Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Таниқли актёр профилактик рейд пайти маст ҳолатда қўлга тушди

Таниқли актёр профилактик рейд пайти маст ҳолатда қўлга тушди

Фото: «GUVD.uz»

2018 йил 25 январь куни «Профилактика куни» муносабати билан Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ шахсий таркиби томондан 11 та туманнинг 22 та маҳалласида профилактик рейд ўтказилди. Мазкур тадбирнинг ўтказилишига 186 нафар ходим жалб қилинди.

Уларнинг асосий эътибори жиноятчиликнинг ва йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш, жамоат тартибини сақлаш, йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш, шунингдек, маҳаллаларда қаровсиз қолдирилган транспорт воситаларини аниқлаб, уларни автотураргоҳларга жойлаштириш, автоустахоналарни текшириб, уларда ноқонуний автомобиль таъмирлаш ҳолатларини аниқлашга қаратилди.

Тошкент шаҳар ИИББнинг хабар беришича, ўтказилган рейдлар жараёнида йўл ҳаракати иштирокчилари томонидан 3022 та қоидабузарлик аниқланди.

Шулардан маст ҳолатда транспорт воситасини бошқариш 19 та бўлиб, уларнинг ичида таниқли актёр Босид Раҳматов (1984 йилда туғилган) ҳам борлиги эътиборга молик. Бу актёр «Телба» ва шу каби бир қатор фильмлар орқали яхши таниш.

Шунингдек, транспорт воситаларини ҳужжатсиз бошқариш – 21 та, светофорнинг тақиқловчи чироғига риоя қилмаслик – 94 та, ҳаракат давомида уяли телефондан фойдаланиш – 44 та, одам ташиш қоидаларини бузиш – 307 та, тезликни белгиланган меъёрдан ошириш – 188 та, бўйсунмаслик – 5, хавфсизлик камарини тақиш қоидаларига бўйсунмаслик – 1260 та, жами 88 та транспорт воситаси жарима майдончасига қўйилган.

Бундан ташқари, 25 январь куни Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ ходимлари томонидан йўл ҳаракати хавфсизлиги бўйича шаҳардаги 116 та ўрта таълим мактаби ва 114 та мактабгача таълим муассасасида учрашув ва суҳбатлар ўтказилди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг