Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

«Султон Жалолиддин Мангуберди» романи нашр этилди

«Султон Жалолиддин Мангуберди» романи нашр этилди

Фото: «Xabar.uz»

Яқинда «Янги аср авлоди» нашриёти томонидан ёзувчи ва олим Бахтиёр Абдуғафур қаламига мансуб «Султон Жалолиддин Мангуберди» романининг биринчи китоби чоп этилди. Мазкур асар мўғулларнинг Хоразмшоҳлар салтанатига босқини давридан султон Жалолиддиннинг шимолий Ҳиндистон заминида давлат тузишигача бўлган давр воқеаларини ҳикоя қилади.

Асарда султон Жалолиддин Мангубердининг биз билмаган қиёфа-қирралари очилади. Буюк аждодимимиз биз тарих китобларида ўқиганимиздек нафақат моҳир саркарда, балки дин ва миллат ҳимоячиси, юрт жонкуяри ҳамдир.

Асарда ануштегин хоразмшоҳлар давлатининг маънавий емирилиши султон Аловуддин Муҳаммад ва унинг онаси малика Туркон қисматида ёритилади. Бундан ташқари, салкам юз эллик йил яшаган давлат таназзулли тарихий шароит тақозоси экани бадиий гавдалантирилади.

Муаллиф мўғул босқини арафасидаги хоразмшоҳлар давлатининг маънавий ҳаётини бир қатор образлар, жумладан, малика Туркон, султон Аловуддиннинг содиқ амири Қутлуғхон, унинг ходим ал-хасси (хос ходими) ва мамлуги Салоҳиддин, мунший Шиҳобиддин Нурқалам, чўрига айлантирилган аслзода қиз Нури биби орқали ёрқин бўёқларда тасвирлайди. Ўша давр ҳукмдорлар ҳарами, ундаги маънавий-маърифий ҳаётга назар ташлайди. Ва албатта, асосий манзаралар — султон Жалолиддиннинг мўғулларга қарши машҳур жанглари — Парвон ва Синд ёқасидаги муҳорабалари, онаси ва ҳарамини асов дарёга чўктириш тасвири асарнинг кулминацион нуқталари ҳисобланади.

Романни ўқир экансиз, мўғул босқини арафасида Қулзум (Каспий)дан Ирғиз дарёсигача (Қозоғистонда) бўлган улкан ҳудудни қамраб олган салтанатни икки ҳукмдор — Гурганчда малика Туркон, Самарқандда эса султон Аловуддин Муҳаммад идора қилишини, ҳокимият амалда малика Турконга қариндош қипчоқ амирлар қўлида эканини билиб оламиз. Малика Туркон ва унинг қариндошлари, қудратли қипчоқ амирлар Қутбиддин Ўзлоғшоҳни тахт учун асосий давогар сифатида кўришларини англаймиз. Султон Аловуддин эса тўнғич ўғли Жалолиддинни тахт вориси сифатида кўргиси келади, лекин буни амалга ошира олмайди. Бироқ мўғуллар бирин-кетин шаҳарларни ола бошлайди, султон Аловуддин эса қоча-қоча Қулзумдаги кимсасиз оролга келади. Шу ерга барча ўғиллари — Жалолиддин, Ғиёсиддин, Қутбиддин ва Рукниддинни чақиради. Умрининг сўнгги дақиқаларини ўтказаётган султон Аловуддин ота мерос қилични Жалолиддинга беради ва уни ўзидан кейинги султон деб эълон қилади: «...Султон титроқ қўллари билан оғир, қини турфа қимматбаҳо тошлар, Бадахшоннинг асл ақиқ ва ёқутлари билан зийнатланган қилични олиб, Жалолиддиннинг белига тақди. Ҳали билагида кучи борлигида бундай қиличларни ёғоч тахтадек ўйнатарди. Энди-чи? Қилични ўғлининг белига таққунича жиққа терга ботиб, ҳолсизланиб қолди...» Шу тариқа, султон Жалолиддин салтанат тахтига чиқади ва мўғулларга қарши курашни бошлайди. Бу воқеалар романда ўзига хос тарзда баён қилинади.

Аммо, шаҳзода Қутбиддиннинг тарафдорлари — қипчоқ амирлари султон Жалолиддинга қарши фитна уюштиришади ва у Ғазнига кетиб, шу ерда Чингизхонга қарши курашни давом эттиради.

Асардаги бош қаҳрамонлардан бири малика Турконнинг тақдири ҳеч кимни бефарқ қолдирмайди. Унинг ҳарам доирасига ҳаёти, Гурганчдан кетиши арафасида аслзода асирларнинг Аму сувига ғарқ қилиши, мўғуллардан қутулиш умидида Илол қалъасида яшириниши-ю қўлга тушиши маҳорат билан тасвирланган.

Шунингдек, тарихий фактлар — Искандар навбаси, халифа Носиридинуллоҳ Абул Аббоснинг хоразмшоҳларга қарши мўғуллар ва қорахитойлар билан махфий мукотабаси (ёзишмаси) бадиийлаштирилган.

Романдаги тарихий топилмалардан бири султон Жалолиддиннинг Парвон жангида мўғулларнинг машҳур жазо қўшини, замонавий ҳарбий тилда айтадиган бўлсак, махсус қўшин — Кешикни илк марта енгиши тасвиридир. Мўғулларнинг енгилмас баҳодирлари султон Жалолиддиннинг хос навкарлари — мамлукларидан енгилади. Бунгача мўғулларнинг бу қўшини ҳеч қаерда енгилмаган ва доим зафар қозониб келган эди. Романдан ўрин олган яна бир тарихий ҳақиқат — султон Жалолиддиннинг Синд дарёси бўйида ҳукмикуш савашидир. Султон Жалолиддиннинг ҳаётидаги энг аламли ва қақшатқич мағлубиятини ёзувчи ўзига хос оғриниш билан тасвирлайди.

Асарда султон Жалолиддиннинг давлат сиёсати ва тутуми ҳақида ҳам маълумот берилади. Хусусан, романда қуйидаги жумлаларни ўқиймиз:

«...Ҳобгоҳига чекинган Жалолиддиннинг хаёлини ҳукумат ишларини тартибга солиш эгаллаб олганди. Қўшин ҳисоби, таъминотига масъул девон ал-жайшга[1] кимларни қўймоқ лозимлигини кўнглидан кечирди; хаёлан муҳосиб[2], жамакдор[3], силоҳдор вазифаларига муносибларни белгилади. Соҳиби девон ал-жайш[4] этиб кимни сайлаш кераклиги борасида анча бош қотириб қолди. Азалдан Хоразмшоҳлар ҳукуматида ҳарб аҳлининг мавқеъ ва эътибори юқори бўлган. Бас, шундай экан, ориз[5] салтанат ҳарбий қудратидан бохабар, лашкарий ишда тажрибали, билимли ва ўқувли бўлмоғи зарур. Шукрки, бундай кишилар бор. Унинг хаёлидан бирин-кетин Кузбор Малик, Темур Малик, Ахос Малик ва бошқалар ўтди. Уларга бемалол ишониши, суяниши мумкин. Салтанат молияси билан аввалгидек девон ул-ишроф[6] шуғуллансин, мушрифлар[7] хазина кирим-чиқимини назорат қилсинлар. Йулуқ ас-султонда[8] қиссадорлар[9] фуқаронинг шикоятларини қабул қилиб, султонга етказишсин...»

Мўғуллар хонавайрон қилган салтанатни тиклаш Жалолиддиннинг мақсади. Шу йўлда курашади. Не кулфатки, бу орзу-умидлари армонга айланади:

«Синд соҳилига қадалган Хоразмшоҳ қўшини бўлакларга бўлиб ташланганди. Мўғуллар энди ҳар бир бўлакни алоҳида қира бошлаганди. Хоразмшоҳ қўшини ҳали жанговар қудратини йўқотмаган, мисоли яраланган шер эди. Лекин қўшинга усул қўллагани, ёғий черигига юзлашгани майдон йўқ эди. Минглаган лашкар бир жойда тўпланиб, қисилиб қолганди. Гўёки, улкан қозонда одамлар ва отлар қайнаётгандек эди. Мўғулларга худди шу нарса керак эди. Улуғ хоқондан[10] сўнгги кўрсатмани олган мўғуллар жамъи қурол-яроғни ишга солиб Хоразмшоҳ қўшинини қиришга тушди...»

Енгилган хоразмшоҳ Ҳиндистон шимолида давлат қуради. Ён-атроф музофотлардаги ройи ва рожалар итоатга келишади. Ҳатто Деҳли ҳукмдори султон Шамсуддин Элтутмиш Жалолиддин билан муроса қилишга мажбур. Бироқ, Ҳиндистоннинг бошқа ҳукмдорлари султон Шамсуддин Элтутмиш бошчилигида бирлашадилар ва Жалолиддинга қарши юриш бошлайдилар...

«...Ҳиндистондан Ироққа юзланган султон Жалолиддиннинг қўшини бир неча чақиримга ёйилган. Олдинда, харас иҳотасида, султон ва унинг ҳарами. Улардан хийла орқароқда девон аъёнлари, амирлар. Навкарлар эса тўда-тўда бўлиб олишган. Қўшинга хос на тартиб, на интизом бор. Одамларнинг ҳам, ҳайвонларнинг ҳам аҳволига ҳавас қилиб бўлмайди. Одамлар юз-кўзларини ўраб олишган. Ҳарамдаги гўдаклардан бири ҳушини йўқотган, болаларнинг силласи қуриган...»

Роман-дилогиянинг биринчи китоби султон Жалолиддиннинг Ҳиндистондан Ироққа юзланиши билан хотима тугайди.

Дилогиянинг иккинчи қисмида султон Жалолиддиннинг Форс ва Ироқ, Озарбайжон ва Грузиядаги саргузаштлари қаламга олинади. Иккинчи қисм ҳам тез кунларда нашрдан чиқса, ажабмас.

Тарихий бадиий асарларни севувчиларга ушбу роман муборак бўлсин.


Ўқинг: Ёзувчи ва олим Бахтиёр Абдуғафур билан суҳбат.


[1] Қўшин ҳисоби, қурол-яроғи ва таъминотини идора қилувчи идора

[2] Лашкар ҳисобини олувчи киши

[3] Хос навкарлар (шахсий гвардияга) маош улашувчи киши

[4] Девон ал-жайшни идора қилувчи амалдор

[5] Девон ал-жайшни идора қилувчи амалдорнинг номи

[6] Салтанатнинг молия-назорат идораси

[7] Девон ул-ишроф ходими

[8] Шикоятлар девони

[9] Йулуқ ас-султонда фуқароларнинг шикоятларини қабул қилиб, ҳафтанинг пайшанбасида султонга етказувчи ходим

[10] Чингизхон

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг