Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Савдо-саноат палатасига аъзолик кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари учун ихтиёрий бўлади

Савдо-саноат палатасига аъзолик кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари учун ихтиёрий бўлади

Фотоколлаж: «Xabar.uz»

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 2018 йил 12 июнь куни бўлиб ўтган навбатдаги мажлисида «Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳасини иккинчи ўқишда кўриб чиқилгани ҳақида хабар берган эдик.

Қонун лойиҳасини кўриб чиқиш давомида хорижий тажрибадан келиб чиққан ҳолда тадбиркорлар бирлашмаларига мажбурий аъзоликнинг киритилиши кутилаётгани, бу бизнес ҳамжамиятини ўзаро уйғунлаштириши ва иқтисодиётнинг умуман ривожланишига ижобий таъсир қилиши таъкидланган эди.

Қонун лойиҳасига киритилаётган ўзгартириш жамоатчилик ўртасида қизғин муҳокамаларга сабаб бўлди. Хусусан, «Korzinka.uz» тармоғи асосчиси ва раҳбари Зафар Ҳошимов телеграмдаги канали орқали қонунчиликка киритилаётган ушбу ўзгартириш юзасидан ўз муносабатини билдирди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ахборот хизматининг «Xabar.uz»га маълум қилишича, «Ўзбекистон Республикаси Савдо – саноат палатаси тўғрисида»ги қонун лойиҳасини иккинчи ўқишга тайёрлаш жараёнига тадбиркорлар, амалиётчи олимлар ва жамоат ташкилотлари вакиллари жалб қилинди  ҳамда қизғин муҳокамалар ўтказилган.

Тадбиркорлик ташаббусини амалга ошириш учун қулай шарт-шароитларни таъминлаш, бизнес ҳамжамияти ҳамда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, бошқа ташкилотлар ўртасида ўзаро манфаатли шерикликни ривожлантириш, тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш, ишбилармонлик ва инвестиция муҳитини яхшилашга ҳар томонлама кўмаклашиш, тадбиркорлик субъектларининг ташқи иқтисодий фаолиятини барча чоралар билан қўллаб-қувватлаш Савдо-саноат палатасининг асосий вазифаси этиб белгиланган.

«Мазкур қонунда палатанинг функциялари белгилаб берилди, палатанинг давлат органлари ва бошқа ташкилотлар билан ҳамкорлиги, палата фаолиятини ташкил этиш, шу жумладан палатага аъзолик масалалари тартибга солинди.  Унда мамлактимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари учун палатага аъзолик ихтиёрий қилиб белгиланди. Қонун Сенатга кўриб чиқиш учун юборилди», дейилади Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ахборот хизматининг хабарида.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг