Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

2017 йилнинг энг йирик ҳалокатлари, табиий офатлари, терактлари...

2017 йилнинг энг йирик ҳалокатлари, табиий офатлари, терактлари...

Лондонда юз берган терактда ҳам саккиз киши ҳалок бўлди.

Фото: «Metro»

Терактлар

1 январ — Туркиянинг Истанбул шаҳридаги «Reina» клубида террорчи Абдулқодир Машариповнинг қуролли ҳужум уюштириши ва иштирокчиларни ўққа тутиши оқибатида 39 киши ҳалок бўлди, 69 киши турли жароҳати олди.

10 январ — Афғонистон пойтахти Кобулдаги парламент биносида юз берган теракт натижасида 50 киши ҳаётдан кўз юмди, 45 киши жароҳат олди.

3 апрел — Россиянинг Санкт-Петербург шаҳри метрополитенида юз берган теракт натижасида 16 киши ҳалок бўлди. 87 киши турли даражада тан жароҳати олди. Теракт Қирғизистон фуқароси Акбар Жалилов томонидан содир этилган.

4 апрел — Суриянинг Идлиб вилоятига қарашли Хон-Шайхун шаҳрида кимёвий қуроллардан фойланиш оқибатида 74 киши ҳаётдан кўз юмди. 557 киши жароҳатланди.

7 апрелда ушбу мамлакатнинг Хомс вилоятида «аш-Шайрат» авиабазасига уюштирилган ҳаво зарбалари натижасида ҳам кўплаб маҳаллий аҳоли вакиллари ҳалок бўлди.

22 май — Буюк Британиянинг Манчестер шаҳридаги «Манчестер арена» стадионида худкуш террорчи ўзини портлатиши натижасида юз берган терактда 23 киши қурбон бўлди, 120 киши яраланди.

2 июн — Лондонда юз берган терактда ҳам саккиз киши ҳалок бўлди.

7 июн — Эрон пойтахти Теҳронда парламент биноси ва Ҳумайний мақбарасида юз берган террорчилик хуружи 12 кишининг ҳаётига зомин бўлди, 42 киши яраланди. Мазкур ҳужум учун жавобгарликни «Ислом давлати» ўз зиммасига олди.

17 август — Испаниянинг Барселона ва Камбрилсе шаҳарларида худкуш-террорчи томонидан содир этилган терактлар натижасида 16 киши ҳалок бўлди, 120 киши жароҳат олди.

14 октябр — Сомали пойтахти Могадишо шаҳрида йилнинг энг қонли терактларидан бири юз берди. Натижада 350 киши ҳалок бўлди.

31 октябр — АҚШнинг Ню-Йорк шаҳри Манҳеттен туманида ўзбекистонлик Сайфулло Соипов ижарага олган автомашина билан велосипедлар йўлкасида кетаётганларни босиб ташлаган. Натижада саккиз киши ҳалок бўлган. Теракт бўйича жавобгарликни «Ислом давлати» ўз зиммасига олган.

24 ноябр — Миср шимолидаги Бир ал-Абид шаҳрида жойлашган сўфийлар масжидида юз берган теракт оқибатида 235 киши ҳалок бўлди.

27 декабр — Россиянинг Санкт-Петербург шаҳридаги «Перекресток» дўконида юз берган портлаш сабабли 13 киши жароҳатланди. Воқеа теракт сифатида баҳоланди.

28 декабр — Афғонистон пойтахти Кобул шаҳрида, «Афғон овози» ахборот агентлиги ва шиалар маданият марказига уюштирилган қуролли ҳужум 40 нафар инсоннинг умрига зомин бўлди. Жавобгарликни «Ислом давлати» ўз зиммасига олди.

Табиий офатлар

18 январ — Италиянинг Лацио, Абруцци ва Марке вилоятларида бир неча соат давомида 5,7 магнитудали зилзила қайд этилди. Мазкур зилзила натижасида Абруцци вилоятининг «Ригопьяно» меҳмонхонаси қор кўчкиси остида қолди ва 29 киши қурбон бўлди.

7 феврал — АҚШнинг Калифорния штатида юз берган кучли ёғингарчилик натижасида мамлакатдаги энг йирик ҳисобланган Оровилл кўлидаги тўғон бузила бошлади. 200 мингдан ортиқ аҳолининг ҳаёти хавф остида қолди. Шу боис ҳудуд аҳолиси тўлиқ эвакуация қилинди.

28 май — Шри-Ланканинг тоғли ҳудудларида сув тошқинлари ва ер кўчкилари юз берди. Натижада 177 киши ҳалок бўлди, 109 киши бедарак йўқолди.

29 май — Россияда, Москва ва Подмосковьеда юз берган бўрон натижасида 18 киши ҳалок бўлди, 170 киши яраланди.

17-24 июн кунлари Португалиянинг Педроган-Гранде ўрмонларида юз берган ёнғинлар оқибатида 64 киши ҳалок бўлди.

14 июн — Буюк Британия пойтахти Лондон шаҳрида жойлашган «Grenfell Tower» биносида чиққан йирик ёнғин оқибатида 79 киши ҳаёт билан видолашди. Ёнғин сабаблари ҳалигача аниқ маълум қилинмаган.

19 сентябр — Мексиканинг Пуэбла-де-Сарагоса шаҳридан 49 км. жануби-ғарб томонда, пойтахт Мехикодан 100 км. масофада 7,1 магнитудали ер қимирлаши қайд этилди. 370 киши ҳалок бўлди, 6000 дан ортиқ киши жароҳат олишди.

Ҳалокатлар

16 январ — Қирғизистоннинг Бишкек шаҳри яқинида, Дача-Суу посёлкасида «Boeing-747» самолёти қулаб тушди. Натижада 37 киши ҳалок бўлди. Уларнинг 34 нафари маҳаллий аҳоли вакиллари эди.

12 феврал — Россиянинг Олтой ўлкасига қарашли Турочак туманида «Робинзон Р 66-5» вертолёти ҳалокатга учради. Унинг бортида бўлган 5 нафар киши, экипаж аъзолари ва Олтой ўлкаси ҳукумати раҳбарининг собиқ биринчи ўринбосари Анатолий Банних ҳалок бўлди.

20 март — Жанубий Суданнинг Жуба шаҳрида кўтарилган Ан-26 самолёти Вау шаҳри аэропортига қўниш чоғида ёниб кетди. Самолёт бортида бўлган 37 киши турли даражада тан жароҳати олишди.

29 апрел — Кубада Ан-26 йўловчи самолёти ҳалокатга учраши оқибатида 39 нафар йўловчи ва экипаж аъзолари ҳалок бўлишди.

7 июн — Мянманинг Мьей шаҳридан Янгон томонга парвоз қилаётган «Shaanxi Y 8F-200 BBC» самолёти ярим соатдан сўнг Андаман денгизига қулаб тушди. 122 нафар йўловчи ҳалок бўлди.

6 октябр — Россиянинг Владимир областида йўловчи автобусининг поезд билан тўнашуви оқибатида 19 нафар Ўзбекистон фуқароси ҳалок бўлди. Ҳалок бўлганларнинг жасадлари Ўзбекистон ҳукумати ташаббуси билан махсус самолётда юртимизга келтирилди.

26 декабр — Москванинг «Ласвянский булвар» метро бекати яқинида юз берган ЙТҲ оқибатида 5 киши, жумладан, ёш бола ҳам ҳалок бўлди. 11 киши яраланди. Автоҳалокат ҳайдовчининг бошқарувни йўқотгани сабабли автобус метронинг киравериш қисмига тушиб кетгани оқибатида юз берган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг