Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

АКТ вазири Кореянинг Инҳа университети президенти билан учрашди

АКТ вазири Кореянинг Инҳа университети президенти билан учрашди

Фото: АКТ вазирлиги ахборот хизмати

Бугун, 28 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Шуҳрат Содиқов Корея Республикасидаги Инҳа университети президенти жаноб Мёнг Ву Чо билан учрашди. Бу ҳақда АКТ вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Учрашувда АКТ вазири бугунги кунда икки мамлакат ўртасида ахборот технологиялари соҳасида улкан натижаларга эришилганини қайд этди. Жумладан, Тошкент шаҳридаги Инҳа университети қисқа вақт давомида мамлакатимиз IT-соҳасида юқори малакали кадрлар тайёрлаш бўйича етакчи олий ўқув юртларидан бирига айлангани алоҳида таъкидланди.

Фото: АКТ вазирлиги ахборот хизмати

Томонлар ахборот технологиялари соҳасида Ўзбекистон ва Жанубий Корея ўртасида ҳамкорликни ривожлантириш бўйича улкан салоҳият мавжудлиги ҳамда бу борада барча саъй-ҳаракатларни сафарбар этишга тайёр эканликларини билдирдилар.

Учрашув давомида икки томонлама манфаатли истиқболли йўналишлар, жумладан, ўзаро тажриба алмашиш, ҳамкорликни янада кенгайтириш ва бошқа муҳим масалалар муҳокама қилинди.

Маълумот учун:

Тошкент шаҳридаги Инҳа университети фаолиятини «Компютер инжениринг» ва «Дастурий инжениринг» йўналишлари бўйича бошлаган эди.

2016 — 2017 ўқув йилидан бошлаб «Логистика» йўналиши ҳам очилди. Бугунги кунда Тошкент шаҳридаги Инҳа университетида 1548 нафар талаба таҳсил олмоқда.

Университетда академик жараённи амалга ошириш ҳамда илмий салоҳиятни шакллантиришда бир қатор мамлакатлар, хусусан АҚШ, Буюк Британия, Италия, Болгария, Ҳиндистон, Покистон, Россия ва бошқа давлатлардан келиб фаолият олиб бораётган профессор-ўқитувчилар ҳам ўзларининг катта ҳиссаларини қўшиб келмоқдалар.

2018 йил Тошкент шаҳридаги Инҳа университети битирувчиларнинг 85 фоизи ўз мутахассисликлари бўйича ишга жойлашди. 15 фоизи Германия, Швецария, Франция, Норвегия, Венгрия, Англия, Чехия, Жанубий Корея ва бошқа Европа мамлакатларидаги университетларнинг магистратура йўналиши бўйича ўқишни давом эттиришмоқда.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг