Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Отам Ўзбекистонни жуда яхши кўрарди»

«Отам Ўзбекистонни жуда яхши кўрарди»

Фото: «Спутник»

Элдор Айтматов, Чингиз Айтматов номидаги халқаро фонд президенти, ёзувчининг ўғли

— Ўзбекистонда Чингиз Айтматовнинг 90 йиллигини нишонлаш тўғрисидаги Президент қарори қирғиз халқини тўлқинлантириб юборди. Ўша лаҳзаларда кўнглимдан ўтганларини рости, сўз билан ифодалаб беролмайман. Бу тарихий воқеа эди. Ўзбек ва қирғиз халқлари ўртасидаги неча минг йиллик дўстлик алоқаларини мустаҳкамлаш йўлида ташланган яна бир дадил қадам эди.

Айтматовлар оиласи номидан муҳтарам Шавкат Мирзиёевга чексиз миннатдорлик билдираман. Отамнинг 90 йиллик юбилейи Ўзбекистонда нишонланиши, номи шарафланиши, асарлари нашр этилиши ҳаммамизга фахр-ифтихор бағишлайди.

Шавкат Мирзиёев ҳар гал давлат ташрифи билан Қирғизистонга келганида, қардош халқларнинг жипслашуви юзасидан ғоялар бериш билан бир қаторда, жуда катта эҳтиром билан Чингиз Айтматов шахсига, албатта, ўз муносабатини билдириб ўтади, ёдга олади.

Алоҳида эътироф этиш керак, Ўзбекистон ва Туркия Чингиз Айтматов юбилейини ўтказиш масаласига давлат сиёсати даражасида, биринчилар қаторида эътибор қаратган давлатлар ҳисобланади.

Чингиз Айтматовнинг асарлари Марказий Осиёнинг ҳеч бир давлатида Ўзбекистондагидек қадрланмайди, мутолаа қилинмайди.

Чингиз Айтматов тили, дини, маданияти бир туркий халқлар — Марказий Осиё мамлакатларининг алоқалари мустаҳкам бўлишини истарди. Назаримда, айнан Ўзбекистон Президентининг бугунги ислоҳотларини кўрганида отамнинг орзулари, армонлари ушалган бўларди.

Чингиз Айтматов Ўзбекистонни жуда яхши кўрарди, халқингизга ҳурмати чексиз эди. Отам билан Тошкент, Самарқандга саёҳат қилганимиз ҳамон ёдимда. У ўзбек халқининг буюк ва қадимий тарихига ҳамиша ҳурмат ва эҳтиром билан қарар эди.

Отам биз фарзандларини ўзгача меҳр билан яхши кўрарди. Бирор марта овозини баландлатиб гапирганини эслолмайман. Ҳатто бизнинг баҳс-мунозараларимизни тинглаб, оқилона ечим-хулосасини билдирарди. Отамни нафақат бизнинг, балки дўстларимизнинг ҳам муаммолари қизиқтирарди. Жуда жонкуяр, ғамхўр эди. Бирор жойда ушланиб қолсак, ухламасдан кутиб ўтирарди. Энг асосийси, отам бизни болалигимиздан китобга меҳр қўйишга, кўп ўқишга ундаган. Мен отам билан бирга вақт ўтказишни яхши кўрардим. У ўз хонасида ишлар, мен мўйқаламда расм солардим. Отам ҳамма чизган суратларимни хонасининг деворига осиб қўярди.

Биз отам билан барча юмушларни мумтоз куй тинглаб бажарар эдик. Ҳозир бу воқеаларни сизга айтиб бераяпман-у, ҳаммаси кино тасмасидай бир-бир кўз ўнгимдан ўтяпти. Вақт олий ҳакам, хотиралар инсон кўнглига таскин беради. Мен отамга ҳам котиб, ҳам таржимон эдим. Сўнгги кунларигача унинг ёнида бўлганим учун тақдирдан жуда миннатдорман.

Чингиз Айтматовнинг 90 йиллиги олдидан III Иссиқкўл форуми ўтказилиши кўзда тутилган. Унга бутун дунёдан адабиёт ихлосмандлари ташриф буюради. Биз албатта Ўзбекистон делегациясини ҳам интизорлик билан кутамиз...

Тўмарис Аъзам ёзиб олди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг