Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Барно Султонова

Озодлик қўрқувнинг юзига тик қарай олишдир.

Ор ва ғурур учун талашмаймизми?

Ор ва ғурур учун талашмаймизми?

Турли сайтлар, ижтимоий тармоқларда ўша, машҳур турк актёрининг Ўзбекистонга ташрифи, бунинг учун олган ҳақи-ю ўзбек қиз-жувонларининг унинг атрофида гирдикапалак бўлгани муҳрланган лавҳалар ҳамон муҳокама этилмоқда. Муҳокамаларга асосий урғу ор-у номусга берилмоқдаки, бу бежиз эмас. Ижтимоий тармоқдаги саҳифамда ёзганимдек: «Ҳаётда пулдан ҳам қиммат турадиган сотилмас, сотиб олиб бўлмайдиган  нарсалар бор. Бу — ор, бу — ғурур. Турк актёри учун тўланган пулнинг ҳисоб-китобини қилмоқчи эмасман. Ўша биргина реклама учун турк актёрини чақирганимиз учун, унинг оёғига поёндоз бўлганимиз учун ҳайратланасан киши. Ор учун курашмаймизми, ғурур учун талашмаймизми?

Ачинарлиси, қизларнинг уни ўраб олиб суратга тушгани, янаям хунуги дастурхон устида ўтирган актёрнинг пешонасига бориб олиб, талашиб-тортишиб суратга тушгани... Қанча сурат кўрган бўлсам «гиргиттонлар»нинг ҳамммаси ёш-ёш қизлар. Фахр билан суратга тушяпти. Энг одамни ижирғантирадигани уни овқат ейишга ҳам қўймаётгани, энг кулгулиси актёрнинг ўзини хўрлангандек шумшайиб ўтиргани... Бу нима, биласизми? У ҳайратда, аёлларимизнинг юзсизлигидан, сирти маданиятли кўрингани билан ички маданияти йўқлигидан ҲАЙРАТДА! Баъзи аёлларнинг Туркияда ёмон ном чиқараётгани ҳам ҳеч кимга сир эмас. Буни ишсизликка,  пулсизликка йўйманг. Инсон ғурури, ори билан ҳайвондан фарқ қилади. Қийналган аёллар ўзини сотаверса андиша, ҳаё-ибо деган тушунчаларни луғатдан ўчириб ташлашга тўғри келади. Мана шу турк актёрини чақириб, ФАЛОН пулни  СОЧИБ ташлашимизнинг ўзи ғурур, ор йўқлигидан дарак. Суратларига, видеоларига қарасангиз, у ўзини жуда ноқулай ҳис қилаётгани кўриниб турибди. Агар салгина жилмайса, қучоғига кириб кетишидан қўрққандир, шўрлик...

Майли, сериаллар таъсири ҳақида гапирмайман. Майли, таниқли актёрга ёпишиб суратга тушаётганларга инсоф берсин. У ҳамма жойда, ҳамма мамлакатда бор. Аммо бизнинг минталитетга, ўзбек қизларига бундай андишасизлик тўғри келмайди, менимча. Актёрни бир реклама учун чақириб, мана шундай томошани уюштирган, бошқа мамлакатлар олдида ўзини ерга уриб, фалон маблағни осонгина қўш-қўллаб берворишни ўз қадрини ерга уриш, деб ҳисоблайман. 

Актёр билан суратга тушиш учун  талашамиз, пул учун талашамиз. Ор учун, ғурур учун талашмаймизми? Мамлакат фақат пул билан ривожланмайди, фақат бойлик, чиройли шаҳарлар билан ривожланмайди. ВАТАН ғурурли, ориятли эркаклари, андишали аёллари билан гўзал, шулар билан ривож топади. Агар буларнинг ҳеч бири бўлмаса, у усти ялтироқ, ичи қалтироқ арзон матоҳдан бошқа нарса эмас...»    

Юқоридаги фикрларни саҳифамга жойлагач, ижтимоий тармоқдаги «Халқ билан мулоқот гуруҳи»га ёзилган кўплаб изоҳларга кўзим тушди. Айримларини сизларга ҳам илиндим. Шукрки, ҳамфикрлар кам эмас экан.

Динара Зубайдуллаева:

— Фикрларингизга қисман қўшиламан. Мен ҳам бу уятли, шармандали эканлигини тушунаман. Бу фақатгина қизларнинг хатоси эмас, оиладаги отаси, акаси, укаси, онасининг ҳам бефарқлигидир. Лекин битта  фикрга қўшила олмайман, чунки архитектура соҳасида ўқийман. Бурак Ўзчивитни «Zo‘r TV» ижодкорлари таклиф этган Ўзбекистонга. Унинг ташрифини молиялаштирган компания бор. «Олмазор-сити»нинг рекламасини зўр қилиб ўйнаб бергани бекорга эмас. Бекордан бекор Ўзбекистон қанчадан қанча пул сарфлади, дейишингиз ўринсиз. Ўзбекистон ҳам пулларни билиб-билмай фойдасиз ишга сарф қилмайди.

Гўзал Алимова:

— Халқ назорати, қанисиз? Ушбу постни қўйинг хотин-қизлар қўмитасига, Ёшлар иттифоқига, Республика ва вилоятлар маданият ва маърифат марказларига, холис кўриб чиқишсин. Яхши-ёмон томонлари ўрганилиб, янаги сафар шундай ҳолатларда ўзларини қандай тутиш, қандай мулоқот қилишларини ўргатишсин. Этика, эстетика каби тушунчалар берилсин.

Чаросхон Раҳимова:

 — Видеони кўрдим-у ростдан ҳам ғашим келди... Бекорчи вақтлари  кўп шекилли қизларнинг. Сайрдаям, овқатлангандаям тинч қўймасдан расмга тушишди.

Миродил Абдураҳмонов:

— Катта лойиҳалар катта харажатларни талаб қилади. Реклама масаласида ҳам. Бу бозор талаби, шунинг учун турк актёрига қанча тўлангани асосий масала эмас. Аммо қизларимизнинг ўзларини бундай тутишлари чиндан ҳам уятли.

Алишер Эшимбетов:

— Чет эллик бировга палон сўм ёки доллар берилганини эшитсам ҳамиша фанга ўзларини бахшида қилиб, ўз ёғига қоврилиб юрган ёшлар ёдимга тушади. Сабаби, улардан бир нафарига 1000 доллар берилса, уч ой Ҳиндистонда ёки Туркияда малака ошириб, келажакда Ўзбекистоннинг илмий салоҳиятини оширишга катта ҳисса қўшади. Агар 5000 доллар берилса, Япония ёки Германияга бориб малака ошириши мумкин.

Жамшид Комилов:

— Афсус, минг афсус ҳозирги авлод — гаджетлар, сериаллар, интернет авлодидир... Ўша селфи қилган қизларнинг қайси бири Отабекнинг Кумушбибиси бўла олади? Аминманки, ҳеч қайсиси, чунки улар ҳаттоки ушбу асарни ўқимаган ҳам.

Холбиби Эргашева:

— Бу воқеани кўрган турклар ўзбек хотин-қизларининг шаънини нима деб баҳолашади. Эй, қиз ўстираётган ота-оналар! Қаёққа қараяпсизлар! Наҳотки бир эркакка жўжадай қизлар ёпишиб ётса?! Уят!

Шоҳира Ҳамро:

— Мурат Йилдирим келганда, пресс-конференцияда бундан баттар аҳволни кўрган эдим. Бурак шу ўтириб бериши учун етарли ҳақ олиб, «чидаб» ўтирибди. Йилдиримга ҳақ фақат роли учун тўланган эди, у елимдай ёпишган қизларимизни силтаб ташлаб ҳам эсини кирита олмаган ўшанда. Ор, номус, уят, фаросат, шарм-ҳаё бозорда сотилса қани эди...

Хосият Каримова: — Видеоларни кўриб ҳайратда қолдим, қизларни қўяверинг, эл таниган санъаткор аёлларимизнинг баъзилари ҳам шу актёр олдида маданиятсизлик қилиб ўзини тута билмади.

Наргиза Фарҳодова:

— Ҳамма миллатда ҳам бўлса керак, шоли курмаксиз бўлмаганидек. Мактабдаёқ қизларимизга оила, маънавият дарслари ўтказилади. Лекин натижа кам, чунки кўп ота-оналар фарзанд тарбияси билан шуғулланмай қўйган ёки чет элда.

Отабек Исроилов:

— Професор Суюма Ғаниева: «Ички маданияти бор инсон — энг гўзал шахс ҳисобланади!..» деган эди учрашувларнинг бирида. Хотин-қизлар-ку номусни билмас, уни бегона эркакка ёпишишлари учун қулай шароитни яратган ори борларга нима дейиш керак ҳайронман.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг