Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

«Ўзбекистон» нашриёти халқаро кўргазмада Гран-прини қўлга киритди

«Ўзбекистон» нашриёти халқаро кўргазмада Гран-прини қўлга киритди

Фото: Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги вхборот хизмати

Остонада давом этаётган «III Евроосиё халқаро китоб кўргазма-ярмаркаси» қизғин паллага кирди. Аввалроқ ушбу халқаро кўргазма очилгани ва унда Ўзбекистон делегацияси ҳам иштирок этаётгани ҳақида хабар берган эдик.

Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги бош директорининг биринчи ўринбосари Собир Шукуров бошчилигидаги делегация Қозоғистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги масъул котиби Куатжон Уалиев билан учрашув ўтказди, деб хабар бермоқда агентлик ахборот хизмати. Хабарда икки томонлама ҳамкорлик алоқаларини янада кенгайтириш масалалари муҳокама қилингани таъкидланади.

Маълум бўлишича, халқаро кўргазма доирасида таниқли ёзувчи ва шоирлар, маданият намояндалари билан учрашувлар, китоб тарғиботига доир тадбирлар давом этган. «Корме» кўргазмалар марказининг конференциялар залида Ўзбекистон халқ шоири, Олий Мажлис Сенати қўмита раиси Иқбол Мирзо билан ижодий учрашув, «Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф: ислом оламининг буюк даҳоси» мавзусида давра суҳбати ташкил этилган. Куннинг иккинчи қисмида кўргазманинг фаол иштирокчиларини тақдирлаш маросими ўтказилган.

Евроосиё халқаро китоб кўргазма-ярмаркаси ташкилий қўмитаси томонидан Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги, Агентлик тизимидаги «Ўзбекистон», Ғафур Ғулом, Чўлпон номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйлари, «Ўзбекистон миллий энциклопедияси» давлат илмий нашриёти, Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон миллий кутубхонаси, «Шарқ» нашриёт-матбаа акциядорлик компанияси, «Янги аср авлоди» нашриёт-матбаа маркази, «Hilol nashr» нашриёт-матбаа корхонаси, «Бухоро китоб олами» масъулияти чекланган жамияти халқаро кўргазмадаги фаол иштироки учун тақдирланди.

Чўлпон номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйи («Внеклассное чтение» — 1–4-синфлар учун мўлжалланган дарсдан ташқари китоби учун) «Энг яхши ўқув адабиёти», «Шарқ» нашриёт-матбаа акциядорлик компанияси («Ўзбек халқ эртаклари» китоби учун) «Болалар ва ўсмирлар учун энг яхши китоб» номинацияларида махсус дипломни қўлга киритди.

Ғафур Ғулом номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйи «Наманган» китоб альбоми учун «Энг яхши ўлкашунослик» номинацияси бўйича, «Шарқ» нашриёт-матбаа акциядорлик компанияси «Алишер Навоий қомусий луғати» учун «Фан ва инновация» номинациясида I даражали дипломга эга бўлди.

Дунёнинг йигирмага яқин мамлакатидан 150 дан ортиқ нашриётлар қатнашган ушбу кўргазмада Ўзбекистон миллий павильони энг яхши экспозиция, деб топилди.

«Ўзбекистон» нашриёт-матбаа ижодий уйи томонидан чоп этилган Нурсултан Назарбаевнинг «XXI аср арафасида» китоби олий мукофот — Гран-прини қўлга киритди.

Кўргазма давом этмоқда. Ўзбекистон делегацияси халқаро ноширлик ва китоб савдоси ташкилотлари билан ўзаро ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш юзасидан музокаралар олиб бормоқда.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг