Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Озодбек Назарбеков қайси гапи учун танқид остида қолган эди?

Озодбек Назарбеков қайси гапи учун танқид остида қолган эди?

Фото: Беҳзод Абдужабборов / Маданият вазирлиги

Маданият вазири Озодбек Назарбеков ОАВ ходимлари билан учрашди. Анжуманда мажбурий меҳнат билан боғлиқ масала кўтарилди. Вазир бу муаммони кенг кўтаришда матбуотдан ёрдам сўради.

«Маданият ходими мажбуран пахтага олиб чиқилиши ҳақидаги саволга жавоб бермоқчи эмасман, балки шу муаммони ҳал қилиб беринглар, демоқчиман. Чунки ҳозир биздан кўра сиз — журналистларда имконият кўпроқ.

Бундай муаммолар бизда жуда кўп ва уларни кўтариб чиқиш шарт. Буниси энди матбуотнинг вазифаси.

Мажбурий меҳнат масаласида вазирликка келмасимдан аввал гапирганман ва танқид остида қолганман. Масалан, санъаткорлар ҳам пахта термаса-да, турли мажбурий ишларга жалб қилинади, тадбирларда хизмат қилади. Санъаткор узоқ вилоятга сафар қилади ва унга на ҳақ берилади, на ётоқ жой билан таъминланади. У ўз ҳисобидан тадбирларни ўтказиб келишга мажбур. Бу муаммони ҳал қилишда матбуот фаол бўлиши лозим. Мен бу ҳақда гапирганимда балога қолганман. «Шунча пул топяпсан, етмайдими сенга», — деган гапларни эшитганман.

Журналистлар жойларга чиқсин, музей ходимлари билан суҳбатлашсин. Уларда қандай муаммолар борлигини сўранглар.

Соҳадаги муаммолар кўтарилса, биз ҳам ўзимизни тўғирлаб оламиз. Танқид — одамни ўз устида ишлашга мажбур қилади, ўстиради.

Маданият соҳасига ҳам ислоҳот керак ва жамиятнинг энг асосий ислоҳоти айнан шу соҳада бўлиши керак.

Мана ҳозир мен Тошкентда ўтирибман, аммо Фарғонанинг Бешариғида нима бўлаётганини билмайман. Бутун соҳа муаммоларини етказиш сизнинг вазифангиз.

Агар вазир Фарғонадаги ҳолатни текшириб келиш учун йўлга чиқса, борадиган жойда ҳаммасини олдиндан билишади. Мен етиб боргунимча ҳамма ҳужжатлар тахлаб қўйилган, муаммолар яширилган бўлади. Журналист эса ҳаммасини рўй-рост кўриш имкониятига эга. Тизимдаги касалликларни очиб бериш — сизнинг вазифангиз.

Илтимос, маданият соҳасига эътибор қаратинглар.

Бу тизимдаги одамлар энг кам маош олади. Агар ОАВ ҳам маданиятга қўл силтаса, қачон яхши бўлади? Журналистлар тили билан айтганда, бу соҳа «тренд»га чиқса, ўшанда ислоҳотлар бўлади. Вазирлик ишласа ҳам, ишламаса ҳам ислоҳотлар бўлаверади. Ҳаммаси журналистлар қўлида.

Вазирликнинг яхши томонини кўрсатиш шарт эмас. Майли, фақат танқид қилинглар, ёмонланглар, асосийси — маданият соҳаси эътибор марказида бўлса бўлгани. Шунда ривожланиш бўлади.

Маданият — энг муҳим соҳа. Ислоҳот қилиш шарт бўлган соҳа ҳам айнан шу. Агар журналист ўзини ислоҳотчи деб билсаю, маданият соҳасига эътибор қаратмасингиз, демак — хиёнат қилмоқда. Чунки бу соҳа ҳар доим эътибор марказида бўлиши шарт.

Ўшанда ривожланиш бўлади. Соҳада шунчаки меҳнат дафтарчасини тўлдириб юрган одамлар ишдан кетади. Уларнинг ўрнини босадиган ҳақиқий мутахассислар келади.

Агар бошқа соҳа вакиллари «Мени танқид қилманглар», деб ош билан меҳмон қилса, мен аксинча, бизни аёвсиз танқид қилинглар, демоқчиман», — дейди Озодбек Назарбеков.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг