Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Коммунизм касаллиги ёки болшевойча «лаббай»чилик

Коммунизм касаллиги ёки болшевойча «лаббай»чилик

Фото: «Сирдарё ҳақиқати»

Шу кунларда ижтимоий тармоқларда муҳокамаю мунозараларга, ҳажвияю кинояларга сабаб бўлаётган янги «тренд» – қасамёд тадбирлари кимнидир кулдирди, кимнидир чуқур ўйга толдирди. Бундай беъмани, амалдорлар тили билан айтганда, «чора-тадбирлар»нинг интиҳосини кутиб, сочимиз оқармаса бўлгани.

Яқинда, аниқроғи 19 ноябрь куни «Сирдарё ҳақиқати» газетаси сайтида «Гулистон шаҳри ҳокимлиги қаршисидаги юрт байроғи майдонида ғалладан мўл ҳосил етиштиришга азму қарор қилган Боёвут ва Гулистон туманлари фермерлари ўз аҳдларига содиқлигини ифодалаб, юрт тараққиётига беқиёс ҳисса қўшишни, нопок ишларга қўл урмасликни эзгу ният қилиб, қасамёд қабул қилгани» ҳақида хабар берилди. Қўшимча қилинишича, қасамёд тадбирлари «барча туманларда ўзгача кўтаринки руҳда ўтказилган».

Шу куннинг эртасига Самарқанд вилояти ҳокимлиги расмий сайти каттақўрғонлик шифокорларнинг қасамёд қилгани ҳақида ёзди. Энг қизиғи, ушбу «тантанали маросимга» шахсан вилоят ҳокимлари, прокуратура, ҳуқуқни ҳимоя қилиш органлари бош-қош бўлган.

Бугун эса қасамхўрлик анъанаси водийга етиб боргани, андижонлик фермерлар ҳам ёппасига қасамга мажбурланаётгани ҳақида хабарлар эълон қилинди. Қасамёд матни эса алоҳида мавзу.

Илгари совет даврида пионер ва комсомолга қабул қилинганда шундай оммавийликнинг гувоҳи бўлар эдик. Коммунизм касаллиги, большовойча итоат ва «лаббай»чилик ҳалиям бизни тарк этмагани ростга ўхшайди.

Ушбу хабарлар оммага эълон қилиниши биланоқ ижтимоий тармоқлар турли «мем»лару кинояларга тўлиб кетди. Амалдорларга пора олмаслик, ҳайдовчиларга қоидабузар бўлмаслик, ректорларга алоҳида гуруҳлар ташкил этмаслик, талабаларга баҳо учун пора бермаслик, журналистларга маддоҳлик қилмаслик ҳақида қасамёд қилиш кераклиги тўғрисида ҳазиломуз таклифлар айтилди. Деҳқонлар ўз фермерига содиқ бўлишга қасамёд қилгани тасвирланган аччиқ кинояли видеолавҳалар пайдо бўлди.

Ушбу хабарларни ўқиётиб, ўйлаб қолдим: ғалладан мўл ҳосил олаётган қўшни қозоқ фермерларига ҳам қасам ичиришганмикан? Ёки Ҳиндистон, АҚШ, Бразилия, Хитой фермерлари ниманинг ҳисобига юқори ҳосилдорликка эришяпти? Ҳиндистон, Туркия ёки Европа давлатларида юқори малакали шифокорларнинг кўп эканининг сабаби нима? Фермерни қаттиқ меҳнат қилишга, шифокорни ҳалол ва виждонан ишлашга ундаш учун унга қасам ичириш муҳимми ё шароит яратиш?

Қасамхўрликнинг бу тахлит авж олиши бевосита Президент сиёсатига хиёнат. Чунки давлат раҳбари ўзининг хар бир чиқишида халққа шароит яратиш, унинг қадр-қимматини ўз ўрнига қўйиш кераклигини, ўзбек халқи яхши яшашга ва эъзозга муносиб эканини таъкидлаб келади. Қасам ичишга мажбурлашнинг сувга тушишга, кесак кўтаришга, кўча тозалашга, пахта теришга мажбурлашдан кам жойи йўқ. Аммо ҳануз тегишли вазирликлар жим, бирор бир расмий муносабат билдирилгани йўқ. Сенатору депутатларнинг гапларига эса ҳеч ким қулоқ солмаслигига кўникиб бўлдик. Ёки Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ва Адлия вазирлигининг қасам ичишга мажбурлашга нисбатан позицияси йўқми? Ёки бу аҳмоқгарчиликни тўхтатиш кераклигини Президентнинг ўзи айтиши шартми яна?..

Ҳамонки оддий фуқароларни қасамга таяшга мажбурлаш давом этар экан, яхшиси уни болалар боғчаси ва мактаблардан бошлай қолайлик. Боғчада фарзандларимиз тўполон қилмасликка, ўз вақтида ухлашга қасам ичсин, мактаб ўқувчилари аъло баҳога ўқиш ҳақида онт ичсинлар. Ана шу руҳда давом этсак, ишончим комилки, кучли ва мустаҳкам қасамхўрлар жамиятини барпо этамиз.

Янги латифа. 2030 йилда Ўзбекистондаги мактабларнинг бирида математика дарси.
– Қани Аминов, айтчи, етти карра саккиз неччи бўлади?
– 63!
– Қандай қилиб? Исботла-чи?
– Қасам ичаман устоз, ўлай агар!..

...Қачондир фермерларимиз қасам ичмасдан ҳам мўл ҳосил етиштирадиган, шифокорларимиз ўз ишини қасамсиз сифатли бажарадиган тизим яратилишини орзу қиламан. Ноумид шайтон. Унгача ҳаммага сабр.

Жўрақул Ҳасанов

Изоҳлар 2

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг