Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Аброр Зоҳидов

Келажакка умид қилиш яхши, аммо айни дам ҳам гўзал эканлигига шукр қилиш унданда яхши.

Ор қилсангиз ҳам охиригача ўқинг!

Ор қилсангиз ҳам охиригача ўқинг!

Ҳожатхоналардан фойдаланиш маданиятимиз қай даражада?

Фото: «Mapio.net»

Бу мавзу юзасидан иккинчи марта ёзишим. Биринчи мақолам бундан бир йил аввал ёзилган ва яқинда сайтимизда «Уят деб билсангиз, бу мақолани ўқиманг!» сарлавҳаси билан чоп этилганди. Кўпчилик томонидан қизиқиш билдирилган ва турли-туман изоҳлар қолдирилган бу саҳифада шундай сўзлар бор эди: «Агар бу мақоладаги мавзу сиз учун бемаъни, бачкана ва қоғозга туширишга арзимайдиган туюлса, давомини ўқимай қўяқолинг». Лекин охирги пайтларда бу мавзу кўп давраларда ўртага ташланди, жиддий муҳокама қилинмоқда.

«Биз ҳожатхоналаримиз қаерда эканлигини таралаётган ҳидидан биламиз. «М» ва «Ж» деган ёзувлар ҳам керак эмас аслида».

Шерзодхон Қудратхўжаев, Халқаро Пресс-клуб раҳбари.

Яна ўша гап — бизда ҳожатхоналар муаммоси бор, очиқ тан олмай иложимиз йўқ. Бу борада чет эллардан келган меҳмонлар олдида ҳар сафар юзимиз қизариши ҳам ҳақиқат. Талаб даражасидаги ҳожатхоналар қурилиши ва сифатли ишлаши учун алоҳида қарорлар чиқаётгани, бу ишга бош қўшганларга солиқ имтиёзлари берилаётгани ҳам муаммонинг нақадар жиддийлигини кўрсатиб бўлган.
Бугун масаланинг иккинчи тарафи ҳақида сўз юритсак. Ҳожатхоналар қурилар, ишга туширилар. Аммо бизнинг улардан фойдаланиш маданиятимиз қай даражада? Аслида бор ҳожатхоналарни ҳам бадбўй қилаётган, ўзидан кейин бировни яқинлаштирмай қўядиган, бу жараёнга фақат бурун жийирадиган ҳолат деган тушунчани онгимизга сингдириб олган сизу биз эмасми?!

Туризм бўйича катта ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Ўзбекистон умумий уйимиз, бир сўз билан айтганда, уйимизга кўп сонли ва обрўли меҳмонлар келишмоқда. Хўш, уларни қандай кутиб оламиз? Қандай жиҳатлар билан меҳмонлар ёдида қоламиз?! Давлат ҳожатхоналар муаммосига жиддий киришаркан, биз уларни лозим даражада сақлай оламизми?

Ўзимизку бирорта бундай маскан қуришни, ишга туширишни хаёлимизга ҳам келтирмаймиз. Аммо боридан тўғри фойдалана билишни ҳам боплаганимиз-боплаган. Жамоат ҳожатхоналарининг кириш эшигидан тортиб энг ички хонасигача, сув сақлагич бакигача турли-туман огоҳлантирувчи ёзувлар илиб ташланган: «Ифлос қилманг!», «Сувни ҳайданг!», «Қоғозни челакка ташланг!», «Нос туфламанг!», «Чекманг!»...

Дарвоқе, чекувчилар!.. О, бу энди алоҳида мавзунинг ичидаги алоҳида мавзу. Чекиш ва ҳожат жараёнини уйғунлаштира билган, ўзи ҳар икки «лаззат»дан баҳра олгани етмагандай, кетганидан сўнг қолдирган ҳидига суварак ҳам маст бўлиб ағдариладиган бундай инсонлар қандай пайдо бўлади, қаердан келади, буниси энди роса катта савол.

Огоҳлантиришлар ҳам бежизга ёзилмайди, чунки огоҳлантириш бўлса ҳам биз уларга амалга қилмасликка мойилмиз, бўлмасаку қўяверинг. Ахир ҳар биримиз тиқилиб ётган қоғозларни, латталарни, носвой қолдиқларию халталарини, болалар тагликларини ва ҳатто писта пўчоқларини ҳам кўрганмизку. Чекувчилар билан писта чақувчилар мана шу жойда илҳомлари келишига қойил қолмай илож йўқ. Мўлжалда адашувчилар ҳамиша, хатосиз адашаверадилар... 

Ўзимиздан кейин тозалаб чиқиш деган тушунча бизга бегона. Тўғрида, ҳожатхонани ҳам тозалайдиларми? Лекин бир ўйлаб кўрайлик, бизнинг ортимиздан ким тозалаши керак?!

Роса майдалашдингиз, дейсизми?

Ор қилдиларми?!

Унда охирги жумлаларни ҳам ўқинг: маданият маданиятсизлик кўринмайдиган, билинмайдиган жойда намоён бўлсагина ҳақиқий маданиятдир. Ҳеч ким кўрмайди, деб ўйлаб, билганимизни қилаётганимизда бизни энг улуғ зот кўриб туради. Кўзимизни очайлик, токи биздан кейинги келганлар биздан ранжимасин!

Изоҳлар 6

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг