Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Президент билан учрашган бастакор: «Ижодда истеъдод муҳим, аммо кўп нарсани меҳнат ҳал қилади...»

Президент билан учрашган бастакор: «Ижодда истеъдод муҳим, аммо кўп нарсани меҳнат ҳал қилади...»

Фото: Камола Очилова.

Қаҳрамонимиз Камола Очилова Фарғона вилоятида ҳарбий шифокорлар оиласида дунёга келган. Ёшлигидан санъатга қизиқиш ортидан дастлаб мусиқа мактаби, сўнгра мусиқа коллежида таҳсил олган.

Айни дамда пойтахтимизда янги очилган, президентимиз ташриф буюриб очиб берган 329-мактабда фаолият бошламоқда. 

— Бастакорликка илк қадамларингиз ҳақида гапирсангиз ...

— Мусиқага қизиқиб бастакорлик йўналишини танладим. Ҳамза мусиқа коллежида ўқиб юрган вақтимда Учинчи ёш бастакорлар кўрик танловининг лауреати бўлдим ва Ўзбекистон давлат консерваториясининг бастакорлик йўналишига қабул қилиндим.

15 йиллик иш фаолиятим давомида  содда тилда, ҳатто болалар чолғуларига ихтисослашмаган мактабларда ҳам ўрганишга ёрдам берадиган, онлайн тарзда ўзбек миллий асбобларини чалишни ўргатадиган дастур-қўлланма устида ишладим. Кейинроқ менга бевосита иш фаолиятини мусиқа мактабларида давом эттиришни маслаҳат беришди. Бунда амалиёт ҳам муҳим ўрин тутади.

Шундан сўнг, саралашда юқори натижа кўрсатиб пойтахтимизнинг Сергел туманида янгидан қад ростлаган 329-мактабга ишга киришга муваффақ бўлдим.

— Ижодингиз намуналари хусусида гаплашсак. Уларни яратишда нималарга эътибор берасиз?

— «Бастакор» уюшмасига аъзо бўлиб кирганман. Ижод намуналаримни уларга топшираман. Шунингдек, ТВдаги «Янги авлод», «Эркатой» гуруҳлари учун мусиқалар ёзганман. 2014 йилда илк бор бастакорлик концертимни берганман.

Болалар учун қўшиқ ёзишни жудаям яхши кўраман. Репуртуаримда асосан шу мавзу асосий ўрин эгаллаган. 

— Қандай чолғу асбобларида мусиқа ижро эта оласиз? Кимларнинг ижодини кузатасиз?

— Муҳаммаджон Отажонов, Хуршида Ҳасанова, Аваз Мансуров каби ижодкорлар ёқади. 

Замонавий мусиқада Рустам Абдуллаев, Мустафо Бафоев мусиқалари диққатга сазовор. Айнан кимнидир кўрсатиш жуда қийин, диққатга сазовор ишлар кўп. 

— Янги иш жойидаги режаларингиз...

— Янги мактабда истеъдодли болаларни танлаб, якка ва дуэт тартибида тарбиялаш ниятим бор. Карантин вақтида онлайн таълимни ривожлантирмоқдамиз. Ҳозир интернет асри. Онлайн ижро орқали тингловчилар намуналар тақдим этишни ривожлантирамиз. 

Болаларни илмга, ижодга руҳлантиришда аввало тарихдан мисоллар келтираман. Масалан, Амир Темур моҳир қиличбоз бўлган, икки қўлида бемалол жанг қила олган. Сиз ҳам икки қўлингизда чолғу чалишни машқ қилинг, ўрганинг дея уларни руҳлантириш мумкин. Ижодда истеъдод муҳим, аммо кўп нарсани меҳнат ҳал қилади. 

Буни ҳар бир ижодкор унутмаслигини истардим. 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг