Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

11 йилга «кесилган»нинг «иши» қайта кўрилар энди?

11 йилга «кесилган»нинг «иши» қайта кўрилар энди?

Фото: «Norma.uz»

Ҳайит арафасида икки ҳодиса одамни севинтирди: бири — қамоқдагиларга умумий кечирим қўлланди; иккинчиси — Яқин Шарқда сарсон юрган ватандошлар юртга қайтарилди!

Давлатимиз сиёсати тобора инсонийлик томон юз бураётгани мени жуда шавқлантирди тўғриси!

Лекин яқиндагина Тошкентда икки ёш йигит 11 (ўн бир) йилдан қамоққа ҳукм қилинганини эслаб, юрагим сиқиляпти.

Йигитлардан бирини танийман. Муҳаммадхон Абдурашидов. Ижтимоий тармоқда саҳифаси бор эди. Бирон марта шубҳали фикр-мулоҳазасини кўрмаганман. Жуда одобли, ўта раҳмдил, намозхон йигит.

Ота ўлиб, ўзи ягона боқувчи бўлиб қолгач, қаттиқ тиришиб, карисчани мустақил ўрганиб, Жанубий Қурияда ишлаб юрарди.

Иттифоқо, бир аёл «Фейсбук» тармоғи орқали хайрсевар кишиларга умумий мурожаат этиб, эри ўлиб боқувчисиз қолгани, болалари оч-яланғоч экани ҳақида ёзиб, ёрдам сўрайди.

Муҳаммадхон унга раҳми келади, пули бўлатуриб сассиз қолишга виждони қийналади ва Жанубий Қуриядан унга маълум миқдорда пул жўнатади.

Бева аёл Суриядан мурожаат қилган бўлиб чиқади!

Бу хабар бизнинг органларга етиб келади ва йигит ватанга қайтганидан кейин уни дабдабаю асъаса билан қўлга олишади.

«Сурияга террорчиларга пул ўтказиш» айби устига яна бошқа – қўшнисига намоз ўқишни ўргатгани, ижтимоий тармоқларда очиқ тарқалиб ётган айрим маърузаларни эшиттиргани ва ҳоказо «айб»лар ҳам тиркалиб, 11 йилга кесиб юборишди!

Кекса она, ёш хотин ва икки яшар гўдак ягона қаровчи-боқувчисидан айрилиб қолаётгани... каби енгиллатувчи ҳолатлар ҳисобга олинмади, раҳм-шафқат қилинмади – ҳукм қаттиқ чиқди.

Бугун давлатнинг ўзи 156 нафар инсонимиз (асосан бева аёллар ва болалар)ни Суриядан ватанга қайтарди. Балки ораларида бу йигитдан ёрдам пули олган ўша бева аёл ҳам бордир.

Президент йўл очди, давлат уларга эга чиқди, ҳар томонлама ёрдам беришга ҳаракатлар бўляпти. Шундай бир пайтда Муҳаммадхон Абдурашидов ва у кабиларнинг «жиноий иши» қайта кўриб чиқилиб, холис ҳуқуқий баҳо берилиши керак, деб ўйлайман.

Шунда адолат қилинган бўлади!

Мантиқан қараганда ҳам, энди унинг ишида жиноят белгилари қолмади, ҳисоб.

Бугун давлат қилаётган ишни у сал эртароқ қилиб қўйди, холос.

Нуруллоҳ Муҳаммад РАУФХОН, ёзувчи

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг