Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Санъат соҳасида халқаро эксперт Сенатга мурожаат йўллади

Санъат соҳасида халқаро эксперт Сенатга мурожаат йўллади

Ҳусниддин Ато

Таниқли мусиқашунос ва санъат соҳасида халқаро эксперт Ҳусниддин Ато Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенатига мурожаат йўллади.

Мурожаатда қонунчилик идораси томонидан қабул қилинган тўйлар ва оилавий тантаналарга оид ҳужжатда анъанавий ва халқ мусиқа мероси вакиллари манфаатлари инобатга олинмагани қайд этилган.

Аввал хабар қилинганидек, жорий йил 14 сентябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенати кенгашлари қўшма қарор  билан «Тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар ўтказилишини тартибга солиш тўғрисида»ги Низом тасдиқланди.

Мазкур ҳужжатда тўйлар, оилавий тантаналар ва маросимларда икки нафардан ортиқ хонанданинг (гуруҳнинг) хизмат кўрсатишига йўл қўйилмаслиги белгиланган.

Ҳусниддин Атога кўра, бугун мамлакатимиздаги тўйлар 99 фоиз ҳолатда эстрада ижрочилари иштирокида ўтади. Ушбу шароитда хонанда ёки гуруҳларга иккитагача чеклов қўйилиши анъанавий йўналишда ижод қилаётган санъаткорларнинг маросимларга чақирилиш имконини кескин камайтиради.

«Бизнингча, тўй ва оилавий маросимларда анъанавий ва мумтоз йўналишдаги ижрочилар сони чекланмаслиги керак. Фақат шу йўл билан бебаҳо меросимизни тарғиб этишимиз ва келажак авлодга етказишимиз мумкин», – дейди мурожаат муаллифи.  

Экспертнинг хавотир ила қайд этишича, бугун замонавий эстрада ва анъанавий мусиқа бир қозонда қайнамоқда. Оқибатда, ҳамиша давлат муҳофазасига муҳтож бўлиб келган анъанавий мусиқа вакилларининг насибаси қирқилмоқда.

Мурожаатда мамлакат Сенатига тўйларга оид ҳужжатга анъанавий ва мумтоз йўналишдаги санъаткорларга оид алоҳида банд киритиш тавсия қилинган.

Мурожаат муаллифи 2018 йил 24 мартда ҳам Сенатга санъатни ривожлантириш бўйича мактуб йўллагани, аммо таклифлари эътиборсиз қолдирилганини эслатиб ўтган.

Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмаси ҳамда «Transglobal World Music Chart» (ТWМC) аъзоси бўлган Ҳусниддин Ато миллий мусиқий меросни муҳофаза қилишда мустақил ижодкорлар ролига алоҳида аҳамият беришга ундаб келади. Хусусан, анъанавий ва халқ мусиқа меросини тарғиб этишда  хусусий секторга давлат ташкилотлари билан тенг имконият ва имтиёзлар берилиши лозим деб ҳисоблайди.

У раҳбарлик қилаётган «OXUS Culture» жамияти ўзбек мумтоз мусиқасини дунё бўйлаб тарғиб этмоқда. Санъаткорлар гуруҳи ҳозирга қадар дунё бўйлаб ўнлаб концертлар ўтказган. Мазкур жамият, шунингдек, хорижда ва мамлакатимизда мунтазам равишда достон ва мақом кечалари ҳам уюштириб келмоқда.

С.Салим

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг