Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Ўзбек фильми халқаро фестивалда бош совринга даъвогар. Кейингиси Канн кинофестивали

Ўзбек фильми халқаро фестивалда бош совринга даъвогар. Кейингиси Канн кинофестивали

Фото: «Ўзбеккино» МА

«Ўзбеккино» миллий агентлиги буюртмасига асосан «Ўзбекфильм» киностудиясида суратга олинган «Сабот» бадиий фильми нуфузли халқаро кинофестивалнинг бош совринига даъвогарлик қилмоқда.

Кинематографияни ривожлантириш маркази томонидан мазкур картина бир қатор хорижий кинофестивалларга тақдим этилган бўлиб, Москвадан илк хушхабар келди. Фестиваль ишчи гуруҳининг қарорига мувофиқ, режиссёр Рашид Маликовнинг «Сабот» бадиий фильми шу йилнинг 19-26 апрель кунлари Россия пойтахтида бўлиб ўтадиган 40-Москва халқаро кинофестивалининг асосий дастуридан ўрин олди. Бу ҳақда агентлик ахборот хизмати хабар берди.

Мазкур нуфузли халқаро кинофестиваль 1935 йилда ташкил этилган бўлиб, биринчи фестивалда жаҳоннинг 19 мамлакатидан номзод фильмлар иштирок этган. 1972 йили эса МХКФга кинопродюссерлар Ассоциацияси халқаро федерациясининг (ФИАПФ) «А» синфи, яъни олий мақом берилган. 1999 йилдан буён ҳар йили ўтказиб келинаётган мазкур кино танловининг асосий дастури учун камида 12 та тўлиқ метражли фильм саралаб олинади. Эътиборли томони, бу йил ушбу рўйхатдан ўзбек фильми ҳам жой олди.

Эслатиб ўтамиз, 2017 йилнинг декабрь ойида Тошкентда ушбу фильмнинг премьераси бўлиб ўтган эди. Фильмда афғон урушида қатнашган зобит — Сайдулла ҳаётининг сўнгги кунлари акс эттирилган. Воқеалар урушдан кейин содир бўлганига қарамай, Сайдулланинг бот-бот ўтмиш хотираларига берилиши сабабли, ретро саҳналар асосий воқеаларга параллел тарзда ривожланади. Сайдулла камгап, тунд одам. У уруш фожиаларини кўрган инсонларнинг типик вакили. Урушдан қайтгач, ичкиликка берилган, оқибатда аёлидан айрилган ва шу туфайли ёлғиз ўғли билан муносабатларида жиддий муаммолар юзага келган. Бедаво дардга чалинганини билгач, ўзининг бурчи деб билган ишларни тезроқ битиришга шошилган қаҳрамон асосий мақсади — урушдаги қуролдош дўстининг ўлимига сабабчи бўлган номардни топиб, йўқ қилишга қарор қилади...

Сенарий муаллифи ва постановкачи режиссёр — Рашид Маликов, саҳналаштирувчи тасвирчи — Баҳодир Йўлдошев, саҳналаштирувчи рассом — Дониёр Абдураҳмонов, бастакор — Дмитрий Янов-Яновский. Фильмда бош ролларни Карим Мирҳодиев, Нигора Каримбоева, Сайдулла Молдахонов, Бегзод Ҳамроев ва Зулхумор Мўминова ижро этишган.

Таъкидлаш жоиз, «Сабот» бадиий фильми Кинематографияни ривожлантириш маркази томонидан 71-Халқаро Канн кинофестивалида намойиш этиш учун ҳам тавсия этилган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг