Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

АҚШ радиоактив материаллар контрабандасига қарши курашда Ўзбекистонга ёрдам беради

АҚШ радиоактив материаллар контрабандасига қарши курашда Ўзбекистонга ёрдам беради

АҚШ элчиси Дэниел Розенблюм ҳамда Ўзбекистон президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматулла Эргашев.

Фото: АҚШнинг Тошкентдаги элчихонаси

АҚШ Ўзбекистонга радиоактив материалларни аниқловчи ускуналарни тақдим этади. Замонавий ускуналарнинг дастлабки мажмуасини топшириш маросими 16 сентябрь куни Афғонистон ва Ўзбекистонни боғловчи «Дўстлик» кўпригида бўлиб ўтди. Маросимда АҚШнинг юртимиздаги фавқулодда ва мухтор элчиси Дэниел Розенблюм ҳамда Ўзбекистон президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматулла Эргашев қатнашди.

«Дўстлик» кўпригида янги ўрнатилган ускуна автомобиль ва йўловчилар, мобил детекцион тизимлар ва портатив детекторларни сканердан ўтказувчи радиацион қурилмаларни ўз ичига олади. У муҳим халқаро чегара пунктида радиоактив материал контрабандасига қарши курашда асқотади.

АҚШ элчихонаси матбуот хизмати хабарига кўра, бу кўп миллион долларлик лойиҳанинг дебочаси саналади. Яқин келажакда АҚШ давлат энергетика департаментининг Миллий ядро хавфсизлиги маъмурияти (DOE/NNSA) бошқа стратегик чегара ўтиш пунктларини ҳам радиацион портал мониторлари билан жиҳозлайди.

«Мен мамлакатларимизнинг халқаро ядро хавфсизлиги соҳасидаги ҳамкорлигида янги давр бошланганини эълон қилишдан хурсандман. Бугун АҚШ давлат энергетика департаменти Ўзбекистон давлат божхона қўмитасига радиацияни аниқловчи ускунанинг биринчи мажмуасини ҳадя этганига гувоҳ бўлдик. Бу чегара хавфсизлиги бўйича АҚШ–Ўзбекистон ҳамкорлигида муҳим қадамдир», – деди элчи Д.Розенблюм.

АҚШ давлат энергетика департаментининг Миллий ядро хавфсизлиги маъмурияти 1998 йилдан буён ядро ва радиоактив материаллар контрабандасига қарши махсус дастурни амалга татбиқ этиб келади. Сир эмас, анъанавий хавфсизлик воситалари радиацияни аниқлай олмайди. Шу сабаб чегараларда контрабанданинг олдини олиш учун махсус замонавий ускуналар таклиф этилади.

Эслатиб ўтамиз, 2012 йил апрелда икки мамлакат ўртасида ядро контрабандасига қарши кураш бўйича қўшма режа тасдиқланган. Мазкур ҳужжатда ядро ва радиоактив моддалар контрабандасининг олдини олиш, аниқлаш ва курашиш бўйича ҳамкорликдаги чора-тадбирлар акс этган.

С.Салим

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг