Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

2019 йилги «Ёш китобхон» танловига аризалар 15 майга қадар қабул қилинади

2019 йилги «Ёш китобхон» танловига аризалар 15 майга қадар қабул қилинади

Фото: Ёшлар медиа маркази

Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ташаббуси билан ўтказилаётган «Ёш китобхон» танловининг 2019 йилги Низоми ҳам тасдиқланди.

Низомга кўра танлов тўрт босқичда ташкил этилади. Биринчи босқич танловнинг аризалар қабул қилиш ва саралаш босқичи бўлиб, унда танловда иштирок этиш истагини билдирган иштирокчиларнинг аризалари 15 май кунига қадар Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг туман, шаҳар Кенгашлари томонидан қабул қилинади. Ариза топширган ёшлар адабиётлар рўйхати асосида ўзбек ва жаҳон адабиётига, буюк адибларимиз ҳаёти ва ижодига оид 50 та тест саволларига жавоб бериш орқали сараланади. Ҳар бир тўғри жавоб учун 2 баллдан белгиланади. Тест натижаларига кўра 86 ва ундан юқори балл тўплаган 15 нафар иштирокчилар кейинги босқичда иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритади.

Иккинчи босқич танловнинг маҳаллий босқичи бўлиб, ҳар йили июнь ойида барча туман, шаҳарлар миқёсида саралаш босқичида 86 ва ундан юқори баллни қўлга киритган иштирокчилар ўртасида «Ўзбек адабиёти билимдони» ва «Жаҳон адабиёти билимдони» шартлари бўйича ўтказилади.

Учинчи босқич танловнинг ҳудудий босқичи бўлиб, ҳар йили август-сентябрь ойларида «Буюк мутафаккир ва адиб» ҳамда «Бадиий асарлар билимдони» шартлари асосида телетанлов шаклида бўлиб ўтади. Ҳар бир ёш тоифаси бўйича ғолибликни қўлга киритган 1 нафардан жами 3 нафар иштирокчилар Республика босқичи учун йўлланмага эга бўлади.  

Сўнгги босқич  танловнинг Республика босқичи бўлиб, ҳар йили ноябрь-декабрь ойлари давомида “Ўзбек адабиёти билимдони», «Жаҳон адабиёти билимдони», «Шеърият» ҳамда «Буюк мутафаккир ва адиб» каби 4 та шарт бўйича ўтказилади.

Танловнинг Республика босқичида 1-ўринни эгаллаган 3 та ёш тоифасидаги иштирокчиларнинг ҳар бири «Президент совғаси» сифатида енгил автомобил, диплом ва «Ёш китобхон» статуэткаси билан тақдирланади. Учта тоифада 2-ўринни эгаллаган иштирокчиларнинг ҳар бири компьютер жамланмаси (моноблок), ўзбек ва жаҳон адабиётининг дурдона асарларидан иборат китоблар жамланмаси ва бошқа қимматбаҳо совғаларга сазовор бўлади. Учта тоифада 3-ўринни эгаллаган иштирокчиларнинг ҳар бирига 100 тадан ўзбек ва жаҳон адабиётининг дурдона асарлари берилиб, ташкилотчиларнинг махсус совғаларини қўлга киритади.

 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг