Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Халқаро мақом санъати анжумани ғолибларига қанча мукофот берилиши маълум қилинди

Халқаро мақом санъати анжумани ғолибларига қанча мукофот берилиши маълум қилинди

Президент Шавкат Мирзиёнинг 2018 йил 6 апрелдаги «Халқаро мақом санъати анжуманини ўтказиш тўғрисида»ги қарорига асосан жорий йил 6-10 сентябрь кунлари Шаҳрисабз шаҳрида Халқаро мақом санъати анжумани бўлиб ўтади. Бу нуфузли тадбирда миллий мумтоз санъатимиз жозибаси намойиш этилади, маҳаллий ва хорижлик мусиқашунослар, олимлар, хонанда ва созандалар ўзаро фикр алмашади, «Мақом мусиқа санъати ва унинг жаҳон цивилизациясида тутган ўрни» мавзусида илмий-амалий конференция ўтказилади.

Ўзбек миллий мақом санъати маркази маълумотларига кўра, анжуман доирасида бўлиб ўтадиган танлов ғолиблари Ташкилий қўмита томонидан диплом, статуэтка ва пул мукофоти билан тақдирланиши белгиланган.

Танлов ғолиблари қуйидаги мукофотлар билан тақдирланади:

«Гран-При» – 15 минг АҚШ доллари.

1-ўрин – яккахон ижрочи учун (хонанда ёки созанда) – 10 минг АҚШ доллари, ансамбль жамоаси учун – 10 минг АҚШ доллари.

Бу йўналишларда 2-ўрин совриндорларига 7 минг, 3-ўринни қўлга киритганларга эса 5 минг АҚШ доллари миқдорида пул мукофоти берилади.

Анжуман доирасида фаол ижрочиларни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш мақсадида таъсис этилган «Энг яхши мақом хонандаси», «Энг яхши мақом созандаси», «Энг яхши мақом устози», «Энг яхши мақом тарғиботчиси», «Энг яхши ёш мақомчи», «Энг яхши мақом бастакори» каби номинацияларда ғолиблар ҳам муносиб тақдирланади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг