Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Андижонда Жанубий Фарғона канали ГЭС-1 модернизация қилинди

Андижонда Жанубий Фарғона канали ГЭС-1 модернизация қилинди

27 август куни Жанубий Фарғона канали ГЭС-1 да  олиб борилган модернизация якунлари ва ГЭСнинг ишга туширилишига бағишланган тадбир бўлиб ўтди.

1956 йили Жанубий Фарғона каналининг ўнг қирғоғида ПК 144+00 белгиси ҳудудида ЖФК ГЭС-1 нинг бош тўғони қурилган. Бош тўғоннинг вазифаси ЖФКда оқиб келаётган сувни керакли миқдорда деривация канали орқали ГЭСга ўтказишдан иборат. Деривация канали 26 м3/сек. сув қабул қилиш қобилиятига эга.

ГЭСнинг ўзи 1965 йилда ишга туширилган. Россиянинг «Уралэлектроаппарат» заводида ишлаб чиқарилган бир дона гидрогенератор вертикал ҳолда ўрнатилган бўлиб, унинг ўрнатилган қуввати 2,1 МВт ни ташкил этади. 1978-1979 йилларда ГЭС реконструкция қилинган.

2018 йил январь ойида бошланган модернизация ишлари жорий йил август ойида муддатидан олдин якунига етди ва қайта қайта топширилди.

Мазкур лойиҳанинг умумий қимати 5,81 млн. АҚШ долларини ташкил этади. Ушбу лойиҳани амалга ошириш учун 2018 йилда эълон қилинган ҳалқаро тендер савдолари ғолиби «ENERGORESURS» МЧЖ қўшма корхонаси билан «Ўзбекгидроэнерго» АЖ ўртасида умумий қиймати 5,46 млн. АҚШ долларига тенг шартнома имзоланган.

Шундан, шартнома қийматининг 80 фоизи ёки 4,37 млн. АҚШ доллари Жаҳон банки маблағлари ва қолган 20 фоизи ёки 1,09 млн. АҚШ доллари «Ўзсаноатқурилишбанк» АТБ томонидан молиялаштирилган.

Модернизация қилишда зарурий гидротехник асбоб-ускуналар Хитой Ҳалқ Республикасининг Hunan Allanward Hydro Generating Equipment  компанияси томонидан етказиб берилди.

Амалга оширилган модернизациянинг асосий мақсади - ГЭСнинг электр энергияси ишлаб чиқариш қувватини ошириш, электротехник, гидромеханик ва гидротехник қурилмаларининг ишончли ишлашини таъминлашдан иборатдир.

Лойиҳанинг умумий қуввати 2,2 МВт бўлиб, йиллик ўртача электроэнергия ишлаб чиқариш 17,1 млн.кВт.соат га тенг.

ГЭСни ишга тушуриш расмий очилиш маросимида «Ўзбекгидроэнерго» АЖ, Андижон вилояти ҳокимлиги, туман ҳокимлиги, хорижий ва маҳаллий ҳамкорлар, ОАВ вакиллари иштирок этдилар.

Тадбирда, шунингдек, Булоқбоши туманидаги ижтимоий ҳимояга муҳтож 21 та оиланинг фарзандларига хатна тўйлари ташкил қилинди.

 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг