Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Президент йиғилиш ўтказди. Ижодкорларга уй-жой берилиб, гонорарлари оширилади

Президент йиғилиш ўтказди. Ижодкорларга уй-жой берилиб, гонорарлари оширилади

Шавкат Мирзиёев раислигида йиғилиш бўлиб ўтди.

Фото: «President.uz»

Бугун, 25 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида маданият ва санъат соҳасидаги долзарб масалалар муҳокамасига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Мажлисда Маданият вазирлиги, Бадиий академия ва ижодий ташкилотлар раҳбарларининг ҳисоботлари тингланди. Уларнинг фаолиятига танқидий баҳо берилиб, бу борадаги ишларни фаоллаштириш ва янги босқичга кўтариш бўйича аниқ топшириқ ва кўрсатмалар берилди.

Давлат раҳбарининг Ўзбекистон Бадиий академияси фаолиятида бир қатор камчилик ва муаммолар учраётгани, уларни тезлик билан бартараф этиш лозимлигига эътибор қаратилди.

Тегишли мутасадди раҳбарларга П.Бенков номидаги Республика рассомлик коллежида 400 ўринли, Республика дизайн коллежида 200 ўринли ўқувчилар турар-жойини қуриш бўйича қарор лойиҳасини тайёрлаш юзасидан топшириқ берилди.

Мажлисда маданият ва санъат соҳаларида сидқидилдан хизмат қилаётган ижодий ва техник ходимларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш, жумладан, уларнинг уй-жой, ижтимоий ва тиббий шароитларини яхшилаш, гонорарлар миқдорини ошириш, ёш истеъдод эгаларининг салоҳиятини юзага чиқариш бўйича олиб борилаётган ишлар муҳокама этилди.

— Бир ҳақиқатни ҳеч қачон эсимиздан чиқармаслигимиз керак: мамлакатимизда маданият ва санъат тараққий этмаса, жамият ривожланмайди, — деди Шавкат Мирзиёев. — Халқимизнинг ривожланиш даражаси аввало миллий маданиятимизга қараб баҳоланади. Шу маънода, маданият – бу халқимиз, жамиятимиз қиёфасидир. Биз Ўзбекистоннинг янги қиёфасини яратишга киришган эканмиз, буни аввало миллий маданиятимизни ривожлантиришимиздан бошлашимиз лозим.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг