Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Автомашинани божхонадан ўтказишда ишлатилган ҳийла «ўхшамай» қолди

Автомашинани божхонадан ўтказишда ишлатилган ҳийла «ўхшамай» қолди

Фото: Давлат божхона қўмитаси

Давлат божхона қўмитасининг Коррупцияга қарши курашиш ва ўз хавфсизлик бошқармаси ва Контрабандага қарши курашиш ва божхона аудити бош бошқармаси ходимлари томонидан сохта ҳужжатлар билан импорт операцияларини амалга оширадиган «тадбиркорлар»нинг божхона тўловларини четлаб ўтишга бўлган уриниши фош этилди.

Фуқаролар Д.Ш. ва Ш.Х.лар Хитойда ишлаб чиқарилган, сиқилган газда ҳаракатланувчи 2 та «НОWO» русумли автомашинани расмийлаштириш учун Фарғона вилояти божхона бошқармасида «Божхона омбори» божхона режимига расмийлаштиришади.

Бироқ Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 19 майдаги «Ҳудудларда кўп қаватли бинолар қуриш ишларини жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-4718-сон қарорига мувофиқ дизель ёнилғисида ҳаракатланувчи юк автомашиналарини 2021 йил 1 январгача бўлган муддатда республикамизга импорт қилишда имтиёз қўлланилишини билиб қолган уддабуронлар, 1,8 млрд. сўмлик имтиёзни қўлга киритиш мақсадида автомашиналарни «реэкспорт» божхона режимига расмийлаштириб, қинғир режасини амалга ошириш учун мамлакатимиздан қайта олиб чиқиб кетишади.

Орадан 1 ой вақт ўтиб, уддабурон шахслар автомашинадаги газ баллонларини ечиб, автомашинага ёнилғи бакини ўрнатиб, автомашинанинг мотор қисмини эса сиқилган газда эмас балки дизель ёнилғисида ҳаракатланишга вақтинчалик ўзгартириб қайта олиб киришади.

Табиийки, ҳужжжатлар ҳам шу йўсинда сохталаштирилади.

Қонунбузарлар жиноий қилмишини яшириш мақсадида автомашиналарнинг сохта ҳужжатларини «Тошкент-товар» ташқи иқтисодий фаолият божхона постига тақдим этади.

Расмийлаштирув жараёнида Давлат божхона қўмитасидаги махсус дастурлар ва Ситуацион марказдаги маълумотлар, шунингдек ушбу 2 та юк автомашиналарининг идентификацион белгилари орқали мазкур автомашиналар илгари юртимиздан реэкспорт қилингани маълум бўлди.

Ҳозирги кунда двигатели дизел ёнилғисида эмас, аслида сиқилган газда ҳаракатланувчи умумий қиймати 2 миллиард сўмлик автомашиналар вақтинча сақловга олинди ва божхона органлари томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 182-моддасининг 2-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилди.

Шунингдек, Давлат божхона қўмитасининг тегишли таркибий тузилмалари ва Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирлар давомида хорижда ишлаб чиқарилган машиналарни импорт қилишда сохта ҳужжатлар тайёрлаб бераётган шахслардан иборат жиноий гуруҳ қўлга олинган.

Ўтказилган тергов ҳаракатлари давомида ушбу қонунбузар шахсларнинг иш жойлари кўздан кечирилганида товарларнинг сохта йўл юк кузатув ҳужжатларини тайёрлашда фойдаланиладиган компьтер техникалари ҳамда қўшни давлат идораларига тегишли бўлган 10 дан ортиқ муҳр ва штамплар борлиги аниқланди.

Ҳозирда юқоридаги жиноий гуруҳнинг бошқа аъзоларини ҳамда ноқонуний хатти-ҳаракатларини аниқлаш ва чек қўйиш мақсадида тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда, — дейилади ДБҚ хабарида.

 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг