Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Туризм ва маданий ҳамкорлик – даврнинг муҳим йўналиши

Туризм ва маданий ҳамкорлик – даврнинг муҳим йўналиши

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг минтақавий ва халқаро аҳамиятга эга ғоя ва ташаббусларни илгари суриши – Ўзбекистон каби катта сайёҳлик салоҳият ва маданий ҳамкорлик имкониятларига эга мамлакатнинг халқаро масалаларда илғор мавқеъини яна бир бор тасдиқламоқда.

Ўз мамлакати манфаатларини изчиллик билан ҳимоя қилар экан, бу манфаатлар халқаро интеграция ва минтақавий ҳамкорликдан янада кенгроқ салоҳият касб этишини чуқур идрок қилган кучли сиёсий арбобга хос сифатни намоён қилмоқда.

Агар ҳозирги йилларда Ўзбекистоннинг туризм ва маданий меросни умумхалқ, умуминсоний аҳамиятга эга қадриятлар даражасига кўтариш йўлида қатор тарихий ҳужжатларни имзолаб, бу соҳада ислоҳотлар бошланиб кетган бўлса, кейинги икки ой ичида халқаро ва минтақавий аҳамиятга эга бир неча ғоя ва таклифлар юқори минбарлардан туриб илгари сурилди.

Октябрь ойида ЮНЕСКО қабул қилган «Хива процесси», Турк оламининг Истанбул саммитида илгари сурилган ташаббуслар ва таклифларни ҳали манфаатдор давлат ва халқаро институтлар тўлиқ «ҳазм қилиб», ўзига келиб олмасдан, халқаро майдонда ислоҳотчи-президент деб эътироф этилаётган давлатимиз раҳбари Бокуда Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти йиғинида яна янги ва долзарб таклифни илгари сурди.

Энг аҳамиятлиси шундаки, Ўзбекистон Президенти фақат ўз давлати манфаатинигина кўзлайдиган таклифларни эмас, балки аниқ, реал, қисқа пайт ичида амалиётга татбиқ этилиб, барча томонлар ва иштирокчилар манфаатли бўладиган, халқаро ва минтақавий ҳамкорлик, кооперация, аниқ иштирокчи давлатлар билан бир қаторда бутунлай бошқа узоқ-яқин давлатлар учун ҳам инвестицион жозибадор бўлган ғоя ва таклифларни илгари сурадилар.

Масалан, ўша Хива Процесси учун овоз берилишида Ўзбекистон ташаббуси билан минтақавий давлатлар учун ҳисобланган лойиҳада Хитой каби давлатларнинг ҳам маьқуллаб овоз бериши фикримизнинг яққол тасдиғидир. Бу албатта халқаро гуманитар маданий сиёсат оламида «президент Мирзиёев ташаббуслари» деган мунтазам тилга тушиб келаётган янгиликларни халқаро медиа майдондаги доимий тушунчага айлантирди.

Кеча Ашхобод шаҳрида бўлиб ўтган Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотининг навбатдаги саммитидаги нутқида Ўзбекистон президенти туризм соҳасидаги алоқаларни қайта тиклаш масаласига жиддий эътибор қаратди.

Ҳеч шубҳасиз, мазкур ташкилотга аъзо давлатлар – Ўзбекистон, Туркия, Озарбайжон Эрон, Афғонистон, Покистон, Туркманистон, Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон давлатлари тарихи, дини, урф-одат ва анъаналари бир-бирига яқин бўлган, қардош ва биродар халқлардир. Улар ўртасидаги тамаддунлар узвий бўлиб, халқларимиз азал-азалдан савдо-сотиқ алоқалари ва маданий ришталар билан чамбарчас боғлангани ҳеч кимга сир эмас.

Шу маънода 500 миллиондан кўпроқ аҳолига эга тузилмага аъзо давлатлар нафақат иқтисодий ва сармоявий салоҳияти билан, балки бой сайёҳлик салоҳиятига, жаҳон халқлари томоша қилишни орзу қиладиган бир-бирига жуда муштарак бўлган қадимий маданий ва маънавий меросга эгадир.

Тузилманинг бепоён ҳудуди Осиёнинг жануби ва ғарбини Марказий Осиё билан бевосита боғлаб, қадимий Буюк Ипак йўлининг чорраҳасида жойлашган ҳамда ҳақли равишда жаҳоннинг энг жозибадор жойларини қамраб олади. Бутун минтақада ЮНЕСКОнинг Маданий мерос рўйхатига кирган элликдан ортиқ объектлар бўлиб, яна юзлаб ана шундай қадимий ва нодир меъморчилик ва тарихий мерос объектлари дунё аҳлини ўзига мафтун этиб келмоқда.

Пандемия давридаги чекловлар туфайли Марказий Осиёга келувчи сайёҳлар сони кескин камайиб, туризм тармоғидан олинадиган даромадлар улуши пасайди. 2019 йилда Марказий Осиё минтақасига келган сайёҳлар сони 18,4 миллион бўлган бўлса, локдаун шароитларида ўтган йили бу миқдор деярли 5 маротабага қисқариб кетди.

Коронавирус хавфи тўлиқ бартараф этилмаган ҳозирги пайтда сайёҳлик тармоғининг ўз-ўзидан ривожланиб кетиши амру маҳол. Шу сабабли вазиятни фақат комплекс ёндашувлар асосида, янгича механизмларни жорий этиш билангина қутқариб қолиш мумкин.

Шу маънода Президент Мирзиёев минбардан туриб, Ўзбекистоннинг бу нуфузли ташкилотга раислик қилиш даврида амалга оширилиши зарур кўрилаетган бир қатор устувор йўналишларни амалга оширишни таклиф қилди. Улардан бири: ўта долзарб бўлиб турган ўзаро сайёҳлик алмашувларини қайта тиклаш масаласи бўлди.

«Бухоро шаҳрида 2022 йили бўлиб ўтадиган туризм вазирларининг навбатдаги учрашувида пандемиядан кейинги даврда Хавфсиз сайёҳликни ривожлантириш Умумминтақавий дастурини қабул қилиш ташаббусини билдирмоқчиман. Шу асосда «зиёрат туризми» ва бошқа қўшма сайёҳлик маҳсулотларини ишлаб чиқиш, авиақатновлар географиясини кенгайтириш, туризм инфратузилмасини ривожлантиришга жиддий эътибор қаратилган бўлар эди», дея алоҳида таъкидлади давлат раҳбари.

Сайёҳларнинг хавфсизлиги ҳеч қачон бу қадар бирламчи вазифа сифатида кун тартибига чиқмаган эди. Жаҳон сайёҳлик ташкилоти маълумотларига кўра, ҳозирда сайёҳлик йўналишлари учун барча йўналишларнинг 21 фоизи ёпиқ бўлиб қолмоқда, яна 25 фоизи қисман очилган, қолган 52 фоизи йўналишлар учун ПЗР-тест топшириш талаб қилинмоқда. Сайёҳлик компаниялари учун ҳам эндиликда «эпидемик маъқул модел»ни яратиш учун вақт ва ресурслар талаб қилинади.

Шу билан бирга, иқтисодий асоратларни юмшатиш мақсадида ҳар бир давлат пост-пандемия даврида туризм тармоғини қайта тиклашга интилаётгани бежиз эмас. Бунинг учун албатта, сайёҳларга виза олиш жараёнидан бошлаб, эмланган сайёҳларга самолёту аэропортлардан тортиб, меҳмонхоналар, маданий объектлар, зиёратгоҳларда қулай шароитлар яратиб бериш долзарб аҳамият касб этади.

Ўзбекистоннинг бой ўтмиши ва турфа анъаналаридан келиб чиқиб, катта истиқболга эга этно, жайлоо, эко ва геотуризм, гастрономик ва этнографик, тиббий туризм каби йўналишлар бўйича мазкур ташкилот доирасида биргаликда қўшма лойиҳаларни ишлаб чиқиб, ҳаётга жорий этиш, айниқса, фойдали йўналишлардан бири.

Зеро, туризм йўналиши кенгайиши иқтисодиётларнинг ўсиши, аҳоли даромад манбаалари ошишига бевосита хизмат қилади.

Ўзаро борди-келдиларнинг фаоллашуви, бу соҳадаги саъй-ҳаракатлар ва кучларни бирлаштириш элу юртларимизнинг дўстлик ва ҳамкорликни мустаҳкамлаш, барқарорликни таъминлашга қаратилган янги ҳамкорлик – бу Ўзбекистон учун ҳам, ҳамкор давлатлар учун ҳам баробар манфаатли ва истиқболли йўналишдир.

 Турсунали Қўзиев,

Маданий мерос агентлиги директори вазифасини бажарувчи

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг