҳозиргача ҳеч ким такрорлай олмаган. «Thriller» албоми учун Майкл Жексон Грэмми мукофотининг 7 та ҳайкалчасини қўлга киритган.

Майкл Жексон хонанда Элвис Преслининг қизи билан
Фото: AiF.ru

Шу тариқа Майклнинг омад юлдузи борган сари ёруғроқ чақнаса чақнадики, асло сўнмас эди. 1987 йили «Bad» албоми 25 миллион, 1991 йили «Dangerous» албоми эса 23 миллион нусхада сотилган. 1993 йилда актриса ва телебошловчи Опра Уинфри Жексонни ўз шоусига таклиф қилган ва ушбу суҳбат бир ярим соат давом этиб, 100 миллиондан ортиқ томошабин уни кузатган, “йилнинг энг оммабоп шоуси”, деб топилган.

1996 йилда Майкл Жексон Дебби Роу исмли ҳамширага уйланган. Уларнинг оиласида икки ўғил (1997, 2002) ва бир қиз (1998) туғилган. Жексоннинг айтишича, унинг энг катта орзуси оталик эди.

Таниқли инсонлар ҳар доим ҳам бахтли ҳаёт кечиришмайди. Уларни одамларнинг ғийбатлари ва бўҳтонлари, ҳасаду ҳасратлари еб битиради. 2003—2005-йиллар орасида ўз дарди қолиб, бутун дунё Майкл Жексоннинг суд ишини муҳокама қилишга тушади: хонандани ёш қизларнинг номусига тажовуз қилишда айблашади. Суд уни барча жабҳада айбсиз, деб топади, аммо узоқ вақтлик босим унинг соғлиғига жиддий таъсир кўрсатади. Шунинг учун суд якунлангач, Майкл таркидунёликни танлаб Баҳрайнга кетишга, умрини зоҳидликка бағишлашга қарор қилади.

2009 йил мартда Англиянинг Лондон шаҳрида «This is it Tour» номли серияли концертлар тақдим этишини билдиради. 20 минг одам сиғадиган «The O2 arena» стадионида бошланиши режалаштирилган сўнгги 10 та концерт 2009 йил 13 июлда старт олиб, 2010 йил 6 мартда якунланиши керак эди. Майкл Жексонни назорат қилиб турган шифокорларнинг айтишича, унинг бундай ноодатий турни ўтказишига соғлиғи тўсқинлик қиладиган даражада эмас эди...

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг