Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Санкт-Петербург: «Ўзбекистон маданий мероси – халқлар ва мамлакатлар ўртасида мулоқотга йўл»

Санкт-Петербург: «Ўзбекистон маданий мероси – халқлар ва мамлакатлар ўртасида мулоқотга йўл»

Халқаро конгрессдан лавҳа.

Фото: Рустам Жабборов.

Аввал хабар қилинганидек, Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрида  «Ўзбекистон маданий мероси – халқлар ва мамлакатлар ўртасида мулоқотга йўл» иккинчи халқаро конгресси бўлиб ўтмоқда. 7 июнь Россия фанлар академиясининг Максим Горький номидаги Олимлар уйида анжуманнинг тантанали очилиши бўлиб ўтди.

Иккинчи халқаро конгресс Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси, Ўзбекистон маданият вазирлиги, бир қатор давлат, жамоат ва халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликда ўтказилмоқда.

Кун давомида «Маданий меросни сақлаш, ўрганиш ва оммалаштиришнинг долзарб йўллари умумжаҳон муаммоси сифатида: Ўзбекистон тажрибаси», «Буюк ипак йўли марказида Шарқ ва Ғарб маданий анъаналарининг ўзаро таъсири», «Инсонпарвар ва маърифий ислом Ўзбекистон маданий меросида», «Амалий безакли санъат: турмуш, эътиқод ва гўзаллик уйғунлиги», «Мовароуннаҳр китобат санъати» сингари йўналишлар бўйича Ўзбекистон ва дунё олимларининг қизиқарли, ранг-баранг маърузалари тингланди.

Маърузачилар ўз чиқишларида дунёнинг турли ҳудудларида сақланаётган ўзбек маданиятининг бебаҳо дурдоналари, уларнинг тарихи, ўрганилиши, ўзига хос жиҳатлари тўғрисида қимматли маълумотлар беришди.

– Икки йилдан бери «Ўзбекистон маданий мероси – халқлар ва мамлакатлар ўртасида мулоқотга йўл» халқаро конгрессида иштирок этиб келаяпман, — дейди Игор Савицкий номидаги Қорақалпоғистон давлат санъат музейи директори Гулбаҳор Изентаева. – Лойиҳа доирасида бизнинг музейимизга бағишланган китоб-альбом ҳам чоп этилди. Бундай илмий анжуманлар биз учун жуда катта тажриба мактаби вазифасини ўтайди. Дунёнинг йирик музейлари вакиллари билан учрашамиз, улар билан тажриба алмашамиз.

Шунингдек, анжуманда «Ўзбекистон маданий мероси дунё тўпламларида» туркумида чоп этилган «Ўзбекистон маданий мероси – давлат дин тарихи музейида», «Ўзбекистон гиламчилиги: асрларга тенгдош анъаналар», «Ўзбекистон маданий мероси  – Ўзбекистон давлат санъат музейи тўпламларида», «Ўзбекистон маданий мероси – Германия музейларида» китоб-альбомларининг ҳамда ушбу мавзуда суратга олинган ҳужжатли фильмларнинг тақдимоти ўтказилди.

Айни пайтга қадар «Ўзбекистон маданий мероси дунё тўпламларида» туркумидан ўнта китоб чоп этилди. Яна бешта китоб-альбом чоп этилиш арафасида. «Замон пресс инфо» нашриёт уйида нашрга тайёрланган бу китоблар замонавий полиграфия имкониятлари доирасида чоп этилмоқда.

– Буюк ўзбек шоири Эркин Воҳидов «Тарихингдир минг асрлар ичра пинҳон, ўзбегим» деганида нақадар ҳақ эди, – дейди Туркиядаги «Мега басин» нашриёт уйининг бош директори Селим Конду. – Чиндан ўзбек халқининг маданий мероси туркий халқлар орасида ноёб ва бетакрорлиги билан ажралиб туради. Бу улкан хазинанинг дунё миқёсидаги тарғиботида ўз ҳиссамизни қўшаётганимиздан бениҳоя мамнунмиз. Мазкур китоб-альбомлар ҳам энг илғор матбаа технологияари, ҳам қўл меҳнатидан фойдаланган ҳолда чоп этилмоқда. Биз бундай кейин ҳам ушбу ҳамкорликни давом эттириш ниятидамиз.

– Айни пайтда Ўзбекистоннинг Япониядаги маданий мероси дурдоналарига бағишланган китоб-альбом устидаги ишларимизни тугатиш арафасидамиз, – дейди Япониянинг Сигараки шаҳридаги Михо музейи махсус илмий ходими Сергей Лаптев. – Биз мазкур альбомни яратиш жараёнида Япониянинг ўнта музейидаги экспонатларни ўрганиб чиқдик. Кунчиқар ўлкада сақланаётган Ўзбекистонга оид энг қадимий артефактлар VIII асрга бориб тақалади. Бу нодир топилмалар айни пайтда император саройида сақланади ва япон халқининг миллий хазинасидан ўрин олган. Бу мисоллар Япония ва Ўзбекистон орасидаги маданий алоқалар жуда узоқ тарихга эгалигини исботлайди.

Эслатиб ўтамиз, иккинчи халқаро конгресс доирасида Санкт-Петербургдаги Россия этнография музейи, Кунсткамера, Дин тарихи давлат музейи, Россия миллий кутубхонасида Ўзбекистон маданий меросига оид кўргазмалар ташкил этилган. «Ўзбекистон маданий мероси – халқлар ва мамлакатлар ўртасида мулоқотга йўл» иккинчи халқаро конгресси бугун, 8 июнь куни ўз ишини якунлайди.

Рустам Жабборов, Санкт-Петербург

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг