Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Абу Дабида илк бор Ўзбекистон павильони намойиш этиладиган фестивал очилиш арафасида

Абу Дабида илк бор Ўзбекистон павильони намойиш этиладиган фестивал очилиш арафасида

Абу Дабида БААнинг маданий тарихий меросига бағишланган Шайх Зайид фестивали очилишига қизғин тайёргарлик кўрилмоқда. Унга турли давлатлардан ўн минглаб меҳмонлар ташриф буюради. Аввалроқ Абу Дабидаги фестивалда илк бор Ўзбекистон павильони намойиш этилиши ҳақда хабар берган эдик.

«Бизнинг асосий вазифамиз мамлакат аҳолиси ва туристлар эътиборини Амирлик тарихи ва миллий хусусиятларига қаратишдир. Бу йил тадбирнинг географик чегаралари сезиларли даражада кенгайди ва биз Ўзбекистон ўзининг такрорланмас дастури билан иштирок этаётганидан хурсандмиз», - дейди фестивал ташкилотчи қўмитаси раиси ўринбосари Хумейд Ал Нейяди.

30 ноябрь куни Ал-Васба туманида «БАА: жаҳон маданиятлари тўқнашув нуқтаси» шиори остида меҳмонлар кутиб олинди.

Ўзбекистон делегацияси фестивалдаги энг катта экспозицияни намойиш этди. Павильон улкан Регистон майдони шаклида бўлиб, ён атрофидаги ҳужраларда хунармандчилик, нақш ўймакорлиги, гиламдўзлик, сўзана тикиш санъати каби ўзбек миллий маданий мерослари экспозициялари ва амалий санъат яралишини намойиш қилувчи миниатюра рассомлари ўрин эгаллаган.

Фестивал меҳмонлари ўзбек миллий рақслари лазги, тановар ва муножот, мақом ва бахшилар куйлари, доирачи ва дуторчилар санъатидан баҳраманд бўлишлари мумкин.

Дастурнинг асосий тадбирлари 2 декабр куни бўлиб ўтади. Миллий ҳунармандлар ва ошпазлар томонидан мастер класслар ташкил этилиб, ўзбек миллий либослари кўргазмаси бўлиб ўтади. Ўзбек миллий маданий павильони марказида эса катта қозонда 10 минг кишилик ош пиширилиши кўзда тутилган.

Шунингдек, фестивал давомида ташриф буюрувчилар ва нуфузли меҳмонлар учун «Ўзбегим» ва «Мақом» китоб албомларининг расмий тақдимот маросими ўтқазилиши ҳам кўзда тутилган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг