Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Олтин глобус» нинг тўртта номинациясида ғолиб чиққан фильм Америка киноактёрлари гильдияси мукофотига сазовор бўлди

«Олтин глобус» нинг тўртта номинациясида ғолиб чиққан фильм Америка киноактёрлари гильдияси мукофотига сазовор бўлди

Фото: «Reuters»

АҚШнинг Лос-Анжелес шаҳрида Америка киноактёрлари гильдияси мукофотларини тантанали тарзда топшириш маросими бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда «Халқ сўзи online» нашри.

Хабарда айтилишича, Буюк британиялик режиссёр Мартин Макдоннинг «Миссури, Эббинг чегарасидаги учта билборд» фильми «Энг яхши актёрлар таркибига эга фильм» сифатида эътироф этилди. Мазкур картина бундан олдин «Олтин глобус» мукофотининг «Энг яхши драматик фильм», «Энг яхши сценарий», «Драматик фильмдаги энг яхши актриса» ва «Иккинчи пландаги энг яхши актёр» номинацияларида ҳам ғолиб деб топилганди. Ўшанда ушбу ижод маҳсулига «Бёрд хоним», «Йўқол», «Мадбаунд» фермаси», «Севги — касаллик» каби фильмлар рақобатчилик қилганди.

«Вице-президент» ва «Бу — биз» сериаллари телевизион жанрдаги «Энг яхши актёрлар таркиби» деб топилди. «Катта кичик ёлғон» фильмида ўйнаган Николь Кидман ва Александр Скарсгард  мини-сериалдаги «Энг яхши актёрлик иши» йўналишида пешқадамга айланди.

«Қоронғи даврлар» фильми қаҳрамони Уинстон Черчилль сиймосида гавдаланган британиялик санъаткор Гари Олдман ва «Миссури, Эббинг чегарасидаги учта билборд» драмасида ўйнаган америкалик актриса Фрэнсис Макдорманд «Энг яхши бош роль ижрочиси» деб топилди. Шу фильмда суратга тушган Сэм Рокуэлл эса «Иккинчи пландаги энг яхши эркак актёр», «Тоня ҳаммага қарши» картинасида иштирок этган Эллисон Женни эса «Иккинчи пландаги энг яхши актриса» сифатида тан олинди.

Гильдиянинг ҳаётдаги муваффақиятлари учун бериладиган совринига «Оскар», «Олтин глобус» ва «Кумуш айиқ» мукофотлари лауреати ҳисобланган америкалик актёр Морган Фриман сазовор бўлди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг