Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Туркманистон 2018 йилда туризм учун мақбул йўналиш деб топилди

Туркманистон 2018 йилда туризм учун мақбул йўналиш деб топилди

Туркманистоннинг тарихий обидалари ўтмиш билан қизиқувчи сайёҳларнинг диққатини ўзига тортиши табиий.

Фото: «commons.wikimedia.org»

Италиянинг «Rai Tre» телеканали томонидан ўтказилган сўровномага кўра, Туркманистон 2018 йил учун энг мақбул йўналиш деб топилди. ОRIENT.tm ахборот агентлиги хабарига кўра, мазкур сўровда дунёнинг турли қитъаларига саёҳат қилган туристларнинг, мазкур телеканал орқали ёритилган, турли мамлакатларга оид кўрсатувларни кўрган томошабинларнинг фикрлари ўрганилган.

Дарҳақиқат, Туркманистоннинг тарихий обидалари ўтмиш билан қизиқувчи сайёҳларнинг диққатини ўзига тортиши табиий. Жумладан қадимий Олтин-тепа шаҳри ўзининг тош обидалари билан “Туркманистондаги Стоунхендж” номини олган. Бу қадимий шаҳар Бронза даврида – эрамиздан аввалги 2300-1900 йилларда бунёд этилган. Бу ерда туристлар қадимги Элам ва Шумер миххат битикларини эслатувчи битиклар  билан танишишлари мумкин.

Сайёҳларда кўҳна Парфия қадимий шаҳарлари, хусусан унинг маданий пойтахти бўлган Нисо шаҳри катта қизиқиш уйғотади. Буюк Марғиёна шаҳар ва қалъалари ҳам туристларни бефарқ қолдирмайди. Тарихда айнан шу ҳудудда юнонлар ва римликлар хитойликлар билан тўқнашишган.

Шунингдек, Туркманистоннинг шарқида ўрта асрларга оид ёдгорликлар ҳам учрайди. Эл Арслон, Текеш, Тўрабек хоним, Остона бобо мақбаралари, Қутлуғ Темур минораси сайёҳларни хаёлан олис ўтмишга етаклайди.

Эслатиб ўтамиз, ўтган йилнинг декабр ойида Туркманистонда Буюк ипак йўли бўйлаб жойлашган ёдгорликлар бўйича илмий текшириш ва археологик тадқиқотларни олиб бориш, маданий меросни кенг тарғиб этиш бўйича Давлат дастури қабул қилинган эди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг