Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Ўзбек-туркман дўстлиги абадий бўлсин!

Ўзбек-туркман дўстлиги абадий бўлсин!

Фото: Ўзбекистон Республикаси Президенти Матбуот хизмати

Туркманистон — Ўзбекистоннинг Марказий Осиёдаги яхши қўшничилик муносабатларини, ташаббусларини биринчилардан бўлиб қўллаб-қувватлаган қадрдон давлат. Туркман халқи ўзбек халқига бўлган чексиз ҳурмат-эҳтиромини яқин йилларда қатор хайрли амалий тадбирлар билан тасдиқлади.

Хусусан, Ўзбекистоннинг биринчи президенти номини абадийлаштириш мақсадида Туркманистондаги муаззам майдонга биринчи бўлиб Ислом Каримов ҳайкали ўрнатилди. Ашхободдаги кўчаларнинг бири Ислом Каримов номи билан аталди.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг Туркманистонга ташрифини қўшни мамлакатнинг каттаю кичик мезбонлари шоду хуррамлик билан қарши олдилар. Кўчаларни тўлдирган қардошларимиз чеҳрасидаги самимий табассум, «Хуш келдингиз, сафо келдингиз» деган ҳайқириқлар юракларимизни қанчалар тўлқинлантирганини ҳеч бир сўз билан тўлиқ ифодалаб бўлмайди. Тантанали кутиб олиш маросимига саф тортган туркманистонликлар шодлиги кўҳна Хазар денгизи мавжларига туташиб кетди.

Халқимиз азалдан тантилиги, лафзи ҳалоллиги, жўмардлиги, меҳмондўстлиги билан тилларга тушган. Қўшниларимизнинг бизга бўлган меҳру эътиборига муносиб эҳтиром ва эъзоз кўрсатиш бизга бобомерос фазилат. Шунинг учун Туркманистон Президентининг юртимизга ташрифини чексиз қувонч билан қаршилаб, шодлигимизни, самимий дўстлик меҳримизни изҳор қилишга ошиқамиз. Тилагимиз — ўзбек-туркман дўстлиги абадий бўлсин!

Шоира Бозорова,
журналист

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг