Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

15 йиллик абитуриент: «Талаба бўлишни ҳеч ким мендай орзу қилмаган»

15 йиллик абитуриент: «Талаба бўлишни ҳеч ким мендай орзу қилмаган»

Баъзилар ота-онамга ўқишга «осонгина» киритиб қўйишни ҳам таклиф қилишган. Аммо мен кўнмаганман.

Фото: «Xabar.uz»

Ҳар бир абитуриентнинг ягона орзуси – талаба бўлиш. Баъзи ёшлар билими етишмаслиги, баъзан эса омади келмаганлиги сабаб талабалик бахтига етишолмайди. Бир марта омад чопмаганидан кейин яна китобларга кўмилиш, яна абитуриент бўлиш ҳамманинг ҳам қўлидан келавермайди. Университет эшиги олдидан икки, уч йил умидсиз қайтган абитуриентни тушуниш мумкин. Шунда ҳам мақсадидан оғишмаслиги учун унга руҳан далда бергимиз келади. Бугунги меҳмонимиз ўн тўрт йил талабалик номига етишолмай, бу йил ҳам ҳужжатларини кўтариб, мақсади йўлида қадам ташлаётган абитуриент Дилдора Дўстбековадир!

— Ўн бешинчи йил олий ўқув юртига ҳужжат топшираётганингизни эшитиб, ҳам сабрингизга, ҳам матонатингизга қойил қолмай илож йўқ. Айниқса, ҳар йили репетиторга қатнаганингиз, китобларни қайта-қайта ўқиганингиз таҳсинга лойиқдир. Лекин абитуриентга билим билан бирга омад ҳам керак экан-да. Нима дедингиз?

— Албатта омад ҳам керак. 2001 йили Жиззах вилояти Шароф Рашидов туманидаги 35-мактабни аъло баҳога тугатдим. Болалигимдан оиламизда китобга, ўқишга муҳаббат баланд бўлган. Акам, укам, сингилларим ҳам яхши ўқишган. Мактабни тугатиб, Жиззах давлат педагогика институти қошидаги 2-академик лицейга ўқишга кирдим. Шундан сўнг талаба бўлиш асосий мақсадимга айланди. 2003 йили биринчи марта ҳужжатларимни кўтариб, институт эшигига умид ва шахдам қадамлар билан борганим эсимда. Ўша ҳаяжонни ҳозир ҳам туяман. Кетма-кет омад ҳам мендан юз ўгирди. Ҳар йили кириш балига озгина етмай қоларди. Худди тақдир мени синаб кўраётгандек эди. Аммо енгилмадим.

— Одатда қиз бола бир-икки йил ўқишга киролмаса, ота-онаси унинг ҳунар ўрганишига имкон яратади ёки турмушга узатишади. Сизда-чи, шундай воқеалар юз бермадими?

— Ота-онам оилада ўғилми, қизми ўзи истаган касбни танлашига рухсат беришган. Сингилларим ҳамшира бўлишни орзу қилишарди. Шу соҳада ўқишди, ишлашаяпти. Мен эса болалигимдан ижод қилиб турардим. Яна қадимий тақинчоқларни йиғиш одатим бор эди. Кетма-кет Жиззах давлат педагогика институтининг тарих факультетига ҳужжат топширдим. Аммо йиқилишдан чарчамадим.

Ўқимишли бўлай, оила бир гап бўлар деб турмуш қуришни унутдим. Бирор кимга кўнгил қўйиб, у билан оила қуришни ўйламадим ҳам. Мақсадим олий маълумотли бўлиш эди. Менинг уч синглим бор. Ота-онам, «Ноним пишгунича кулчам куйиб кетмасин» қабилида сингилларимни бирма-бир узатишди. Ҳозир учаласининг ҳам фарзандлари бор. Баъзи абитуриентлар ўқишга киролмаса, руҳий тушкунликка тушиб қолади. Менда асло бундай бўлган эмас. Йиқилганимни кўришим билан тушкунликка тушмай яна тайёрланишни бошлаганман.

Биласизми? Ҳар йили ҳужжатимни топширгани бораётсам қўшниларимиз ҳам дуо қилишади. Имтиҳон жавоби чиққунича қариндошлар, яқинлар тез-тез сўраб туришади. Талаба бўлишни мендай орзу қилган абитуриент бўлмаса керак. Ҳатто ҳужжат топширишга ҳам оқ кофта, қора юбкада бораман. Худди талабалардек... Баъзан кўчаларда, хиёбонда йигит ва қизларнинг сайр қилиб юрганини кўрсам, жаҳлим чиқади. Шартта олдига бориб, «Дарсингни қилсанг бўлмайдими? Нега ўқишга бормадинг? Ахир сендек талаба бўлишни мен ўн йилдан зиёд кутдим» дея уришиб бергим келади. Шуларнинг ўрнида мен талаба бўлганимда эди. Бир соат ҳам дарс қолдирмасдим.

Аввало шунчалик кўнглимга қарагани, совчилар келса «Қизим аввал ўқишга кирсин» деб менинг олий маълумотли бўлишимни мендан ҳам ортиқ истаган отамга катта раҳмат айтмоқчиман. Ҳар куни тайёрланишим учун китоб кўтариб келишдан чарчамайди.

— Шунча вақт ичида йўлингиздан, мақсадингиздан қайтарадиганлар бўлмадими? Ёки кириш имтиҳонидан кўнглингиз қолмадими?

— Кимлар учундир 1 август имтиҳони оддий кундир. Аммо мен ўша кунни бир йил интиқлик билан кутаман. Ўқишга кириш учун шунчалар тайёрландимки, менга илк марта репетиторлик қилган ўқитувчим талаба бўлишимни кўролмай вафот этди. Ҳатто охирги вақтлари менга ичи ачиганидан бепул дарс ўтарди. Балки ишонмассизлар, мен шпаргалка нималигини билмайман. Юқорида айтганимдек, имтиҳонга ҳам талабалардек кийиниб бораман. Бир вақтлар ота-онамга баъзи ўқитувчилар «осонгина» киритиб қўйишни ҳам таклиф қилишган. Аммо мен кўнмаганман.

— Бугунги кунда ёшларга жуда кўп имкониятлар яратилган. Наҳотки бирортасига ҳаракат қилмадингиз?

— Ўзим ижодкор қизман, ҳозир ҳам шеърлар машқ қилиб тураман. Иқтидорли болалар лицейида таълим олганимда ўқитувчиларим Зулфия номидаги давлат мукофотига ҳужжат топширишимни маслаҳат беришганди. Мен эса «Қачон талаба бўлсам, ушбу мукофотга ҳужжат топшираман. Агар ҳозир мукофотни олсам, худди имтиёзли ўқиш учун олгандек бўлиб қоламан» деб топширмаганман. Аслида эса бирданига имтиҳонга кирмасдан талаба бўлиш, неча йиллар кўзининг нурини кетказиб китоб ўқиётган абитуриентларга нисбатан ноҳақлик деб ўйлардим.

Шунча йил омадсизликдан панд еган бўлсам ҳам бирор марта ёшлар ташкилотига ёрдам сўраб бормадим. Ўқишга киролмаганимда ўзимни қаттиқ айблардим. Ўтган йили қариндошларим «Президентга мурожаат қилайлик. Балки шугинага бир ёрдам қилар. Ёши ўттиздан ошиб кетди. Қачон ўқишга киради-ю, қачон турмушга чиқади?» дейишди. Бунга асло йўл қўймадим. Юқорида айтганимдек, тайёрига айёргина талаба бўлишни истамайман. Кейин Президентга нима деб мурожаат қиламан? «Яхши ўқимаганим учун ўқишдан йиқилаяпман. Мени имтиҳонсиз ўқишга киритиб қўйинг» дейманми? Асло! Бундай қилиш қўлимдан келмайди.

— Эндиги режаларингиз қандай? Бу йил ҳам ўқишга киролмасангиз нима бўлади?

— Ўтган йили университетга ҳужжат топширгани борсам, қабул жараёнида бир киши мен билан илиқ сўрашди. Эсласам, ўн беш йил аввал бирга ўқишга киришга тайёрланган эканмиз. Ҳозир докторантурада илмий иш қилаётган экан. Кўриб шунчалар ҳавасим келдики, ўзимга ачиниб кетдим. Ягона орзум талабалардек парталарда ўтириб, ўқитувчилардан дарс олиш. Агар шу орзумга етишсам, ота-онам, давлатимиз раҳбари олдида ваъда берманки, аъло баҳоларга ўқиб, яхши мутахиссис бўламан.

Кумуш Ҳамроева суҳбатлашди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг