Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

«Америка овози»га Ўзбекистонда ишлашга рухсат берилди

«Америка овози»га Ўзбекистонда ишлашга рухсат берилди

Фото: «Glasamerike.net»

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги «Америка овози» халқаро жамоатчилик радиокомпаниясини аккредитациядан ўтказди. Бу ҳақда вазирлик расмий сайтида маълум қилинди.

2018 йил 10 май ҳолатига кўра, хорижий оммавий ахборот воситаларининг 41 нафар мухбири Ташқи ишлар вазирлиги томонидан аккредитациядан ўтказилган. «Америка овози» халқаро жамоатчилик радиокомпаниясидан эса Навбаҳор Имомовага Ўзбекистонда фаолият юритиш ҳуқуқи берилган.

Ташқи ишлар вазирлиги расмий сайтидан скриншот.

ЎзАнинг ёзишича, шу давргача муайян тадбирларни ёритиш учун маълум бир белгиланган муддатли рухсатномалар берилган, бироқ малакатда эмин эркин фаолият юритиш учун ҳали америкалик бирор бир журналист бундай мақомга бугунги кунгача эга бўлмаган.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг АҚШга илк расмий ташрифини ёритиш учун Ўзбекистондан 80 га яқин оммавий ахборот воситалари ходимлари жалб этилгани ҳақида хабар берган эдик. Ушбу ташриф арафасида Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги ҳамда «Америка овози» телерадиоси ҳамкорликда туркум материаллар тайёрлашни режалаштирган. «Америка овози» мухбири Навбаҳор Имомова Шавкат Мирзиёев ташрифини ЎзА учун ёритиб турадиган журналист сифатида кўрсатилган.

Эслатиб ўтамиз, «Америка овози» («Voice of America») америка халқаро жамоатчилик радиокомпанияси дунёнинг 45 тилида, шу жумладан, ўзбек тилида ҳам телерадиоэшиттиришларни эфирга узатиб келади. Компания штаб-квартираси Вашингтонда жойлашган. Асосан янгиликлар, ахборот ва маданий дастурларни ёритишга йўналтирилган. 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг