Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Ўзбекистон маданий мероси Германияда намойиш этилади

Ўзбекистон маданий мероси Германияда намойиш этилади

Фото: ЎзЭОАВМА ахборот хизмати

2019 йилнинг 15 январида Берлинда (Германия) «Буюк Ипак йўли мероси Ўзбекистон ва Германия ўртасидаги кўприк вазифасини бажаради» мавзусида Халқаро илмий-маданий форуми бўлиб ўтади. 

Тадбир Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Германия Федератив Республикасига расмий ташрифи арафасида ўтказилади.

Форум доирасида Ўзбекистоннинг Берлиндаги элчихонасида «Ўзбекистон маданий мероси дунё тўпламларида» лойиҳасига оид китоб-альбомлар кўргазмасининг очилиш маросими, шунингдек, Ўзбекистон Президентининг табрик сўзи битилган «Ўзбекистоннинг маданий мероси Германия коллекцияларида» иллюстрацияли китоб-альбомнинг тақдимоти бўлиб ўтади.

ЎзЭОАВМА матбуот хизматининг «Xabar.uz»га маълум қилишича, ушбу китоб-альбом Ўзбекистоннинг китоб чоп этиш тарихига замонавий мултимедиа технологияларидан фойдаланган ҳолда чоп этилган биринчи китоб сифатида киради, уни смартфон орқали ўқиш, шу жумладан 3D кўринишда томоша қилиш ҳам мумкин.

Германиянинг етакчи санъатшунос олимлари Берлин, Дрезден, Лейпциг ва Штутгард музейларидаги буюк ўзбек санъати коллекциялари, хусусан:

- «Берлин этнологик музейидаги Бухоро амирлигидан коллекция»;

- «Гамбург амалий-декоратив санъат музейи тўпламидан Буён-Қулихон мақбарасининг дурдоналари»;

- «Берлин давлат кутубхонасидаги Алишер Навоий асарлари қўлёзмалари»;

- «Ўзбекистон маданий-тарихий мероси экспонатлари Бумиллер тўпламида»;

- «Штутгартдаги Линден музейи шарқий филиали»нинг ноёб коллекцияси ҳақида сўзлаб беришади.

Германия музейларидаги ўзбек коллекциялари ҳақида сўз борар экан, шарқий Ренесанс даврида яратилган қўлёзмаларнинг алоҳида аҳамияти борлигини таъкидлаб ўтиш керак. Берлин Давлат кутубхонаси «Шарқ» бўлими раҳбари доктор Кристофер Раух кутубхонада сақланаётган ўзбек китобот санъати дурдоналари ҳақида шундай дейди:

«Бу ерда тақдим этилган қўлёзмаларнинг айримлари ўзбек классиклари яшаган ва ижод қилган ҳудудлардан келиб чиққан, баъзилари эса бевосита Ўзбекистондан олиб келинган. Бу XIX асрдан буён кутубхонада сақланаётган Улуғбекнинг астрономик жадваллари. Ушбу қўлёзмада 38 юлдузлар туркумига кирувчи 1018 та юлдуз ҳақида маълумот берилган, шунингдек юлдуз йилининг узунлиги кўрсатилган».

Ўзбек санъатининг ажойиб коллекциялари Германиянинг Берлин, Дрезден ва Лейпциг музейларида сақланмоқда. Масалан, Германиядаги Пергам музейида ислом дунёсининг асосий реликтлари ҳисобланган қўлёзма китоблар ва шарқ тамаддуни амалий санъати асарларининг қимматбаҳо намуналари тақдим этилган.

«Биз ўзбек санъати коллекциясига эга эканлигимиздан фахрланамиз», - дейди Пергам музейи таркибига кирадиган ислом санъати музейи директори ўринбосари доктор Уте Франке, - «У катта эмас, лекин жуда катта тарихий ва бадиий аҳамиятга эгадир».

Медиа-форум доирасида, шунингдек, «Ўзбекистон Буюк Ипак йўлининг юраги» деб аталган тантанали кеча бўлиб ўтади.

Берлиндаги медиа-ивентнинг сўнгги тадбири бу - миллий услубдаги гала-кечки овқат бўлиб, унда меҳмонларга энг сара ўзбек таомлари тақдим этилади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг