Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Ашраф Ғани мамлакат вазирлари истеъфоларини қабул қилмади

Ашраф Ғани мамлакат вазирлари истеъфоларини қабул қилмади

Фото: «РИА Новости»

Афғонистон президенти Ашраф Ғани Мудофаа, Ички ишлар ва Миллий хавфсизлик бошқармаси бошлиғининг истеъфоларини қабул қилмади, дея хабар беради «РИА Новости» ахборот агентлиги.

Аввалроқ «Reuters» агентлиги ҳукумат манбасига таяниб, мудофаа ва ички ишлар вазирлари ҳамда миллий хавфсизлик хизматининг икки нафар юқори лавозимли мулозимлари истеъфога чиққани ҳақида хабар берган эди.

Манба маълумотларига кўра, истеъфога чиққанлар орасида мудофаа вазири Ториқ Шоҳ Баҳромий, ички ишлар вазири Воис Аҳмад Бармоқ ва миллий хавфсизлик бошқармаси раиси Маъсум Станекзай ҳам бор экан.

«Афғонистон президенти мудофаа, ички ишлар ҳамда миллий хавфсизлик бошқармаси раҳбарларининг истеъфосини қабул қилмади ва уларга фаолиятларида давом этишни буюрди», – деб ёзади агентлик.

Аввалроқ «Tolo news» телеканали Афғонистон президентининг хавфсизлик масалалари бўйича маслаҳатчиси  Муҳаммад Ҳаниф Атмар 25 август куни сиёсий келишмовчиликлар туфайли истеъфога чиққани ҳақида хабар берган эди. Кейинроқ унинг ўрнига шу пайтгача Афғонистоннинг АҚШдаги фавқулодда ва мухтор элчиси Ҳамидулла Муҳиб тайинлангани маълум қилинган эди.

Атмар 2014 йилдан бери Ашраф Ғанининг яқин ёрдамчиси эди. У Ҳамид Карзай президентилиги даврида Афғонистон ички ишлар вазири бўлган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг