Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Аброр Зоҳидов

Келажакка умид қилиш яхши, аммо айни дам ҳам гўзал эканлигига шукр қилиш унданда яхши.

Ақлни ўғирловчи тошлар

Ақлни ўғирловчи тошлар

Фото: «gazeta.a42.ru»

Олмос инсониятга эрамиздан аввалги бешинчи асрларданоқ таниш бўлсада, сўнмас шон-шуҳрат ва ҳақиқий қадрга нари борса беш-олти аср олдин эришган. Бор йўғи нўхотдек тошлар учун қонлар тўкилган, урушлар очилган, авлодлар таназзулга юз тутган. Севимли ёзувчимиз Пиримқул Қодиров дунёнинг энг машҳур олмосларидан бири «Кўҳинур»нинг Мирзо Бобур ва унинг авлодлари тақдирида қай даражада муҳим ўрин тутганини усталик билан тасвирлаган. Ҳақиқатдан ҳам «Кўҳинур» энг йирик бўлмасада ўз тарихига кўра энг машҳур олмосдир. Бугун саҳифамизда ана шу каби тошлар ҳақида ҳикоя қиламиз.

Олмос фақат бир элемент – углероддан ташкил топган ягона қимматбаҳо тош ҳисобланади. Фанга ҳалига қадар олмосдан қаттиқроқ модда маълум эмас. Табиатнинг мўъжизасини қарангки углероднинг яна бир шакли – графит энг юмшоқ моддалардан бири ҳисобланади. Олмоснинг бу хусусияти тарихда жуда қизиқ воқеаларга сабаб бўлган. Узоқ вақтга қадар зарба таъсирида майдаланиб кетган олмослар қалбаки сифатида чиқитга чиқарилган. 476 йилда бургунд герцоги Жасур Карл ва француз қироли Людовик ХI ўртасидаги жангда қирол жангчилари Карлнинг чодирига киришга муваффақ бўлишади ва у ердаги кўплаб қайта ишланган олмослар-гавҳарларни қўлга киритишади. Улар тошларнинг асл-аслмаслигини болға ёрдамида уриб текшириб кўрадилар. Гавҳарлар майдаланиб кетганини кўрган жангчилар уларни қалбаки дея баҳолаб, ҳафсалалари пир бўлади. Шу синов билан қанчалик асл тошлар йўқолиб кетгани тўғрисида аниқ маълумотга эга эмасмизу, лекин тарихнинг турли босқичларида турли хил одамлар хазинасининг тўридан жой эгаллаб, бугунги кунгача етиб келган энг машҳур олмослар ҳақида маълумотларни бугун эътиборингизга ҳавола этамиз.

* Ҳажмига кўра энг йирик олмос «Куллинан» деб номланади. У 1905 йилда ЖАРнинг Претория шаҳри яқинида топилган. Вазни 3106 қирот(ёки 621 г)га тенг бу тош, 9 млн. фунт стерлингга баҳоланган. Бу олмос англия қироли Эдуард VI га совға қилинган. Ишлов бериш натижасида «Куллинан» 105 қисмга бўлиб юборилган. Энг йирик бўлак 516,5 қирот (103,3 г) тенг бўлиб, « Африка юлдузи» номини олган.

«Кўҳинур» олмоси

* «Кўҳинур» олмоси ҳеч қачон пулга сотилмаган. Эрамиздан аввалги 56 йилда Ҳиндистон ҳудудида топилган бу олмос 1304 йилда султон Оловуддин томонидан Малва шоҳидан макр-ҳийла йўли билан тортиб олинган. 1526 йилда Бобур Мирзо Ҳиндистонни эгаллайди ва «Кўҳинур» унинг ўғли Ҳумоюннинг қўлига тушади. Ҳумоюн Мирзо қувғинда юрган оғир кунларида жонига оро кирган Эрон шоҳига олмосни тортиқ қилади. Вақт ўтиб Эрон шоҳи «Кўҳинур»ни Ҳумоюн Мирзога қайта тортиқ қилади. «Кўҳинур» 1848 йилга қадар Ҳиндистонда қўлдан-қўлга ўтиб юради. Инглиз аскарлари қўлига тушган олмос Англияга ўлжа сифатида жўнатиб юборилади ва қайта ишланиб Англия қироличаси тожига ўрнатилади.

Англия қироличаси тожидаги «Кўҳинур» олмоси. Фото: grol1410.livejournal.com

* Яна бир йирик «Регент» олмоси 400 қирот (80 г) вазнга эга бўлиб, 1701 йилда Ҳиндистонда топилган. Мадорас шаҳрининг англиялик губернатори – собиқ денгиз қароқчиси Томас Питт бу олмосни 20 000 фунт стерлинг эвазига маҳаллий бир заргардан сотиб олади ва Лондонга олиб кетиб, 1717 йилда Франция регентига 125000 фунт стерлингга сотиб юборади. Шундан кейин бу олмос «Регент» номини олади. Ўз вақтида бу олмос Наполеон қиличи сопини безаган. Ҳозирги кунда «Регент» қайта ишланган ва 27,35 г вазнга эга. Франциянинг Лувр музейида сақланадиган бу олмос 3 млн. долларга баҳоланган.

* «Мальта Рожаси» дея номланувчи олмос 1787 йилда Борнео оролида топилган. Ўзига хос жиҳати қайта ишланмаган бўлсада ғаройиб ноксимон шаклга эга. 73,4 г. Вазнли бу тош жуда чиройли нур таратади.

«Орлов» гавҳари

* 200 қиротли (40 г) «Орлов» гавҳари узоқ вақт давомида Россия тожини безаб турган. Бу бриллиантнинг асоси бўлган олмос ҳам XVI асрда Ҳиндистонда топилган. Олдинига атиргул шаклида қайта ишланган олмос 300 қиротли гавҳарга айланган. Шоҳжаҳон Мирзо бу ишловдан кўнгли тўлмай яна қайта ишлашни буюрган тош вазни 200 қиротга тушиб, ҳозирги ҳолатга кирган. Ўн саккизинчи асрда ўғирлаб кетилган бу тош турли йўллар билан Кўҳна Қитъага –Амстердам бозорига келиб қолади. Рус графи Орлов 1773 йилда уни 400 минг рублга сотиб олади ва Екатерина II га тортиқ қилади. Ўз даврида бу жуда катта пул эди.

«Шоҳ» олмоси

* «Шоҳ» олмоси 90 қирот (18 г) вазнга эга ва сариқ рангда жилоланади. 3 см узунликка тенг жуда шаффоф бу тош тахминан 1450 йилда Ҳиндистонда топилган. 1591 йилда Низомшоҳ олмоснинг бир томонига форсийда: «Бурхон-Низомшоҳ Иккинчи. 1000 йил» деган ёзувни ёздиради. Ўша йилиёқ Бобур авлоди бўлган Акбар Низомшоҳни енгади ва олмосни қўлга киритади. Акбарнинг авлоди Шоҳжаҳон Мирзо тошга «Шоҳжаҳон. 1051 йил.» деган битик ёздиради. Унинг ўғли Аврангзеб бу олмосни зумрадлар билан қуршаб, ўз тахтини безатади.

1738 йилда Нодиршоҳ Ҳиндистонга ҳужум қилади ва бу олмосни Эронга олиб кетади. 1824 йилга келиб олмоснинг яна бир юзасида навбатдаги - «Олампаноҳ Каджар-Фатҳ али- Султоншоҳ. 1242 йил» деган ёзув пайдо бўлади.

1829 йилда Теҳронда рус дипломати ва ёзувчиси А. С. Грибоедов ўлдирилади. Россия ҳукумати жиноятчилар аёвсиз жазоланишини талаб қиладилар. Муносабатлар совуқлашишидан қўрққан шоҳ оиласи шаҳзода Хисрав Мирзони Петербургга шоҳ олмосини тортиқ қилиш учун юборади ва шу тариқа бу олмос ҳам Россия империяси мулкига айланади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг