Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Ўзбек китоблари Франкфуртда намойиш этилади

Ўзбек китоблари Франкфуртда намойиш этилади

2018 йил 10-14 октябрь кунлари Германия Федератив Республикасининг Франкфурт шаҳрида ўтказиладиган «Frankfurt Buchmesse» халқаро китоб кўргазмасида мамлакатимизда фаолият юритаётган етакчи нашриёт-матбаа корхоналаридан таркиб топган Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси ўзбек ноширлари ҳамда матбаачилари эришган ютуқлар акс эттирилган тақдимотлар билан иштирок этади. Бу ҳақда Агентлик расмий сайти хабар берди.

Кўргазмада Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги тизимидаги «Ўзбекистон», «Ўқитувчи», Ғафур Ғулом, Чўлпон номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйлари, «Ўзбекистон Миллий энциклопедияси» давлат илмий нашриёти, «Шарқ» нашриёт-матбаа акциядорлик компанияси, «Янги аср авлоди» нашриёт-матбаа маркази, «Маънавият» нашриёт-матбаа уйининг 500 га яқин Ўзбекистоннинг турли соҳаларда эришаётган ютуқлари акс эттирилган китоб-альбомлар, ижтимоий-сиёсий, маданий-маърифий, илмий-оммабоп, болалар адабиёти ва бадиий асарлари намойиш этилиши кутилмоқда.

Айни пайтда «Messe Frankfurt» кўргазмалар майдонида Ўзбекистон миллий павилонини яратиш ва пардозлаш билан боғлиқ ташкилий ишлар олиб борилмоқда.

Маълумот учун айтиш керакки, «Frankfurt Buchmesse» халқаро китоб кўргазмаси дунёдаги энг йирик маданий фестиваль бўлиб, унда 130 дан ортиқ мамлакатнинг 180 мингдан зиёд савдо ташкилоти, ноширлар, матбаа технологияларни ишлаб чиқаришга ихтисослашган йирик компания вакиллари, реклама агентликлари қатнашади.

Етмиш йилдан буён ўтказиб келинаётган анъанавий кўргазма доирасида илмий-амалий конференция, форум, кўрик-танлов ва фестиваллар, маданият намояндалари, ёзувчи ва шоирлар билан учрашувлар ташкил этилади. Шу билан бирга, жаҳон мамлакатларининг ноширлик, матбаа йўналишида қўлга киритаётган ютуқлари, илмий ва маърифий соҳалардаги интеллектуал салоҳияти намойиш этилади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг