Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

«Ўзбекконцерт» ДМ директори: «Санъаткорлар ёппасига нашида куйлагани билан рамазоннинг қадри юксалиб қолмайди!» (видео)

«Ўзбекконцерт» ДМ директори: «Санъаткорлар ёппасига нашида куйлагани билан рамазоннинг қадри юксалиб қолмайди!» (видео)

Фото: «Xabar.uz»

31 май куни «Ўзбекконцерт» давлат муассасасида «Миллий эстрада санъатининг ёшлар маънавий, ахлоқий тарбиясидаги ўрни ва санъаткор одоби» мавзусида йиғилиш бўлиб ўтгани ҳақида хабар берган эдик.

Йиғилишни олиб борган «Ўзбекконцерт» директори Одил Абдуқаҳҳоров санъаткорларнинг жамоатчилик ўртасида ўзини тутиши, айрим хатти-ҳаракатлари билан аҳоли, айниқса, ёшларга нотўғри ўрнак бўлишаётгани, санъат вакиллари ўртасида турли одатлар авж олиб бораётгани хусусида тўхталиб ўтди:

— Аввало турли маданий тадбирларга мунтазам қатнашиб келаётганларингиз учун сизларга катта раҳмат. Эътибор берган бўлсангиз, охирги икки йилда мамлакатимиз ҳаётида жуда катта ўзгаришлар бўлмоқда. Маданият ва санъат соҳалари ҳам Президентнинг эътиборидан четда қолмади. Бу соҳаларга оид йигирмадан ортиқ қарор қабул қилиниши ҳам сўзимизнинг яққол исботидир. Охирги қарорлардан бири бўлган маданият соҳаси ходимлари маошининг 45 фоиз оширилиши ҳам катта ютуқ бўлди. Яна эстрада санъаткорларининг даромад солиғи 5 фоизга туширилди. Аммо шунча эътиборга қарамай яратилаётган имкониятларни суиистеъмол қилиш ҳолатлари учраб турибди.

Сизлар билан атай суҳбатлашиб олиш учун рамазон ойини танладик, сабаби тўй хизматлари йўқ, санъаткорлар банд эмас, бизни ўйлантираётган айрим масалаларни очиқ-ойдин гаплашиб олишга имконият бўлади.

Биринчи кўпчиликка одат бўлаётган соқол қўйиш масаласига келсак. Майли, рамазон кунлари соқол олишмаса, тушунарли. Аммо бу гап соқолни ўзига имиж қилиб олганларга қаратилган. Ахир соқолнинг ҳам ўзига яраша ҳурмати бор, соқол қўйган инсон шунга муносиб бўлиши керак эмасми? Кечирасиз, соқол қўйиб, йиртиқ шим кийиб юришни қандай тушуниш мумкин? Бу ғарбга тақлид-ку. Биз авввало ўзбекмиз — миллатимизга хос одатларни қилишимиз керак. Халқимиз сизлар ўйлагандан анча ақлли, улар сизнинг соқолингизга эмас, санъатингизга баҳо беради. Айримлар интернетга юзи қолиб соқолининг суратини жойлаштирмоқда. Албатта, соқол динимизда суннат қилинган, уламоларимиз соқол қўйишади. Лекин соқол қўйгандан кейин динимизнинг бошқа талабларига ҳам жавоб бериш керак. Соқол билан масжидга бориб намоз ўқиётганини суратга тушириб, ҳаммага тарқатгани бир «показуха». Эртасига худди шу соқол билан дискотекага бориб қилаётган ишларини биз кўрмаяпмизми? Илтимос, буни тўғри тушунинглар, ёшлар сизлардан ўрнак олаяпти.

Иккинчи масала, кеча «Youtube» сайтига кириб, ҳайратда қолдим. Рамазон кунлари жуда кўп санъаткорларимиз саловат нашидасини айтишмоқда. Улар орасида ҳатто лицензия олмаганлари ҳам бор. Масалан, Шоҳруз Абадия деган қўшиқчи лицензия олмасдан туриб, соқолларни ўстириб олиб, пляжда саловат айтиб юрибди. Кечирасиз, саловат мусиқа билан айтилмайди. Ҳатто бу соҳада жуда машҳур бўлган санъаткор Самий Юсуфга ҳам араб уламолари эътироз билдирган экан. Албатта, бу ҳар бир санъаткорнинг шахсий иши, аммо маълум бир тартибларга амал қилиш керак. Рамазон ойини Аллоҳ таоло шунчалик улуғлаб қўйганки, ҳеч ким бундан орттиролмайди. Сизлар айтаётган саловат нашидаси билан рамазон ойи улуғланиб қолмайди. Ахир бусиз ҳам қўшиқ қилиш мумкин бўлган мавзулар кўп-ку.

Масалан, Каниза, Сабина исмли хонандаларимиз саловат айтишибди.

(Шу пайт залдан кимдир савол берди: «Саловат нималигини билишармикан улар ўзи?»)

Ҳа, мен ҳам шу нарсага эътибор қаратмоқчиман. Булар саловат деб айтаётган нарса нашида дейилади. Саловат пайғамбаримизга айтилади!

Изоҳлар 3

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг