Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

«Адолат» СДП пойтахт марказида тарғибот митинги ўтказди (фото)

«Адолат» СДП пойтахт марказида тарғибот митинги ўтказди (фото)

Фото: Адолат СДП матбуот хизмати

Ўзбекистон «Адолат» СДП Тошкент шаҳар Кенгаши томонидан тарғибот митинги ўтказилди.

«Сифатсиз ва қалбакилаштирилган дори воситаларига қаршимиз!» шиори остида ўтказилган митингда партия ходимлари, депутатлар, кенг жамоатчилик вакиллари, ёшлар, маҳалла фаоллари, хотин-қизлар ҳамда тиббиёт ходимлари иштирок этишди. Митингда асосан қалбакилаштирилган дори воситаларига, дори воситаларининг рецептсиз сотилишига, дориларнинг нархига норозилик билдирилди. Тадбирда сўзга чиққан партия раҳбари Наримон Умаров барчани бирдамликка чақирди.

Фото: Адолат СДП матбуот хизмати

Ташкил этилган намойишда барча фуқароларимиз ўз фикр-мулоҳазаларини эркин билдиришлари учун имконият яратилди. Тадбир моҳиятидан келиб чиққан ҳолда тиббиёт тизимига нисбатан баъзи эътирозлар очиқ-ойдин билдирилди.

Партиянинг ушбу намойиши фаолларга қанот берди. Бугун халққа ўзи нима керак? Халқимиз учун соғлом ҳаёт ва тинчлик энг муҳими ҳисобланади. Аммо нима учун юртимизнинг айрим жойларида аптекалар сони кўп ва айрим жойларида аптекалар умуман йўқ? Нима учун уларда дориларнинг нархлари ҳар хил? Саволлар жуда кўп, аммо бу саволларни кўтариб чиқиш ва уларга ечим топиш керак.

Тадбир иштирокчилари томонидан 2019-2025 йилларда Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш тизими ҳамда фармацевтика саноатини ривожлантириш ва дори воситалари сотилишида қатъий назорат ўрнатишимиз кераклиги таъкидланди. Бу халқимиз саломатлиги йўлида қўйилган энг катта қадамларимиздан бири бўлади.

Фуқаролар томонидан ҳозирги кунда аптекаларнинг фаолиятини аниқ қонун доирасида қилиб белгилаш кераклиги, айниқса дори нарх-наволарини қатъий суммада белгиланиши ва ҳар бир аптекада дори нархларининг бир хил - фарқ қилмаган ҳолда ташкиллаштириш кераклиги айтилди.

Ноқонуний дори воситаларининг сотилишига чек қўйиш учун аввало аптека ходимларининг фаолиятини тубдан ўзгартириш керак. Назорат давомида ноқонуний дори воситаси сотилаётган ҳоллар аниқланганда, аптекага ҳамда аптека ходимига нисбатан жарима белгиланишини, жарима қатъий суммада бўлиши кераклиги таъкидланди.

Митинг қатнашчилари дориларни реклама қилинишини ҳам қоралаб чиқдилар. Зеро, тиббий кўрик, тиббий маданият, тиббий саводхонлик бугунги куннинг долзарб масалалари қаторида турибди.

Рекламалардаги жарангдор ундовлар эса бу борадаги барча тарғиботларни йўққа чиқармоқда. Ишлаб чиқарувчилар ўзига шу қадар юксак баҳо бермоқдаларки, авваллари гоҳ-гоҳида янграб қоладиган «Шифокор билан маслаҳатлашинг», «Ножўя таъсирга эга, йўриқнома билан танишинг» каби жумлаларни ҳам атайин унутмоқдалар.

Фото: Адолат СДП матбуот хизмати

Тўғри, дориларсиз дардга даво топиш амри маҳол. Биз бу соҳа ходимлари меҳнатига тасанно ўқиймиз. Лекин ҳар нарсанинг чегараси, ҳар дорининг ўз бемори бор. У дуч келган одам, яъни рекламани кўрган одам қабул қилиб кетаверадиган нарса эмас.

Ҳар бир организм индивидуал, дорилар кишиларга турлича таъсир кўрсатади. Айрим дориларни шахсий ўзлаштиролмаслик, қарши кўрсатмалар бўлиши мумкин. Шифокор шу мезонларни инобатга олган ҳолда беморга муолажа, жумладан дори ичишни буюради. Бемордан аввал умумий саломатлиги, илгари қандай касалликлар билан оғриганини сўрайди, текширувлар буюради. Шифокор тавсиясисиз дори ичиш – катта хато.

Дори мутахассис тавсияси асосида қабул қилинадиган нарса бўлганидан кейин уни бутун оммага реклама қилиш мантиққа тўғри келадими? Балки тор доирада, фақат мутахассислар ўртасида реклама қилган тўғридир? Шунда шифокор фармацевтика бозоридаги янгиликлардан воқиф бўлади, препарат йўриқномаси билан танишиб чиққан ҳолда, беморнинг умумий саломатлигидан келиб чиқиб бирорта дори қабул қилишни маслаҳат беради.

Яна бир масала. Нима учун дўконларда олинган товар учун товар чеки берилади-ю, дорихоналарда ундай эмас? Бу дори воситаларини ноқонуний айланишини кўрсатиб беради-ку. Бугунги акцияда мана шу муаммолар кўтариб чиқилди.

Шунингдек, таниқли ўзбек хонандалари иштирокида маданий-кўнгилочар дастур ҳам ўтказилди. 

Фото: Адолат СДП матбуот хизмати

 

 

 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг