Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Алоқачи футболчилар «Оқтош»да рағбатлантирилди (фото)

Алоқачи футболчилар «Оқтош»да рағбатлантирилди (фото)

Фото: «Xabar.uz»

Хабарингиз бор, шу йилнинг октябрь ойида биринчи маротаба  вазирликлар, идоралар, хўжалик бирлашмалари, йирик корхона ва ташкилотларнинг марказий аппарати ходимлари ўртасида «Бош вазир кубоги» учун футбол мусобақалари бўлиб ўтганди.

Қизғин ва муросасиз курашлар билан ёдда қолган мазкур мусобақанинг ҳал қилувчи баҳслари «Миллий» стадионида ўтказилиб, унда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги жамоаси ҳамда Сув хўжалиги вазирлиги жамоаси ўртасида учинчи ўрин учун, олий соврин учун беллашувлар эса Олий суд жамоаси билан турнир давомида ишончли ҳаракатланган «Ўзбектелеком» АК жамоаси ўртасида бўлиб ўтганди. Эътиборлиси, турнирда иштирок этган 60 жамоа ичида алоқа соҳасидан бир эмас, икки жамоа ҳал қилувчи босқичгача етиб келган ва бевосита соврин учун курашганди.

Кеча, 16 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги раҳбарияти ана шу икки жамоани муносиб рағбатлантирди. Аввало, соҳа футболчиларига мароқли ҳордиқ чиқаришлари учун «Оқтош» дам олиш масканига бепул йўлланма берилди. «Оқтош»да ўтказилган тақдирлаш маросимида АКТ вазири Шуҳрат Содиқов, Ўзбекистон ахборот технологиялари ва оммавий коммуникация ходимлари касаба уюшмаси республика кенгаши раиси Асрор Ишанходжаев, «Ўзбектелеком» АК бош директори Назиржон Ҳасанов ва соҳанинг бошқа корхоналари раҳбарлари иштирок этишди.

«Соҳада спортни оммалаштириш, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишга катта эътибор берилади, — деди АКТ вазири Шуҳрат Содиқов алоқачи футболчиларга юзланиб. — Тизимимизда мини-футбол бўйича мусобақалар ўтказилиши анъанага айланган. Соҳанинг волейбол бўйича «ЎзИ-Самарқанд» жамоаси республика беллашувларида 18 маротаба ғолиб бўлган эди. Айни пайтда шу машҳур жамоа фаолияти қайта йўлга қўйилди. Бугун менга хабар беришларича, республика беллашувларида ушбу жамоа яна совринли ўринни қўлга киритибди. Албатта, сизлар эришган натижалар ҳам бежизга эмас. Бирданига икки жамоамизнинг юқори босқичга чиқиб, совринли ўринларни эгаллаши қувонарлидир. Ўйлайманки, бу ғалабали одимларингиз тўхтаб қолмайди. Энг муҳими, спортга ошносизлар, соғлом ҳаётга бўлган иштиёқингиз бардавом бўлсин».

Қизиқарли ўтган тақдирлаш маросимда алоқачи футболчиларга вазирлик ташаккурномалари ва қимматбағо совғалари топширилди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг