Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Адлия вазири: «Энди ҳеч ким «Нотариал ҳужжатлардаги имзо меники эмас!» деб айта олмайди»

Адлия вазири: «Энди ҳеч ким «Нотариал ҳужжатлардаги имзо меники эмас!» деб айта олмайди»

Фото: «Xabar.uz»

2019 йил 1 январдан нотариал ҳаракатларни амалга ошириш учун мурожаат этганларнинг шахсини аниқлаш бармоқ изларини сканер қилиш ва уларни паспортдаги биометрик маълумотлар билан солиштириш орқали амалга оширилади. Шунингдек, нотариал ҳужжатлар ҳам бармоқ изи орқали тасдиқланади.

Ўзбекистон адлия вазири Русланбек Давлетов «Xabar.uz»га янги тизим нима сабабдан жорий этилаётгани  ҳақида қуйидагиларни маълум қилди:

— Бу нотариал идораларга келиб, ҳужжатларга имзо чеккан, аммо орадан маълум вақт ўтгач, бу ҳужжатлардаги имзо ўзиники эмаслигини даъво қиладиган ёки бунга шубҳа билдирадиган ҳолатларни буткул йўққа чиқаради. «Одамлар орасида мен нотариал идорага бормагандим, фақатгина бўш қоғозга қўл қўйиб бергандим», дейдиганлар ҳам учраган. Суд жараёнида мана шундай даъво қилишганини ҳам эшитганмиз. Янги тизим бу каби шубҳа-гумонларга ҳам батамом чек қўяди. Чунки бармоқ изи турган жойда ҳеч ким уни мени эмас деб айта олмайди. Бу ерда ҳеч қандай бошқа аргумент қолмайди.

Вазирнинг қайд этишича, айни пайтда 10 та давлат нотариал идорасида ушбу тизим синовдан ўтказилмоқда. Бунинг учун махсус дастур ишлаб чиқилган.

Эслатиб ўтамиз, ушбу ўзгаришлар Ўзбекистон Президентининг «Нотариат тизимини низоларни олдини олувчи институт сифатида янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида ўз аксини топган. Қарор Шавкат Мирзиёев томонидан бугун, 25 май куни имзоланган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг