Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

2018 йил охиригача 50 га яқин ДХМ замонавий бинолари барпо этилади

2018 йил охиригача 50 га яқин ДХМ замонавий бинолари барпо этилади

Фото: Давлат хизматлари агентлиги

Давлат хизматлари агентлигининг Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар бўлими «Xabar.uz»га маълум қилишича, 2018 йил охирига қадар 50 га яқин замонавий, инновацион давлат хизматлари марказлари биноларини давлат-хусусий шериклик асосида барпо этиш режалаштирилмоқда.

Айни пайтда республикамиз бўйлаб жами 201 та давлат хизматлари маркази фаолияти йўлга қўйилган.

Марказлар орқали кўрсатилаётган хизматлар турларининг ортиши марказларга одамлар оқими кўпайишига олиб келмоқда. Агарда 2017 йилда ҳар бир ДХМ га бир кунлик аҳоли оқими ўртача 20—40 кишини ташкил этган бўлса, 2018 йилда бу кўрсаткич 350—600 нафарга етди.

Ўз ўзидан кўриниб турибдики, янги, замонавий, инновацион, ташриф буюрувчилар учун барча қулайликларни ўзида мужассам этган биноларни барпо этиш бугунги кун талаби бўлиб қолмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2018 йил 8 май куни «Ўзбекистон Республикаси Президентининг туман (шаҳар)лардаги Халқ қабулхоналари ҳузуридаги Давлат хизматлари марказлари (ДХМ) биноларининг давлат-хусусий шериклик шартлари асосида қурилишини ташкил этиш тўғрисида»ги қарор қабул қилинган эди. Қарорга кўра, биноларни барпо этишда инвесторларга бир қатор қулайликлар ва имтиёзлар тақдим этилмоқда. Хусусан:

  • инвесторларга маъқулланган намунавий лойиҳаларга мувофиқ биноларни ва тегишли инфратузилмани  қуриш учун зарур ер участкалари тўғридан-тўғри шартномалар асосида бепул ажратилади;
  • инвесторларга тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун биноларига туташ қўшимча ўхшаш объектлар қуриш учун ер участкалари ажратилади;
  • инвестор 5 йил муддатга  ер солиғи ва мулк солиғи, юридик шахсларнинг фойда солиғи, ягона солиқ тўлови тўлашдан озод этилади.

Бундан ташқари, тижорат банкларига биноларни қуриш учун инвесторларга 5 йиллик имтиёзли давр билан бирга 10 йил муддатга кредитлар бериш тавсия этилган.

Бу борада ҳам агентлик ва унинг ҳудудий бошқармалари мутасаддилари томонидан олиб борилган ишлар, инвесторлар билан учрашувлар натижасида дастлаб Наманган шаҳрида, кейинчалик Қўқонда барпо этилиб халққа хизмат кўрсатаётган биноларнинг мантиқий давоми сифатида Андижон, Самарқанд, Нукус, Мирзачўл, Термиз ва Тошкент шаҳарларида ҳам давлат хизматлари марказларининг инновацион биноларини давлат-хусусий шериклик асосида барпо этишга киришилди.

Юқоридаги суратларда мамлакатимиз президенти томонидан маъқулланган давлат хизматлари марказининг бинолари лойиҳаларидан бири аксини топган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг