Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Аҳоли кўпаймоқда! Хавотирга асос борми?

Аҳоли кўпаймоқда! Хавотирга асос борми?

Дунё аҳолиси кўпайишига мувофиқ тарзда ер юзида ризқ воситалари ҳам ортаётир.

Фото: «укроп.org»

2018 йил 1 январгача дунё аҳолиси сони 7,4 миллиарддан ошиб кетди. Нуфус жиҳатидан ҳамон Хитой (1,399 млрд.) етакчилик қилиб келмоқда. Иккинчи ўринда Ҳиндистон (1,35 млрд.га яқин) турибди. Уни АҚШ (326,6 млн.) таъқиб қилиб келмоқда.

Кейинги ўринларни Индонезия (259 млн.), Бразилия (206 млн.), Покистон (192 млн.), Нигерия (190 млн.), Бангладеш (163 млн.), Россия (142 млн.) ва Мексика (127 млн.) банд этган.

Ҳиндистон ҳадемай нуфус жиҳатидан Хитойни қувиб ўтиб кетиши кутилаяпти.

Ўтган давр мобайнида социолог олимларнинг «Туғилишни чеклаш лозим» деган ташвишли фикр-мулоҳазалари жаҳоннинг етакчи оммавий ахборот воситаларида эълон қилиб келинмоқда.

Ҳатто яқин-яқингача Хитойда бир оила фақат битта фарзанд кўриши мумкин деган ғайриоддий қоида бор эди. Хитойликларнинг кўплаб эътирозлари ҳамда бошқа объектив ва субъектив сабаблар туфайли бу қоидага барҳам берилди.

Аслида мутахассисларнинг ташвишли мулоҳазалари кеча ёки бугун пайдо бўлиб қолгани йўқ. Бу муаммо бир неча асрдан бери нафақат олимларни, балки ишлаб чиқариш манбаларининг камлиги ва Ер куррасида табиий захираларнинг тугаб бораётганидан хабардор ҳар бир кишини ўйлантиради.

Олимлар: «Агар аҳоли мунтазам кўпайиб боришининг олди олинмаса Ер юзи башариятга торлик қилиб қолади, кундалик эҳтиёжларни қоплаш имкони бўлмайди», — дейишади.

Мутахассислар аҳоли сонининг ортиши уй-жой, озиқ-овқат муаммосини келтириб чиқаришини таъкидлаш билан бирга электр энергияси танқислиги ва атроф-муҳитнинг ифлосланишидан ҳам хавотирдалар. Шу боис туғилишни чеклаш керакми-йўқми деган масала йирик халқаро анжуманларда тез-тез кун тартибига қўйилмоқда.

Туғилишни назорат қилиш илк бор XVIII аср охирларида Европада бошланган. Инглиз иқтисодчиси Малтус, кейинчалик франциялик олим Франц Плэс туғилишга чегара қўйиш таклифи билан чиққанлар. 1833 йили америкалик табиб Чарлз Нортон ҳам буни қўллаб-қувватлаган.

Бу олимлар аҳоли кўпайишини геометрик тарзда (2, 4, 8, 16, 32...), озиқ-овқат маҳсулотлари кўпайиб боришини эса арифметик тарзда (1, 2, 3, 4, 5...) кўрсатишган. Улар аҳоли сони тўсиқларга учрамай ортиб борса, йигирма беш йилдан кейин икки марта, бир асрдан кейин икки юз эллик олти марта кўпаяди, нуфус билан озиқ-овқат манбалари орасидаги номутаносиблик кескин ортади деб ўйлашган.

Тарихий ҳақиқат шуки, инсон насли ҳеч қачон Малтус ва Франц Плэс айтганидек геометрик тартибда кўпаймаган. Аниқ рақамларга мурожаат қилсак, милодий йил ҳисобининг бошида 200 миллион кишини ташкил этган дунё аҳолиси 1300-йилларга келиб 500 миллион, 1804 йилда бир миллиард, 1927 йили икки миллиард, 1959 йили уч миллиард, 1974 йили тўрт миллиард, 1987 йили беш миллиард, 1999 йили олти миллиард ва 2011 йил 31 октябрь куни етти миллиардга етгани расман эълон қилинди. Кўпчилик етти миллиардинчи бола Россияда туғилгани ва уни БМТ мутасаддилари «тилла бола» деб эълон қилганини шодиёналик билан кутиб олган бўлса-да, аммо «етти ўлчаб бир кесадиган» иқтисодчи ва социолог олимлар бу воқеани унча хушламай қарши олишди. Чунки аҳвол шу зайлда давом этадиган бўлса, 2100 йилга бориб сайёрамизда 15 миллиард одам ўзаро муроса-ю мадора қилишга мажбур бўлади.

Бизнингча, аҳолининг бу тариқа кўпайиб боришидан фожиа ясаш шарт эмас. Чунки инсоният туғилишга эътибор қаратгани билан ўлимни камайтиришнинг уддасидан чиқа олмаяпти.

Озиқ-овқатлар ҳам арифметик тартибда ошмайди.

Қадимда кишиларнинг озиқ-овқати асосан сув, ўсимликлар ва ҳайвонлардан иборат эди. Ҳозир бошқа жуда кўп манбалар бор. Инсон насли кўпайгани сайин ҳаётини муҳофаза қилиш учун янги-янги ризқ манбаларини излаяпти, эҳтиёжларини қондириш учун турли усуллардан фойдаланаяпти.

Шунингдек, аҳоли сони ортиши билан бирга, ишчи кучининг кўпайишини ҳам назардан қочирмаслик керак.

Иқтисод илмига кўра ишлаб чиқаришнинг уч асосий унсури бор: табиат, сармоя ва инсон. Инсон бу унсурларнинг энг улуғи ва муҳим аҳамиятга молигидир. Аҳоли сони ортишидан хавотирга тушаётганлар инсоннинг ишлаб чиқаришдаги ўрнини эътиборга олмай, унга фақат истеъмолчи сифатида қарашади. Ҳолбуки, инсоннинг Ер юзидаги тараққиёт ва яшаш шароитини яхшилашга қўшган ҳиссасини ҳеч нарса билан ўлчаб бўлмайди. Нуфуснинг ортиши аслида инсонларнинг яхшироқ ишлашни тақозо этадиган омиллардан биридир. Эҳтиёжлар инсонни тараққиёт учун янги-янги ихтиролар қилишга ундайди. Бугун инсон денгиз тубларидан ва фазодан ризқини ахтармоқда.

Умуман, дунё аҳолиси кўпайишига мувофиқ тарзда ер юзида ризқ воситалари ҳам ортаётир.

Ер юзи ва коинотдаги мувозанатни ҳеч ким инкор этолмайди. Сайёрамизда яшайдиган барча махлуқлар сонида чегара ва мувозанат мавжуд. Масалан, «Sismibrium Sophia» номли дарахт йилига етти юз эллик мингта уруғ сочишига қарамай, Ер юзини босиб кетаётгани йўқ. «Денгиз юлдузи» балиғи бир мартада икки юз миллионтагача уруғ қўяди. Лекин денгизларни айни шу балиқлар эгаллаб олмаган, яъни мувозанат бузилмаган.

Башарият ҳам ушбу илоҳий низомдан четда эмас.

Толибжон Низомов, журналист

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг