Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Аввал Фориш, энди Нукус… Ўзбек ва турк ҳарбийлари жангларда қандай ҳаракат қилмоқчи?

Аввал Фориш, энди Нукус… Ўзбек ва турк ҳарбийлари жангларда қандай ҳаракат қилмоқчи?

Фото: Шимоли-ғарбий ҳарбий округ матбуот хизмати

Туркия ҳарбийлари Шимоли-ғарбий ҳарбий округининг Нукус гарнизонида ўзбекистонлик ҳамкасблари учун тренинг машғулотлари ўтказди. Бу ҳақда ҳарбий округ матбуот хизмати хабар берди.

Октябрь ойи мобайнида давом этган тренингларда яқин жангларни олиб боришнинг ўзига хос хусусиятлари, тунги операциялар ва бошқа мавзулар бўйича назарий ва амалий машғулотлар ташкил этилди. Икки давлат ҳарбийлари, шунингдек, замонавий тўқнашувларда қандай ҳаракат қилиш борасида маълумот ва тажриба алмашди.

Тренинг якунига бағишланган йиғилишда Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўшинлари қўмондони, полковник Дилшод Чориев икки давлат ўртасидаги алоқалар янги босқичга кўтарилаётганини эътироф этди. Қўмондон ўзбек ва турк халқларини меҳр-оқибат, дўстлик ва биродарлик ришталар бирлаштириб туришини таъкидлади.

Фото: Шимоли-ғарбий ҳарбий округ матбуот хизмати

Туркия вакиллари ўзбекистонлик ҳарбий хизматчиларга тренинг машғулотларини якунлагани муносабати билан сертификат топширди. Хабар қилинишича, Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўшинлари қўмондонлиги қардош халқ вакилларини ўзбек ва қорақалпоқ удумлари бўйича кузатди.

Жорий йил апрель ойида ҳам Жиззах вилоятидаги «Фориш» полигонида Ўзбекистон ва Туркия, шунингдек, Покистон қўшинлари бўлинмалари иштирокида «Ҳамдўстлик қалқони–2019» махсус тактик-ўқув машғулотлари ташкил этилганди.

Умуман, сўнгги уч йилда Ўзбекистон ва Туркия ўртасида мудофаа жабҳасидаги ҳамкорлик жонланганини кузатиш мумкин.

2017 йил июль ойида Туркия миллий мудофаа вазири Нуреттин Жаникли юртимизга келди. Мазкур ташриф давомида Ўзбекистон ва Туркия мудофаа вазири томонидан ҳарбий таълим соҳасида ҳамкорлик хусусида ҳужжат имзоланди. Шунингдек, Ўзбекистон Қуролли кучлари ҳарбийларининг Туркия ҳарбий-таълим муассасаларига тайёргарлик курсларига юборишни ташкиллаштириш борасида келишувга эришилди.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг Туркияга 2017 йил октябрда амалга оширган давлат ташрифи якунида ҳам мудофаа соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантиришга доир ҳужжат қабул қилинган.

Икки мамлакат ҳарбий техника борасида ҳам ҳамкорлик қилмоқда. Аввал хабар берганимиздек, жорий йил августда Туркиянинг «Nurol Makina» компанияси Ўзбекистонга «Эйдер Ялчин» русумли 24 дона ҳарбий зирҳли машина етказиб берган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг