Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Қорақалпоғистонда XII аср ёдгорлиги йўқ қилинди (фото)

Қорақалпоғистонда XII аср ёдгорлиги йўқ қилинди (фото)

Фото: nuz.uz

Қорақалпоғистон ўлкаси ўрта асрларга мансуб ноёб ёдгорлигидан маҳрум бўлди. XII асрда қурилган Шамунаби мақбараси реставрация ниқоби остида мутлақ бузиб ташланиб ўрнига янги бино қурилди, деб хабар қилмоқда «Nuz.uz» нашри.

Ўзбекистон пойтахти ва йирик шаҳарларидан анча узоқда жойлашган Қорақалпоғистон тарихий ёдгорликларга жуда бой: қадимий масжид, мақбаралар, қалъа ва қўрғонлар.

Ёдгорликларнинг аксарияти асрлар давомида очиқ осмон остида, ёз жазирамаси ва қиш қаҳратони ҳамда ёғингарчиликларга дош бериб келган бўлсада, айрим инсонлар шафқатсизлиги олдида ожиз қолмоқда.

Муҳим маданий ва тарихий аҳамиятга эга бўлган ёдгорликлар қўпол ва ўзбошимчалик билан  қилинган таъмирлаш ва реставрация оқибатида ўз қийматини йўқотмоқда. Тарихий обидалар бутунлай янги бинога айланмоқда.

Афсуски ана шундай воқеалардан бири XII асрда қурилган Шамунаби мақбарасида ҳам содир бўлди. Қорақалпоғистонлик тарих фанлари номзоди, профессионал гид Октябр Доспановнинг сўзларига кўра, шу йил ёзда қадимий ёдгорлик бутунлай йўқ қилинган ва унинг ўрнида... янги бино қурилган.

«Бу XII асрга тааллуқли ажойиб мавзолей эди. Археологлар томонидан у 1964 йилда Нукус яқинидаги Миздахан мақбарасини қазиш ишлари вақтида топилган эди. Бетакрор шаклга эга бу бинонинг етти қуббаси ва уларда ўрнатилган етти дарчаси бўлиб, уларнинг барчаси Макка томонига қаратилган эди. Мақбаранинг ичидаги қабрлар оссуарийга, кириш дарвозаси эса ўтов эшигига ўхшар эди. Ушбу ёдгорликда тўрт буюк маданият ва тўрт динга  хос бўлган белгилар ажойиб тарзда мужассамлашган эди: насронийлик, ислом, буддизм ва зороастризм. Бу авлодлар учун асрлар узра қолдирилган ажойиб фалсафа ва тоқатлилик рамзи эди», —  дейди Доспанов.

Шамунаби мақбараси («реставрация»дан олдин). Юқоридаги асосий суратда унинг янгиланган кўриниши. 

Олдин ушбу мақбарага туристларни олиб келганимда улар қойил қолиб таҳсинлар айтар эди. Энди бўлса унинг ўрнида оддий янги қурилган ғишт бино турибди, холос. Унда ҳеч қандай тарих ҳам, сир-асрор ва афсона ҳам йўқ. Энди ҳамкасабаларим бу ерга сайёҳларни олиб келишга уялади.

Ёдгорликни қайта қуриш ишлари бир йил олдин бошланган эди. Одамлар ҳеч қандай реставрация бўлмаслигини тушуниб, мавзолей бузилишига қаршилик кўрсатмоқчи бўлганда – бизга бир талай қоғозларни кўрсатишди. Ушбу рухсатномалар Маданият вазирлиги томонидан берилган эди.

Маҳаллий аҳоли гувоҳлигига кўра, Шамунаби мақбараси бузилмасдан олдин жуда яхши ҳолатда бўлган. Фақат қуббаларнинг баъзилари таъмирталаб эди. Ёдгорлик пишиқ ғиштдан қурилгани сабабли яна минг йил туриши мумкин бўлган.

Октябр Доспановнинг сўзларига кўра, Қорақалпоғистонда яна бир неча ёдгорликлар ана шундай услубда «қайта таъмирланган».

Масалан, Қизилқалъа.

Қуйидаги фотосуратларда унинг реставрациядан олдинги ва кейинги ҳолатини кўришингиз мумкин.

«Реставрация»дан олдинги Қизилқалъа.
«Реставрация»дан кейинги Қизилқалъа.

Мухбирнинг энди сайёҳларга ушбу жойлар ҳақида нима айтиб бераётгани ҳақидаги саволга, Доспанов унинг баъзи ҳамкасабалари янги «ёдгорликлар»ни ўз дастурларидан чиқариб ташлаганларини айтиб берди. Унинг ўзи бўлса, атайлаб чиқармаганини ва сайёҳларга бу ерда олдин қандай ёдгорлик бўлганини ва кейин нима бўлганини айтиб бераётганини хабар қилди. Доспанов айтишига қараганда, сайёҳлар бундан таажубга тушмоқда.

Хўш бунда ким айбдор?  Ёдгорликлар ер билан яксон қилинганидан сўнг нима қилиш мумкин? Фақат айбдорларни жазолаш, қолганларини сақлаб қолишга эътибор бериш...

Иккинчи томондан Ўзбекистонда ҳозир тажрибали реставраторлар ҳам қолмади. Масалан, Шамунаби ёдгорлигини кеча архитектура олийгоҳини битирган бола ва қурувчилар бригадаси бажарган эди.

Ачинарлиси шундаки, биз ўнг қўлимиз билан катта-катта дам олиш масканлари ва меҳмонхоналар қуриб, визаларни бекор қилиб туристларни жалб этишга ҳаракат қилаётган бир вақтда, чап қўлимиз билан, реставрация ниқоби остида, тарихий ёдгорликларни ер билан яксон қилмоқдамиз. Худо кўрсатмасин, ушбу қўл эртага Регистон, Арк ёки Тупроққалъага етиб борса-чи ?

Матн: sputniknews-uz.com

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг