Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Андижон аэропорти ёпилмоқда. 240 ходимнинг тақдири нима бўлади?

Андижон аэропорти ёпилмоқда. 240 ходимнинг тақдири нима бўлади?

Фото: «Андижоннома»

2018 йилнинг 27 октябридан Андижон халқаро аэропорти орқали амалга ошириладиган барча парвозлар бекор қилинган. «Андижоннома» нашри вазиятга ойдинлик киритиш мақсадида аэропорт директори Сайдулло Тўхтасинов билан суҳбатлашди.

— Интернетда тарқалган хабарлар миш-мишдан бошқа нарса эмас, — дейди у. — Аэропорт фаолиятини расман тўхтатгани йўқ. Ишлаяпмиз. Барча ходимлар иш ҳақи олишяпти.

— Шамол бўлмаса, дарахтнинг учи қимирламайди...

— Кўриб турибсиз, аэропорт бугунги талабларга жавоб бермайди. Аэровокзал мажмуасининг барпо этилганига 40 йил бўлди. Учиш-қўниш йўлаги охирги марта 1980 йилда, перрон 1985 йилда таъмирланган. «Ўзбекистон ҳаво йўллари» миллий авиакомпанияси томонидан харид қилинаётган замонавий самолётларни қабул қилишимиз учун аэропорт жаҳон стандартларига жавоб бериши зарур. Мана шу сабаблардан келиб чиқиб, аэропортни комплекс таъмирлаш масаласи кун тартибига қўйилмоқда. Авиакомпания маъмурияти эса рейслар тўхтатилганлиги юзасидан ҳозирча расмий хабар бермади.

— Бу борада аниқ режа ёки дастур борми?

— Таъмирлаш ишларини маҳаллий бюджет ҳисобидан молиялаштиришнинг имкони йўқ. Тахминан 350 миллиард сўмга яқин маблағ зарур. Шунинг учун бу масалани Вазирлар Маҳкамаси ҳал қилади. Вилоят ҳокимлиги билан келишган ҳолда таклифларимизни бердик. Натижасини кутяпмиз.

Шу кунгача ҳафтасига Тошкентга иккита, Москвага иккита, Санкт-Петербургга битта рейс бор эди. Йилига ўртача 35 минг йўловчига хизмат кўрсатаётган эдик. Агар биз кўзлаётган режалар рўёбга чиқса, бу кўрсаткични 50 мингга етказса бўлади.

— Аэропорт таъмирланса, қандай янги имкониятлар пайдо бўлиши мумкин?

— Агар аэропорт таркибида логистика маркази ҳам очилса, вилоятимиз тадбиркорларига, Андижонда фаолият кўрсатаётган чет эллик инвесторларга катта қулайлик яратилган бўларди. Хорижга мева-сабзавот, трикотаж маҳсулотлари экспорт қилаётган юзлаб юртдошларимиз бор. Уларнинг юкларини самолётда шу ердан юборишни йўлга қўйсак ёки вилоятимиздаги қўшма корхоналарга хориждан жўнатилаётган хомашёни бошқа вилоятлар орқали эмас, тўғридан-тўғри ўзимизнинг аэропортда қабул қилсак, маҳаллий иқтисодиётга ҳам катта фойда келтиради. Вазирлар Маҳкамасига бу таклифни ҳам киритдик.

— Таъмирлаш ишлари бошланса, камида бир ёки бир ярим йилга чўзилиши аниқ. Бу муддатда 240 кишилик жамоангизнинг тақдири нима бўлади?

— Фарғона ва Наманган аэропортларига 10 нафардан мутахассисни вақтинча ишга юборишимиз мумкин. Қолган ходимлар эса ўз ҳисобидан таътил олишларига тўғри келади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг