Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Беш партия, беш хил қараш: фан доктори улар ҳақида нима дейди?

Беш партия, беш хил қараш: фан доктори улар ҳақида нима дейди?

Президентлик сайлови жараёнида бўлиб ўтаётган турли тадбирлар, тарғибот-ташвиқот ишлари ҳамда номзодларнинг сайловчилар билан учрашувлари қаторида телевидение орқали намойиш этилган дебатларни ҳам кузатдим ва бу борада қуйидаги фикрларни билдиришни жоиздир.

Дебатларда дастлаб сўз олган, Экологик партияси номзоди вакилининг чиқишини партия илк маротаба президентлик сайловларида иштирок этаётганлигини маълум қилди.

Мамлакатимиздаги, минтақадаги экологик вазиятнинг кескинлашуви, нафақат мамлакатимиз балки глобал миқёсдаги салбий оқибатларга олиб келади, буни биргина Орол фожиаси, Орол денгизи муаммосидан ҳам кўриш мумкин. Бу айнан инсонларнинг ҳатти-ҳаракати, инсонлар хатоси билан рўй берган, шунинг учун биз келажак авлод олдида айбдор бўлиб қолмаслик мақсадида ҳозирдан тегишли чора-тадбирларни кўришимиз керак.

Бу борада, таъкидлаш жоиз минтақамизда бир йилда 2200000 тонна заҳарли газлар атмосферага тарқалади. Буни олдини олиш мумкинми? Албатта мумкин. Бунинг учун Навоий вилояти Кармана туманида 110 миллион АҚШ доллари миқдорида 300000 та қуёш панеллари ўрнатилди, агар шу каби лойиҳалар амалга оширилса, 80 млн. метр куб табиий газ иқтисод қилиниши, ва эътиборлиси 160 млн. тонна заҳарли газларнинг атмосферага тарқалишининг олди олинади.

Асосий масалалардан бири яшил молиялаштиришни жорий этиш ҳамда ҳудуд ва тармоқларнинг яшил иқтисодиётга ўтиш индекси тарғиб қилинмоқда.

Атмосферага тарқалаётган газлар ва чиқиндиларнинг катта қисми соғлигимизга катта хавф солмоқда. Шу учун Экопартия номзоди энергетика соҳасини ислоҳ қилиш лозимлигини бонг уриб айтмоқда. Энергетика соҳасини ислоҳ қилишда эса асосий драйвер сифатида илм-фан ва инновация технологияларидан кенг фойдаланишга урғу қаратилмоқда.

Асосий масалалардан бири, бугун мамлакатимиз бўйлаб 6500 та чанг ва турли газларни тозалаш ускуналари ўрнатилган бўлиб, афсуски шуларнинг 60 фоиз бугунги кунга келиб яроқсиз ҳолга келган. Бу соҳани ривожлантириш учун Экопартия номзоди қуйидагиларни илгари суради.

Соҳага яшил тарифларни киритиш лозим. Умумий энергетика балансида қайта тикланадиган ва муқобил энергия ресурсларини 40 фоизга чиқариш, шунингдек қурилиш соҳасида энергия тежамкор технологияларни, яшил технологияларни жорий қилиш керак.

Шунингдек, экоқишлоқ ва экоҳудуд  қуриш тизимига ўтиш керак.

Номзод дастурида экомаҳалла, экооила ва экофуқаро концепцияси илгари сурилмоқда.

Ижтимоий масалаларга ўтадиган бўлсак бу ерда умргузаронлик ва саводхонлик масаласига БМТ ҳам алоҳида эътибор қаратади.

Умргузаронликни узайтириш учун қуйидаги 5 та масалага эътибор қартиш лозим.

Тоза ҳаво, тоза ичимлик суви, тоза озиқ-овқат маҳсулотлари, соғлом турмуш тарзи ва санитария гигиена қоидалари.

Ушбу 5 та масала БМТ томонидан белгиланган Барқарор ривожланиш мақсадаларидаги 17 вазифаларга ҳам мос келади ва бугунги кунда инсонларнинг айниқса ёшларнинг соғлигини сақлаш муҳим масалалардан бири ҳисобланади.

Экопартиянинг сайловлардаги бош шиори «Биз келажак учун жавобгармиз» деган шиордан келиб чиқиб, атроф-муҳитни бус-бутун ҳолатда келажак авлодга етказиш учун барчамиз бурчлимиз.

Халқ демократик партияси президент сайловларида ўзининг аёл номзоди билан биринчи марта иштирок этмоқда. Номзод дастурида иқтисодий ислоҳотларнинг ижтимоий самарадорлигини кучайтириш, камбағалликни қисқартириш масалаларига алоҳида эътибор қаратмоқда. Тан олиш керакки охирги йилларда мазкур соҳаларда мамлакатмизда салмоқли ишлар амалга оширилди. Тўлиқ ишонч билан айтиш мумкинки, бу соҳада шаффоф тизим шаклланитирилди. Айниқса, «Аёллар дафтари», «Темир дафтар», «Ёшлар дафтари» каби механизмларнинг амалиётга киритилиши жойларда катта муаммоларни бартараф этилишига олиб келди ва буни биз жойларда электоратимиздан билиб турибмиз. Камбағалликни қисқартириш бўйича олиб борилган ишлар ва ислоҳотларнинг давом этиши тарафдоримиз.

Биз 2030 йилга бориб аҳолининг энг қуйи камбағал қатламларини камбағалликдан чиқариш, иқтисодиётда давлатнинг бошқарувчанлик ролини ошириш, молиявий механизмларни қўллаган ҳолда аҳолининг табақаланишини олдини олиш жараёнларини назоратга олиш деган позициядамиз.  

Биз тадбиркорлар билан ёлланма ишчилар ўртасида бўладиган муносабатларда айнан ёлланма ишчиларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштириш тарафдоримиз.

Давлат бир томонидан иқтисодий муносабатларни тартибга солувчи регулятор бўлса, иккинчи томондан ижтимоий ҳимояни кафолатлаши лозим.

Тан олиш лозим, охирги йилларда ўртача ойлик иш ҳақи 2,2 баробарга ошди. Бу албатта мазкур соҳада амалга оширилаётган ижобий ислоҳотларнинг ижобий натижасидир. Шундай ижобий тенденциялар давомли бўлиши учун кейинги 5 йилликда давлатнинг асосий вазифаси аҳолининг бандлигини таъминлаш ва аҳолининг даромадлари барқарор бўлишини таъминлаш, бунинг учун ҳудудларнинг хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда бир қатор йирик дастурларни ишлаб чиқиш ва уларни амалга оширишда давлатнинг бош-қош бўлиши лозимлиги илгари сурилмоқда.

Эътибор қаратадиган бўлсак ҳамма ҳам бозор иқтисодиётига мослаша олмайди, ҳамма ҳам тадбиркор бўла олмайди. Шундай экан, аҳолининг кам таъминланган қатламлари, ногиронлар, ҳимояга муҳтож қатламлар, ишсиз қолган аҳоли, нафақахўрлар каби ижтимоий қатламларни ҳимоя қилишда давлатнинг иштироки бўлиши лозим.

ХДП таълим соҳасида таълимнинг сифатли бўлиши учун, тиббиёт соҳасида бепул тиббиётни такомиллаштириш, ижтимоий соҳага йўналтирилган маблағларнинг самарали сарфланишида, шунингдек пенсиялар ва нафақаларни тақсимлашда давлатнинг иштироки бўлиши лозим, деб ҳисоблайди. Айрим партиялар айнан ХДПни шу позицияси учун танқидга олишади, лекин партиямиз ўз позициясида қолади. 

Биз хусусийлаштириш борасида барча корхоналарни тадбиркорларга бериб қўйиш мақсадга мувофиқ эмас деб ҳисоблаймиз. Ҳудудларда айнан аҳоли учун иш ўринларини яратидиган корхоналарни яратишда давлат бош ролни ўйнаш лозим. Агар корхоналар ҳамкорликда ташкил қилиндаям давлатнинг иштироки устун бўлиши лозим. 

ЎзЛиДеП партияси номзодининг вакили ўтган йиллар давомида мамлакатимизда амалга оширилган улкан ишларнинг амалий натижаларини халқимиз бевосита кўриб, кузатиб турибди ва таъкидлаш жоизки, Ш.Мирзиёев – Халқ президенти сифатида халқимиз томонидан қўллаб-қувватланмоқда.

Ўтган 5 йил ичида рўй берган янгиланишлардан энг муҳимларидан бири – бу очиқ диалог бошланганлиги бўлди. Шунингдек, эркин фикрни билдириш имконияти пайдо бўлди. Чунки, эркин фикрлайдиган инсон иқтисодиётни ровожлантиришга ўз фикри билан қараши билан ҳиссасини қўшади.

ЎзЛиДеП номзоди сайловолди дастури «Инсон қадри учун» шиори асосида шакллантирилганлиги мамлакатимизнинг барча фуқаролари қадр-қимматини ошириш, уларнинг манфаатларини рўёбга чиқаришга қаратилганлигининг белгисидир.

ЎзЛиДеП номзодининг дастуридан жой олган электр энергияси ишлаб чиқаришни кўпайтириш, таълим соҳаси – мактабгача таълим, ўрта таълим ва олий таълим сифатни ошириш, ҳозирги коронавирус пандемияси шароитида тиббиёт соҳасига эътиборни кучайтириш, шунингдек йиллик ялпи маҳсулот ишлаб ҳажмини аҳоли жон бошига 4000 минг долларга етказиш ва даромади ўртача бўлган давлатлар сафига кириш бўйича таклифларни долзарб таклифлар сифатида қайд этиб ўтиш жоиз.

«Миллий тикланиш»  демократик партияси иқтисодиёт ҳар бир инсоннинг ҳаётига таъсир қилувчи соҳа эканлигини таъкидлайб ўтди.

Партиямиз иқтисодиётда давлатнинг иштироки қисқартирилиши тарафдоридир.

Биринчидан, партия сайловолди дастурида 2026 йилгача солиқ ва капитал амнистиясини жорий қилиш таклиф этилмоқда. Бу борада солиқ идоралари ва тадбиркорлар ўртасида соғлом мулоқотни йўлга қўйиш лозим, деб ҳисоблаймиз. Бу давлат бюджетига тушумларни камайтириши мумкин, лекин узоқли муддатда иқтисодиётимизни қўллаб-қувватлашда фойдали бўлади, деб ҳисоблаймиз.

Иккинчидвн, бугун кўплаб фуқароларимиз хориж давлатларида яшаб меҳнат фаолиятини олиб бормоқда. Хориждаги фуқароларимиз қўлида катта молиявий-иқтисодий салоҳият бор, улар уйларда сақланяпти ёки беҳуда сарфланяпти. Уларни бир жойга йиғиш ёки бир молиявий фондга тўплаш ишлари амалга оширилмаяпти. Шу сабабли биз хориждаги фуқароларимизни ўз пулларини мамлакатимизга инвестиция қилишларига чақирамиз. Бундай кириб келган маблағларнинг манбаси суриштирилмайди. Бу ўз-ўзидан иқтисодиётимизга қўшимча молиявий ресурслар кириб келишини таъминлайди.

Учинчидан, коммунал соҳадаги хизматларни давлат тасарруфидан тўлиқ чиқариш лозим. Тўғри, бу коммунал соҳадаги нархларни бироз ошишига олиб келади. Лекин, бу соҳадаги ресурсларни тўғри тақсимлаш ва улардан тўғри фойдаланиш аҳолига хизмат кўрсатиш ва таъминотни яхшилашга хизмат қилади.

Тўртинчидан, барча имтиёз ва преференциялар қонун билан қабул қилиниши тарафдоримиз. Иқтисодиётимизнинг ёрқин брендларини, етакчи компанияларни дунё бозорида қўллаб-қувватлаш чораларини кўрамиз.

Шунингдек, инсонни тўғри тарбиялаш давлат ва жамият хотиржам ва барқарор ривожланишининг гаровидир. Шу сабабли таълим ва тарбия масалаларига номзоднинг дастурида алоҳида устувор масала деб қаралган. Жумладан, бола туғилгандан мактабни тугатгунга қадар даврни қамраб оладиган таълим тизимини қайта кўриб чиқиш лозим. Шу сабабли оила – боғча – мактаб битта тизимга бирлаштирилади. Ҳар бир болага алоҳида эътибор қаратилади.

«Адолат» социал-демократик партияси сайловларга Сизни ўйлантираётган муаммоларга аниқ ечимлар, аниқ механизмлар билан кириб келмоқда.

Жамият қачон эркин бўлади, қачонки адолатли қонунлар билан бошқарилса адолатли бўлади.

Партиямиз сайловолди дастурида иқтисодиётни ривожлантиришда ялпи даромадни ошириш ва тўғри тақсимлашга эътиборни қаратиш, иқтисодиётни ривожлантириш учун даромадлар декларацияларини киритиш, декларациялаш принцини катта-катта харажатларга ҳам қўллаш, ишчи ва иш берувчи ўртасидаги меҳнат муносабатларини кучайтирган ҳолда хуфёна иқтисодиётда ишлаётганларни очиққа ўтказиш масалаларига алоҳида эътибор берилган.

Ижтимоий соҳада инсонни туғилганидан бошлаб мактабгача таълим билан, мактаб билан, олий таълим билан, иш билан таъминлаш масалалари ва келажакда уни нафақага чиқиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган.

Келажакда илм-фанга бўладиган муносабатларни, ривожланишга бўладиган муносабатларни ўзгартириш мақсадида олий таълимга янги тизимни киритишни таклиф этилган. Рейтинг тизимини қўллаган ҳолда, давлат бюджетида ўқиган ва семестр якунида паст рейтинг олган талабаларни контракт шаклига ўтказиш ва контракт асосида таҳсил олаётган ва семестр якунида юқори рейтинг натижаларини кўрсатган талабаларни давлат грантига ўтказиш масалаларини кўтариб чиқмоқда.

Тиббиёт тизимига ахборот технологияларини тўла қўллаган ҳолда, инсонни туғилганидан бошлаб, унинг соғлигига доир маълумотларни электрон шаклда базага киргизиб бориш ва бу орқали қоғозбозликни йўқотган ҳолда у инсон қайси дори воситаси тавсия қилинганидан бошлаб барча маълумотлар жой олиши белгиланган. Бу орқали республикамизнинг барча фуқароларининг соғлиғи бўйича тўлиқ маълумот олиш имконияти яратилади.

Ёшларни ихтирочиликка, билимга йўналтириб, уларни ихтироларини саноатга киритиш ва даромад манбаига айлантириш масалалари алоҳида кўрсатилган. Олимларнинг ихтироларини жамият фойдасига йўналтириш мақсад қилинган.

Президент сайловларида бўлиб ўтган илк дебатлар юзасидан хулоса қилиб айтиш мумкинки, ушбу дебатлар президентлик сайловлари учун илк марта бўлиб ўтганлиги ва чин маънодаги янгилик эканлигини таъкидлаш жоиз. Баъзи жузъий камчиликларни инобатга олмаса, дебатларни қизиқарли бўлиб ўтганлигини таъкидлаш жоиз.

Рустам Рашидов,
Сиёсий фанлар бўйича фалсафа доктори.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг